Пайғамбар алайҳиссаломнинг пайғамбарликкача бўлган ҳаётлари. Туғилиш, исм ва насаблари

Пайғамбар алайҳиссаломнинг пайғамбарликкача бўлган ҳаётлари. Туғилиш, исм ва насаблари

Отаси Абдуллоҳга жуфт излар экан, ўз хотинларидан бири Ҳола (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизини танлайди. Ушбу қизнинг исми Омина бинти Ваҳб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб бўлиб, унинг отаси Ваҳб Бани Зуҳранинг улуғи эди. Маълумотларга кўра, у амакиси Вуҳайбнинг уйида униб-ўсган. Ушбу қиз ҳақидаги хабарлардан маълум бўлишича, у худди Биби Марямнинг сифатларига эга бўлган.

Тўйдан сўнг Абдуллоҳ Абдулмутталиб тавсияси билан қавм хизмати юзасидан хурмо олиб келиш учун отасининг тоға юрти бўлган Ясриб (Мадина)га боради ва ўша ерда вафот этади.[1] Шу тарзда Пайғамбар алайҳиссаломнинг оталари у зот туғилмасларидан олдин вафот этган.

Туғилишлари.Пайғамбар алайҳиссалом жоҳилият ёмонликлари етмаган пок насаблар орқали, фақат никоҳ йўли билан келган насл орқали туғилганлар. У зот амакилари Абу Толибнинг уйларида, тонгда туғилганлар. У Бану Ҳошимнинг катта маҳалласида бўлиб, Сафо тоғи яқинидадир.[2] туғилишларига

У зотга доялик қилган аёл Шифо бинти Авф бўлиб, жаннат башорати берилган саҳоба Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)нинг онасидир. Кейинчалик, Шифонинг ўзи ҳам Исломни қабул қилди ва ундаги муҳим воқеа-ҳодисаларда фаол иштирок этди. У Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётлик даврида вафот этган.

Бир қанча саҳобалардан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Мен отам Иброҳим дуоси ва Исо башоратиман. Онам менга юкли бўлганларида худдики ундан нур чиқиб, ундан Шом еридаги Бусро қасрларини ёритаётганини кўрган”(Ибн Исҳоқ, Имом Ҳоким, Қози Иёз ривояти).

Бобоси Абдулмутталиб у зотга “Муҳаммад” деб исм қўйди. Чунки, айтилишча, онасига тушида бу исмни қўйиш буюрилган, шунингдек, бобоси ҳам башоратли туш кўргани, буларнинг натижасида болага шу исм қўйилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

“Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб, тилшунос уламолар: “Айни шу – “Муҳаммад” сийғасидан “мақтови тинмай янгиланиб турувчи” деган маъно чиқади”, дейдилар” (“Ислом тарихи”).

Яъни, “Муҳаммад” исми “ҳамд” сўзининг “тафъийл” бобидаги (“таҳмийд”) исми мафъул (“муҳаммад”) бўлиб, “мақталган”, “мақтовли” каби маъноларга келишади.

У зотнинг яна бир исмлари “Аҳмад” бўлиб, “ҳамд” сўзининг исми тафзил “орттирма сифат” шаклидаги кўринишидир. Унинг маъноси эса “ҳамдни энг кўп айтувчи”дир.

Айрим ривоятларга кўра, оналари у зотни “Аҳмад” деб номлаган. Кейинчалик боболари “Муҳаммад” деб исм қўйган ва боболари қўйган ном машҳур бўлган.

Пайғамбаримизсолаллоҳу алайҳи васалламни оналаридан ташқари дастлаб эмизган аёл сифатида Абу Лаҳабнинг мавлоти Сувайба қайд этилади. Оналар у зотни етти кун эмизгач, сутлари етмагани сабабли, уни Сувайба, кейинчалик эса Абдулмутталибнинг хизматкори Марваха номли аёл эмизган. Сувайба у зотни Масруҳ номли ўғлининг сутига оз муддат эмизган. Айрим ўринларда, у зотни биринчи эмизган аёл Сувайба эканлиги айтилади. Пайғамбар алайҳиссаломни эмизган вақтларида у чўри ёки озод қилингани тўғрисида ихтилоф бор. Айрим маълумотларга кўра, у Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилгани ҳақида Абу Лаҳабга хабар берганида, у бу аёлни озод қилган. Аббос ибн Абдулмутталибнинг Исломни қабул қилмай вафот этган Абу Лаҳабни тушида кўришича, унинг у дунёдаги азоби ҳар душанба енгиллаган. Чунки ўша кунда у Пайғамбар алайҳиссалом туғилганидан хурсанд бўлган ва чўрисини озод қилган. Пайғамбар алайҳиссалом Сувайбани доимо эҳтиром қилганлар ва у Хайбар воқеасидан сўнг вафот этган. Исломга кирган ёки кирмаганлиги масаласида ихтилоф қилинган. Унинг ўғли Масруҳ эса ундан олдин вафот этган.

У зотни йўргаклаган эса оталаридан қолган “Барака” дейиладиган ҳабаший аёл Умму Аймандир. У зотга оталаридан ушбу чўри аёл ва бир неча туялар қолган эди, холос. Кейинчалик Пайғамбар алайҳиссалом ушбу чўрини озод қилганлар, у ҳам Исломни қабул қилди ва Усмон (р.а.) даврида вафот этди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг хатна қилинишига оид турли ривоятлар бор. Олимлар у зотни боболари туғилганларининг еттинчи кунида хатна қилгани ҳақидаги ривоятни ишончлироқ эканини қайд этишган. Еттинчи кунида боболари у зотга қўй сўйиб, ақиқа қилгани ва исмини ҳам ўшанда қўйгани айтилган.

 

[1]Абдуллоҳнинг Шом сафаридан қайта туриб, Мадинага кирганида вафот этгани ҳақидаги қараш ҳам бор.

[2]Ёқутга кўра, Абу Юсуф маҳалласи дейиладиган бу жойда Бани Ҳошимнинг турар жойлари жойлашганди. У Абу Толибники бўлган ва қачонки унинг кўзи хиралашгач, уни ўғиллари орасида тақсимлайди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом ҳам оталарининг улушини оладилар. Кейинчалик Қурайш Бани Ҳошим ва Пайғамбар алайҳиссаломга қарши ўзаро бириктириб, уларни моддий жиҳатдан қамал қилганида ва бу масаладаги аҳдномани Каъбага илиб қўйганида ҳам у зот ўша ерда бошпана қилиб турганлар. У Абу Толиб маҳалласи ҳам дейилган. Бошқа манбаларда унинг ”Ибн Юсуф уйи” номи билан танилган жой бўлгани ҳам айтилади. Бу эса кейинчалик уммавийлар даврида Ироқ ноиби бўлган Ҳажжож ибн Юсуфнинг иниси Муҳаммад ибн Юсуфга тегишли жой бўлгани учун шундай аталиши қайд этилади. Уни Пайғамбар алайҳиссалом ҳижрат вақтларида амакиларининг ўғиллари Уқайл ибн Абу Толибга ҳадя қилганлари, сўнг унинг ўғлидан Муҳаммад ибн Юсуфга зтгани, кейинчалик Ҳорун ар-Рашид онаси Хайзурон ёки хотини Зубайдалар уни масжид қилдиргани ва бошқа тафсилотлари ҳақида маълумотлар бор.

 (давоми кейинги сонда)

 

 

Жўрабек Чўтматов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор