Китоб дипломатияси элларни, дилларни бирлаштиради

Китоб дипломатияси элларни, дилларни бирлаштиради

  Холиёрнинг бир гапи бор: “Кейинги йилларда Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган китоблар бутун адади билан биттама-битта, орасида жой қолдирмасдан териб чиқилса, Тошкентдан Кундажувозга етади!”. Кундажувоз Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид туғилиб ўсган қишлоқ. Бу гапни шу сафар мен унга эслатдим.
 — Ҳа, рост-да, — деди у кулимсираб. —
  Сизлар бу жараённинг ичида юриб балки сезмассизлар. Лекин мен, ташқарида юрган, сал-пал китобга эътиборли одам сифатида кўриб, билиб турибман. Мана, лойиҳалар номининг ўзи айтиб турибди ҳаммасини. У шундай дея санаб кетди: “Танланган асарлар”, “Адиб ва жамият”, “Шоир ва замон”, “Сўз чамани”, “Биринчи китобим”, “Сўзмунчоқ”. Кейин яна 100 жилддан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари”. Бу лойиҳалардан ташқари яна айрим атоқли ижодкорларимизнинг кўп жилдлик сайланмалари бор. Хўп, тасаввур қилиб кўринг, Кундажувоздан ҳам ўтиб кетса керак, ё нотўғрими гапим?..
Дўстимнинг эътирофида жон бор. Дарҳақиқат, кейинги етти-саккиз йил ичида Ёзувчилар уюшмаси кенгашлари муҳокамасидан ўтиб, нашрга тавсия қилинган ва уюшма ҳомийлигида чоп этилган асарлар адади озмунча миқдорни ташкил этмаса керак. Ва айтишим лозимки, шу қутлуғ ишларда устозлар қатори озгина меҳнати сингган бир одам сифатида ўзинг хизмат қилаётган ташкилот ҳақида илиқ гап-сўзларни эшитиш ёқимли, албатта. Давлатимиз томонидан Ёзувчилар уюшмасига берилган имкониятлардан, “Маънавият ва ижод” фонди ҳисобидан ажратилаётган маблағлардан режали тарзда фойдаланиш натижаси бу. Ўн-ўн беш йил аввал уюшмада бундай имконлар қайда эди? Адиблар бола-чақанинг ризқ-насибасидан тежаб жамғарган маблағи, емай-ичмай йиққан уч-тўрт сўми эвазига китоблар нашр эттиргани кўп ҳам олис замонлардаги гап эмас. Яқинда ҳамқишлоқ укам, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Музаффархон Жониев мени йўқлаб ишхонамга келди. У ҳам Холиёр дўстим каби китоб “жинниси”, хонамга кириб биринчи қилган иши — столим устига бир даста китоб қўйди. Китоб бўлганда ҳам қанақа китоблар денг! Уч жилддан иборат “Сунани Термизий шарҳи”, Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсир”, Ҳаким ат-Термизийнинг “Таҳсилу назоир ал-Қуръон”, “Ас-солату ва мақосидуҳа” каби китоблар. Бундан ташқари, “Буюк Термизийлар” рукнида нашр қилинган йигирмата чўнтакбоб китобчалар.
  Унинг айтишича, яна ўн номда Термизий алломалар ҳақида ихчам рисолалар нашр қилинаётган экан. Бу китоблар Сурхондарё вилоятидаги умумтаълим мактабларига тарқатилибди. Мана, икки дўстим билан бўлган учрашув-суҳбат ҳақида қисқача сўзладим. Ҳар иккиси ҳам мамлакатимизда китобга, китоблар нашрига, уларнинг муаллифларига катта имкониятлар муҳайё қилинганини таъкидлаб турибди. Тан олиш керак, юртдошларимизнинг китоб мутолаасига эътибори кучайди. Одамларимиз орасида ўзига хос китобхонлик маданияти шаклланди. Бундан қувонмай бўладими ахир!

  Инсониятнинг энг буюк кашфиётларидан бири — китоб. Аммо айни кашфиёт ўз-ўзидан бўлмаган. Инсон боласининг эҳтиёжи ўлароқ неча минг йиллар давомида
босқичма-босқич юзага келган. Одам дастлаб ўз туйғуларини, фикрларини расмлар, турли шакллар тарзида ифодалашга интилди. Кейинчалик ҳақиқий маънодаги ёзув пайдо бўлди. Улар тошларга ўйиб ёзилди, оғочларга, сопол буюмларга нақш этилди. Милоддан аввалги 4-3-минг йилликларга келиб ёзув материали сифатида папирус ўсимлиги, милоддан аввалги II асрга келиб ҳайвон терисидан фойдаланиш бошланди. Милодий VI асрдан эътиборан анъанавий  кўринишдаги китоблар пайдо бўлди. Бу китоблар ҳуснихат эгалари — ҳаттотлар томонидан амалга оширилди. VII асрда халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўрсатмаси билан амалга оширилган Қуръони карим — “Усмон Мусҳафи” кийик терисига кўчирилган бўлиб, бугунги кунда ушбу муқаддас китоб Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида сақланади.

  Қоғоз ўйлаб топилгач, Самарқанд, Хитой қоғозларининг шуҳрати етти иқлимда машҳур бўлган. 650-йиллардаёқ Самарқандда қоғозли китоблар бўлгани ҳақида ёзилган тарихий манбаларда. Қадимги турк — Ўрхун-Энасой ёзуви ҳар бир кўнгилда фахр ҳиссини уйғотади. Яқин Шарқда аббосий ҳукмдорлардан бири Ҳорун ар-Рашид даврида — 754 йил Бағдодда қоғоз ишлаб чиқарувчи марказ қурилганди. Кейинчалик шу каби марказлар Мисрда, Шомда барпо этилди. Илк қоғоз ишлаб чиқарувчи машина Францияда ихтиро қилинган. 1400-йилларнинг ярмига келиб олмон ихтирочиси Иоҳанн Гутенберг босма ускунасини яратдию китоблар ададини кўпайтириш имконияти кенгайди. Мактабда ўқиб юрган кезларимизда устозлар энг аълочи ўқувчиларга китоблар совға қиларди. Бундай ҳадялар асосан Янги йил, Наврўз сингари байрамларда бутун мактаб ўқувчилари йиғилган тадбирда бериларди. Китоб олган ўқувчидан бахтиёр одам бўлмасди ўшанда. Ҳамма унга ҳавас қиларди. Мен ҳам яхши ўқиганман, бундай ҳадялардан четда қолмаганман. Мен-ку у дамларни болалигимга дахлдор бўлгани учун соғинч билан эслаяпман.
  Бироқ бугунги кунда китоб ва китобхонликка давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор берилиб, улкан амалий чора-тадбирлар кўрилаётир. Жумладан, китобхонлик танловлари, марафонлар, акциялар, фестиваллар ташкил этилмоқда. “Энг яхши китобхон”, “Ёш китобхон”, “Китобхон оила” каби қатор кўрик-танловлар гапимга мисол. Танлов ғолиблари Президент совғаси — автомобиль соҳибига айланмоқда. Танловларда миллионлаб ёшларнинг иштирок этиши, бу дегани, шунча ўғил-қизларимиз китобхонлик бўйича беллашади, бу беллашув олдидан ўнлаб китобларни мутолаа қилишини англатади. Яъни ёш авлод кўнглида мутолаага бўлган интилиш, қизиқиш мустаҳкамланади. Шоиру адибларимиз, ноширларимиз тезтез дунёнинг энг нуфузли халқаро китоб анжуманларида иштирок этиб келмоқда. Айни чоғда ўзимизда ҳам бу каби халқаро маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилаётир. Маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этилмоқда. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида банклар ташаббуси билан 115 та маҳалла кутубхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Юртимизда шахсий кутубхонасида 10 мингдан ортиқ китоблари мавжуд оилалар бор. Бунга мисол сифатида таниқли ижодкорлар Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир, Маҳкам Маҳмуд, Сувон Мелиларнинг шахсий кутубхоналарини келтириб ўтиш мумкин. Шундай шахсий кутубхоналарда ноёб қўлёзма асарларининг ҳам борлиги халқимизнинг қанчалар китобни қадрлаб яшашини англатади. Бундан бир неча йил муқаддам хизмат сафари билан Жанубий Кореяда бўлдим. Шунда Сеул марказидаги китоб дўконларидан бирига кириб ҳайратга тушганман. Китоб дўкони ниҳоятда катта эди. Худди дунёнинг ҳамма китоблари шу ерга олиб келингандек тасаввур берарди кишига. Дўкон ходимларидан сўраб билсам, сотувда 300 минг номдаги китоб бор экан. Яшириб нима қилдим, роса ҳавасим келган. Жанубий Кореянинг бу қадар тараққий этиш сирини ўзимча кашф қилганман. Шукр, бизда ҳам китоб савдо шохобчалари борган сари кўпаймоқда. Тадбиркор ва ишбилармонларимиз жойларда кутубхоналар қуриб, ишга туширмоқда. Бу эса юқорида айтиб ўтганимдек, китоб ва китобхонликка давлат сиёсати даражасида эътибор кўрсатилаётгани самарасидир. Президентимиз хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашаркан, уларга кўпинча китоблар совға қилади. Масалан, Туркия Президентига туркий халқлар маданий мероси ҳисобланган “Дада Қўрқут китоби”, Тожикистон Президентига Абдураҳмон Жомийнинг “Муҳаббат махзани”, Беларусь Президентига Якуб Коласнинг “Қадрдон қўшиқлар”, Франция Президентига Виктор Гюгонинг “Кулаётган одам”, Венгрия бош вазирига Янош Ароннинг “Ажойиб оҳунинг ҳикояти”, Туркманистон етакчисига Махтумқулининг “Танланган асарлар”и... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг бу каби китоблар совға қилишида чуқур маъно мужассам. Бу Ўзбекистон халқи сизнинг илмий, адабий, маънавий меросингиздан бохабар, уларни ўқийди, қадрлайди дегани. Айни шу нарсанинг ўзи дипломатик муносабатларнинг энг олий чўққисидир. Дунёнинг бошқа мамлакатлари раҳбарлари ҳам бизнинг Президентдан ибрат олаётгани бор гап. Табиийки, бу каби гўзал муносабат ҳар қандай одамни ҳайратлантиради. Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиққан Болгария Президенти Румен Радев ўз ҳаяжонларини, жумладан, мана бундай тарзда ифода этган эди: “Бугун тонгда жаноб Президент Шавкат Мирзиёев мени яна бир бор ҳайратлантирди. Президентлик фаолиятимнинг тўққиз йили давомида жуда кўп мамлакатларда бўлдим. Кўплаб давлат раҳбарлари ва ҳукумат бошлиқлари билан учрашдим. Бироқ менга илк бор китоб совға қилишди. Бу китоб мукаммал таҳлил натижасидир. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги жамоанинг Болгария салоҳиятини қанчалик чуқур таҳлил этганини кўриб, жуда катта таассурот олдим. Унда компаниялар, тармоқлар, саноат йўналишлари ҳамда илғор технологиялар аниқ ва мукаммал баён этилган. Бу ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган таҳлилий асар. Шуни таъкидлашни истардимки, муҳтарам Президент, биз бизнесларимизни боғлаш, илмий ва амалий институтларимизни уйғунлаштириш ва барча йўналишларда олға силжиш учун бор кучимиз ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз”. Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Япониянинг Нагоя университети илмий кенгаши томонидан фахрий доктор унвони билан тақдирланди. Маросимда Президентимиз сўзга чиқиб, университет илмий жамоасига миннатдорлик билдирди ва университет кутубхонасига ўзбек тилида чоп этилган Япония Конституцияси, “Япон шеърияти гулдастаси”, “Марказий Осиё маданий мероси Япония тўпламларида”, “Ўзбекистон япониялик қалбида” каби бир қанча китоб ва альбомлар тақдим этди. Булардан ташқари, мамлакатимиз раҳбари 2020 йилнинг февралида Анқарадаги Халқ кутубхонаси очилишида қатнашиб, Туркия Президенти ҳузуридаги бу кутубхонага “Усмон Мусҳафи”нинг ўзбек хаттотлари томонидан кўчирилган нусхасини, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи-маънавий” ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхаларини, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбомни, шунингдек, турк мумтоз шоири Юнус Эмронинг ўзбек тилига ўгирилган “Ўлмас кўнгул” шеърлар тўпламини совға қилган эди. Дипломатиянинг бундай ёрқин шаклларини кўриб, билиб хаёлдан шайх Нажмиддин Кубро ҳазратларининг қуйидаги ибратли сўзлари ўтди, “Китоб саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”. Китоб дипломатияси. Бу ибора олдин ҳам бўлган. Бироқ давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев номи билан боғланганда бошқача жаранглайди. Юрт эгасининг улуғ аждодларимизнинг китоб совға қилишдек одатларини халқаро миқёсда урфга айлантирган давлат раҳбари сифатида ҳам олиб бораётган фаолияти таҳсинга лойиқдир. “Китоб элларни, дилларни бирлаштиради” дегани шу-да...

 

Ғайрат МАЖИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
раисининг ўринбосари