"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Ислом ақидасига кўра пайғамбарлардан кейин башарият орасида энг афзал инсонлар саҳобалар ҳисобланади. Уларнинг ҳам исломга олдин кирганлик, савобли ишларни ва яхшиликларни кўп қилганлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларидаги қадр-қийматига қараб ўз даражалари бор. Саҳобалар Ислом пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафдош бўлганлари боис уларнинг ҳаётлари ва фаолиятларини ўрганиш ислом тарихининг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Шунинг учун барча ислом уламолари саҳобалар тарихига қизиқиб келганлар.
“Саҳоба” ёки “саҳобий” сўзи “суҳбатдош”, “сафдош”, “тарафдор”, “ҳамроҳ” каби маъноларни билдиради. Исломий истилоҳга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, имон келтирган ва мусулмон ҳолида вафот қилган кишига саҳоба дейилади. Шунга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни айтилган гапни тушуниб, жавоб бера оладиган болалик пайтида кўриб қолганлар ҳам саҳоба ҳисобланади. Айрим олимлар бирорта ҳадис ривоят қилганларни саҳобалар таркибига қўшсалар, бошқа бировлари саҳоба бўлиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қолишнинг ўзи кифоя деганлар. Таниқли тобеъин олими Саъид ибн ал-Мусайяб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир-икки йил бирга бўлган кишинигина саҳоба дейиш керак, деб ҳисоблаганлар. Имом ал-Воқидий таърифига кўра балоғатга етган, мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ақалли бир кун бирга бўлган киши саҳобадир. Ундай бўлса, ҳали балоғатга етмасдан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилиб кетган Абдуллоҳ ибн Аббос каби зотлар саҳобалар таркибига кирмай қоладилар. Демак, энг яхши таъриф муҳаддисларнинг ўзлари томонидан айтилгани, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир марта узоқдан бўлса-да мусулмон ҳолида кўриб, мусулмон бўлиб вафот этган кимса саҳобадир. Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қанча муддат бирга бўлгани, ҳадис ривоят қилган-қилмагани, у зот билан бирга жангларда қатнашган-қатнашмагани, суҳбатларида бирга бўлган-бўлмаганига қаралмайди.
Саҳобаларнинг умумий сони қанчалиги тўғрисида аниқ маълумотлар учрамайди. Уларнинг сонини ўттиз мингдан тўқсон минггача, ҳатто бир юз йигирма минг деганлар ҳам бўлган. Уларнинг барчаси ҳақида маълумотлар олишнинг мутлақо иложи йўқ. Чунки, айрим саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир марта кўриб, ўз юртларига қайтиб кетганлар. На бирон ҳадис ривоят қилган ва на ислом тарихида из қолдирган. Саҳобалар ҳаётига бағишланган махсус асарларда ҳам улардан кўпи билан ўн минг нафаригача маълумотлар берилади, холос.
Асрлар давомида ислом олимлари саҳобалар тўғрисида маълумот берувчи асарлар битиб келганлар. Улардан энг машҳурлари Муҳаммад ибн Саъд ал-Ҳошимий (ваф.230/844) “Табақот ал-кубро”, Ибн Ҳиббон ал-Бустий (ваф. 354/965) “Маърифат ас-саҳоба”, Абу Нуайм ал-Исфаҳоний (ваф.430/1038) “Маърифат ас-саҳоба”, Ибн Абдулбарр (ваф.463/1070) “ал-Истиъоб фий маърифат ал-асҳоб”, Ибн Асир ал-Жазарий (ваф. 606/1210) “Асад ул-ғоба фий маърифат ас-саҳоба”, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (ваф. 852/1448) “ал-Исоба фий тамйиз ас-саҳоба” кабилардир.
Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209-279 ҳ./824-892 м.) таниқли муҳаддис, машҳур ҳадисшунос олимдир. У зотнинг ўндан ортиқ асарлари маълум бўлса-да, бизгача етиб келган асарлари бор йўғи бештагина, холос. Улар шоҳ асари “Сунан ат-Термизий” номи билан шуҳрат қозонган “Жомеъ ас-сунан”, шу асар асосида алоҳида қилинган “Рубоъийёт ат-Термизий”, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ва суратларига бағишланган “аш-Шамоил ан-набавия”, ҳадисшуносликка оид “ал-Илал” ҳамда саҳобалар ҳақидаги “Тасмияту асҳоби Расулиллоҳ” номли асарларидир.
Имом ат-Термизий ҳам саҳобалар ҳақида маълумот берувчи махсус рисола битганлар. Имом ат-Термизийнинг “Тасмияту асҳоби Расулиллоҳ” деб аталган мазкур асаридан тарихчи олим, таниқли ҳадисшунос Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзининг “ал-Исоба фий тамйиз ас-саҳоба” ва “Таҳзиб ат-таҳзиб” асарларини ёзишда унумли фойдаланган. Демак, Имом ат-Термизийнинг мазкур рисоласи ўрта асрлар тадқиқотчилар орасида машҳур бўлган ва истифода қилиб турилган.
“Тасмияту асҳоби Расулиллоҳ” асарида 730 нафар саҳобанинг рўйхати келтирилган. Муаллиф асарни кенгайтириб, қайта-қайта ишлаб, саҳобалар номларини қўшиб бориш йўлидан борган кўринади. Имом ат-Термизий мазкур асарларида битта ҳам ҳадис ривоят қилмаган саҳобаларнинг ҳам номларини келтирганлар. Бироқ, асарда айрим саҳобалар тўғрисида анча батафсилроқ маълумот учраса, айримларининг фақат номлари келтириб ўтилган, холос. Машҳур саҳобалар қаторидаги шахслар номлари кирмай қолган. Жумладан, Ойша онамиз, Саъд ибн Убода, Жаъфар ибн Абу Толиб, Саъид ибн ал-Осс, Қусам ибн Аббос, Икрима ибн Абу Жаҳл, Солим мавло Абу Ҳузайфа каби юзлаб машҳур саҳобаларнинг номлари кирмай қолган. Умуман, аёл саҳобаларнинг номлари киритилмаган, десак ҳам тўғрироқ бўлади. Саъид ибн Зайд ал-Қураший ва Салама ибн Сохр ал-Ансорий каби саҳобаларнинг номлари эса такрор учрайди.
Термизийнинг “Тасмияту асҳоби Расулиллоҳ” рисоласи унинг “Сунан ат-Термизий” номли шоҳ асаридан олдин битилган кўринади. Чунки, саҳобалар ҳақидаги айрим аниқлаштирувчи маълумотларни унинг “Сунан ат-Термизий” асарида учратамиз. Жумладан, рисолада Абдураҳмон ибн Оиш ал-Ҳазрамий деган саҳобанинг номини қайд қилганлар, холос. Бироқ, “Сунан ат-Термизий”да унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис эшитмагани ёзилган. Ҳолбуки, Имом Термизий рисолада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган, лекин ҳадис эшитмаган саҳобалар тўғрисида алоҳида маълумотлар қистириб кетганлар. Демак, мазкур саҳобанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган бўлса-да, ҳадис эшитмагани тўғрисидаги маълумот Имом Термизийга кейинроқ маълум бўлган, кўринади.
Саҳобаларнинг номлари, ота-боболарининг номлари ёки нисбаларини белгилашда Имом ат-Термизий кўпинча ўзларининг устозлари Имом ал-Бухорийга эргашганлиги яққол сезилади. Жумладан, унинг фикри айрим маълумотлар борасида бошқа тадқиқотчи ва тарихчилардан кўра Имом ал-Бухорий фикри билан бир хил. Зотан, “Илал” асарида ҳам Имом ат-Термизийнинг ўзлари буни эътироф қилиб, “Ҳадисларнинг иллатларини, кишилар ҳақидаги ва тарихий асарлардан олинган маълумотларнинг кўпчилигини мен Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдан олганман. Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам мен иллатларнинг маъносини, тарихларни ва иснодларни танишда Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра билимдонроқ бирор кишини кўрган эмасман!”, деган эдилар.
Айрим саҳобаларнинг номлари, ота-боболарининг номлари ҳам бир хил бўлиши мумкин. Бу ҳолатда агар биттасининг номи келтирилган бўлса, биз улардан машҳурроғини ва Имом Термизий ўз “Сунан”ларида ундан ҳадис ривоят қилганини танладик. Жумладан, Амр ибн Хорижа ал-Асадий деган саҳобанинг номини келтириш мумкин.
“Тасмияту асҳоби Расулиллоҳ” асари Имомиддин Аҳмад Ҳайдар томонидан 1986 йили Байрутда нашр қилинган. Бироқ, асарнинг қўлёзма матнини нашр қилган тадқиқотчи айрим сўзларни хато ўқиган. Жумладан, машҳур саҳобалар Анас ибн Молик ҳамда Зайд ибн Собитнинг нисбаларини “ал-Бухорий” деб ўқиган. Шунингдек, Убода ибн Сомит нисбасида ҳам “Бухорий” деб келтирган. Ҳолбуки, улар “ан-Нажжорий” деб ўқилиши керак эди. Диҳя ал-Калбийнинг нисбасини эса “ал-Ҳалабий” деб келтирган. Ҳолбуки, у мадиналик саҳоба бўлган ва нисбаси “ал-Калбий”дир. Муоз ибн Жабалнинг кунияси “Абу Абдурраҳмон” бўлиб, мазкур нашрда “Абу” сўзи тушиб қолган. Натижада у тушунарсиз номга айланган. Банна ал-Жуҳаний деган саҳобанинг номини Бунайя ёки Банийя деб келтирилган. Ҳолбуки, бу номдаги саҳоба бўлмаган. Ҳумайл ибн Басра ал-Ғифорийнинг отасининг номини Нисра деб ёзилган. Бу хилдаги номнинг ўзи арабларда учрамайди. Нашрга тайёрловчи Туфайл билан Туфҳа деган икки нафар бошқа-бошқа саҳобани бир қаторда ёзиб янглишган. Шунингдек, Қайс ибн Амр ва Қурра ибн Иёс деган икки нафар саҳобани бир рўйхат остида келтирган.
Асар ўзбек тилида зарур изоҳ ва кўрсаткичлар билан бирга нашр қилинган.
Ҳамидулла Аминов
Тарих фанлари номзоди
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази