АБУ ИСО АТ-ТЕРМИЗИЙ ВА УНИНГ “АР-РУБОЪИЙЁТ ФИ-Л-ҲАДИС” АСАРИ

АБУ ИСО АТ-ТЕРМИЗИЙ ВА УНИНГ “АР-РУБОЪИЙЁТ ФИ-Л-ҲАДИС” АСАРИ

Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209-279 ҳ./824-892 м.) қадим Термиздан етишиб-чиққан бутун дунёга машҳур муҳаддислардан биридир. У зот “Сунан ат-Термизий” номи билан танилган “Жомеъ ас-Сунан” асаридан ташқари “аш-Шамоил ан-набавия” номли рисоласи билан ҳам танилганлар. Абу Исо ат-Термизийнинг шоҳ асари “Сунан ат-Термизий” бўлиб, унда 3956 (уч минг тўққиз юз эллик олти) та ҳадис мавжуд. “аш-Шамоил ан-набавия”да эса 408 та ҳадис келтирилган. Бундан ташқари, муҳаддис олимнинг бизгача “ал-Илал ал-кабир” ва “ал-Илал ас-сағир” номли асарлари етиб келган. Айрим тадқиқотчилар “Китоб ал-илал ал-кабир”ни мустақил асар десалар, “Китоб ал-илал ас-сағир”ни муаллифнинг “ал-Жомеъ”сининг иловаси – хотима қисми дейдилар.

Абу Исо ат-Термизийнинг ўндан ортиқ асар ёзгани қайд қилинган бўлса-да, ҳозиргача унинг бошқа асарлари қўлёзмалари ҳам тадқиқотчилар томонидан излаб топилиб, нашр қилиниши долзарблигича турибди. Шу сабабли, 2016 йилнинг 11 октябрь куни Термиз шаҳрида “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг маънавий-маърифий соҳада берган тавсиялари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 октябрдаги 08/1-76-сон билан тасдиқланган 128-баённомада белгиланган Абу Исо ат-Термизий илмий меросини ўрганиш, асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва ҳалқимизга етказиш вазифаси юклатилган эди. Мазкур вазифани амалга ошириш мақсад қилинган лойиҳада “Тасмияту асҳоби Расулиллоҳ” (бошқа номи “Асмо ас-саҳоба”) номли асарни Абу Исо ат-Термизийга нисбат қилиниши аниқланди. Уни ўрта аср манбаларида ҳам эслатиб ўтилган. Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Истанбулнинг “Сулаймония” кутубхонасида сақланади. Ўтган 2017 йили мазкур манба “Расулуллоҳ сафдошлари” номи билан ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси амалга оширилган эди.

Яна Истанбулнинг “Сулаймония” кутубхонасида Жоруллоҳ бўлимида 282 тартиб рақами билан Абу Исо ат-Термизийнинг “ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” номли рисоласи сақланиши аниқланиб, унинг қўлёзмаси асосида лойиҳа доирасида илмий-изоҳли таржимаси 2018 йили нашрга тайёрланди. Ҳадис ривоятида муҳаддисдан бошлаб то пайғамбаримиз алайҳиссаломгача бўлган ровийлар силсиласи тўрт нафар бўлса, уни ҳадис илмида “рубоъийёт” деб аталади.

Ҳадис илмининг олтин давридан бошлаб ҳадисларни ривоят қилувчилар силсиласига қараб ҳам алоҳида жамлаш одати вужудга келди. Ҳадис ривоятида муҳаддисдан бошлаб то пайғамбаримиз алайҳиссаломгача бўлган ровийлар силсиласига қараб, уч санадли ҳадислар тартиб бериш оммалашди. Шу хилда то ўн нафар ровийлик ҳадисларгача жамланди. Улар ҳақида бу ерда тўлиқроқ маълумот бериш мақсадга мувофиқ бўлса керак:

Муҳаддисдан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача учта восита – уч нафар ровий қатнашган бўлса, улар “ас-сулосийёт” деб аталади.

Силсилада уч ровий қатнашган ҳадиси шарифларга илк бор буюк муҳаддис ва мужтаҳид олим Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855) эътибор қаратган эди. Унинг ўзида 40 минг ҳадисни жамлаган “ал-Муснад” номли йирик ҳажмли асарида жами 332 та ҳадис “Сулосийёт” ҳисобланади. Ушбу “Сулосийёт”ни ҳанбалий фақиҳи ва муҳаддиси Муҳаммад ас-Сафориний (1702-1774) 2 жилд қилиб батафсил шарҳлаган.

Имом ал-Бухорий (810-870) нинг бу хилдаги “Сулосийёт”лари анча шуҳрат қозонган бўлиб, уларнинг сони 22 тадан иборат. Имом ад-Доримий (797-869) нинг “Сулосийёт”ларида эса 15 та ҳадис мавжуд. Ибн Можа (824-887) нинг “Сулосийёт”лари 5 тани ташкил қилади. Имом Табароний (873-971) нинг учта “Мўъжам” тўпламларида атига 3 тасининг ровийлар силсиласи уч иснодлидир. Имом ат-Термизийнинг “Сулосийёт”лари эса фақат 1 та, холос. Улар ўзбек тилига таржима қилинган.

Ҳадис китобларининг яна бир тури “ар-рубоъийёт” дейилади. У ҳам “сулосийёт” сингари бўлиб, иснодда тўрт нафар ровий қатнашган ҳадислар тўпламидан иборат бўлади. Имом ат-Термизийнинг “ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” номли тўплами бор бўлиб, унда 176 та ҳадис мавжуд.

Ҳадис китобларининг яна бир тури “ал-хумосийёт” дейилади. У ҳам “сулосийёт” сингари бўлиб, иснодда беш нафар ровий қатнашган ҳадислар тўпламидан иборат бўлади. Бу борада таниқли муҳаддис Имом ад-Дорақутний (919-995) нинг “Хумосийёт ас-Сунан” асари бўлган.

Ровийлар силсиласида олти нафар ровий қатнашган ҳадислар тўпламидан иборат бўлган тўплам “ас-судосийёт” дейилади. Бу борада илк тўплам “Ибн ал-Хаттоб” кунияси билан танилган муҳаддислардан бири, 525 ҳижрий, 1131 мелодий йили вафот қилган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Мисрий томонидан тузилган. Таниқли муҳаддис Ибн Асокир (1105-1176) томонидан ҳам “Китоб ас-Судосийёт” номли асар битилган. Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳамад ал-Исфаҳоний 576 ҳижрий, 1181 мелодий йили вафот этган муҳаддислардан бўлиб, унинг ҳам “ас-Судосийёт фи-л-ҳадис” номли тўплами бўлган.

Силсилада етти нафар ровий қатнашган ҳадислар бўлса, бу хилдаги тўпламлар “ас-субоъийёт” дейилади. Бу борада илк тўплам 543 ҳижрий, 1149 мелодий вафот этган Абу Бакр Муҳаммад ал-Муъофирий ал-Моликий томонидан тузилган. Таниқли муҳаддис Ибн Асокирнинг ҳам “Китоб ас-Субоъийёт” номли асари бўлган.

Машҳур ватандошимиз, мотуридия таълимоти мутакаллимларидан бири, “ал-Ақоид ан-насафия” муаллифи, муфассир, муҳаддис ва фақиҳ Абу Ҳафс ан-Насафий (1068-1142) ҳам “ас-Сабъийёт ас-самъийёт” номли тўплам тузганлар. Унда 360 та ҳадис жамланган. Унинг бир қўлёзма нусхаси Тошкентда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар жамғармасида сақланади.

Бу борада машҳур тўплам “Ибн ал-Мубаррад” ва “Ибн Абдулҳодий” куниялари билан танилган Жамолиддин Юсуф ибн ал-Ҳасан ас-Солиҳийга тегишли бўлиб, ас-Субоъийёт ал-ворида мин Саййид ас-содот” деб аталади. У зот 840-909 ҳижрий, 1436-1503 мелодий йилларда Дамашқда яшаган ҳанбалий фақиҳи ҳисобланади.

Иснод силсиласида саккиз нафар ровий қатнашган ҳадислар тўплами “ас-сумонийёт” ҳисобланади. Бу хилдаги илк тўплам номи “ал-Аҳодис ал-мўътасимийёт ас-сумонийёт” деб аталади. Ундан 13 та ҳадис жамланган. Уни “Сибти Ибн ал-Жавзий” номи билан танилган, 581-654 ҳижрий, 1185-1256 мелодий йилларда яшаган Шамсиддин Юсуф ибн ал-Жавзий тузган эди. Унинг тарихий “Миръот аз-замон” номли асари, Қуръони каримга битган тафсири шуҳрат қозонган.

Тўққиз нафар ровий қатнашган ҳадислар тўплами “ат-тусоъийёт” дейилган. Бу хилдаги илк тўплам “Ибн ал-Хашшоб” кунияси билан танилган олим, 638-711 ҳижрий, 1240-1311 мелодий йилларда яшаган Абурруҳ Маждуддин Исо ибн Умар аш-Шофеъийга тегишли. У иснодда тўққиз ровий қатнашган ҳадислардан “арбаъин” тузган. Шу хилдаги иккинчи асар Миср диёрларининг қозикалони, 694-767 ҳижрий, 1294-1366 мелодий йилларда яшаган таниқли шофеъий мазҳаб, ашъарий эътиқодли олим Иззуддин Ибн Жамоъа қаламига мансуб. Унинг асари “ат-Тусоъийёт фи-л-ҳадис” деб аталган.

Охирги, ҳар бир ҳадис ривоятида ўн нафар ровий қатнашган ҳадислар тўплами “ал-ушорийёт” деб номланган. Бу хилдаги илк тўплам 716-803 ҳижрий, 1316-1401 мелодий йилларда яшаган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Варғамий ат-Тунисий қаламига мансуб. Унинг асари “Ушорийёт фи-л-ҳадис” деб аталади. Шундан сўнг, 828-898 ҳижрий, 1425-1492 мелодий йилларда яшаган Бурҳониддин Иброҳим ибн Али ан-Нўъмоний қаламига мансуб асар дунёга келган. Унинг асари “Ушорийёт ал-иснод фи-л-ҳадис” деб номланган. 960 ҳижрий, 1553 мелодий йили вафот қилган Жамолиддин Иброҳим ибн Али ал-Қалқашандий аш-Шофеъий иснодда ўн нафар ровий қатнашган ҳадислардан иборат “ал-Арбаъин” тузган. Худди шу хилда, Имом ас-Суютий (1445-1505) ҳам “Жузъ ус-салом” номли 23 та ўнта ровийлик ҳадисларни тўплаган. Яна унинг “ал-Кавокиб ас-сайёрот фи-л-аҳодис ал-ушорийёт” номли асари мавжуд. Умуман олганда, Имом ас-Суютийнинг тўртта “ушорийёт” тўпламлари бўлган.

“ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” асаридаги ҳар бир ҳадисда Абу Исо ат-Термизийдан бошлаб Пайғамбаримиз алайҳиссаломгача тўрт ровий қатнашган. Муаллиф Абу Исо ат-Термизийгача бўлган санад – ровийлар силсиласи эса қўлёзмада икки жойда келтирилган. Яъни, булар “ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” асарининг ровийлари ҳисобланади. Уларнинг номлари биринчи ва иккинчи жузнинг аввалида келтирилган. Бунда ровийлар силсиласи қуйидагича берилган:

Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар ал-Қарофий ал-Моликийдан бошланган. У асарни икки нафар устозидан ривоят қилган. Улар Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ар-Рамлий аш-Шомий ал-Ҳанбалий ва Жамол Абдуллоҳ ибн Али ибн Яҳё ибн Фазлуллоҳ ал-Яъмурий ҳисобланади. Бу икки нафар устоз ўз навбатида Абулҳасан Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Надо ал-Фарзийдан бири биринчи қисмини, иккинчиси иккинчи қисмини ривоят қилишган. Кейин санад бу тариқа давоб қилдирилган: Абулҳасан Фахруддин Али ибн Аҳмад ибн Абдулвоҳид ибн ал-Бухорий→Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Муаммар ибн Табарзад ал-Бағдодий→Абулфатҳ Абдулмалик ибн Абулқасам ибн Абу Саҳл ал-Каррухий→Абу Омир Маҳмуд ибн ал-Қасам ал-Аздий, Абу Бакр Аҳмад ибн Абдуссамад ал-Ғуражий ва Абу Наср Абдулазиз ибн Муҳаммад ат-Тарёқий→Абу Муҳаммад Абдулжаббор ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу-л-Жарроҳ ал-Жарроҳий ал-Марвазий→Абу-л-Аббос Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳбуб ибн Фузайл ал-Маҳбубий ал-Марвазий→Абу Исо Муҳаммад ибн (Исо ибн) Савра ибн Мусо ат-Термизий.

“ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” асари қўлёзмаси охирида бошқа хат тури билан ушбу асарни ўқиган ва тинглаганлар рўйхати берилган. Уларнинг умумий сони тахминан 38 нафар. Мазкур маълумот охирида Муҳаммад Яъқуб ал-Мисрий номли хаттот номи ва эшитилган вақт Қоҳирада “ал-Азҳар” жомеъсида 715 йил 29 жумодий ал-уло бўлгани қайд қилинган. Бу мелодий 1315 йил 31 августга тўғри келади. Демак, қўлёзма ҳам ўша даврда кўчирилган бўлиши мумкин.

“ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” асарида тўрт ровийлик жами ҳадислар 176 тани ташкил қилди. “ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” асари қўлёзмасидаги барча ҳадис тўрт ровийлик эмас. Улар орасида 5 та ҳадис беш ровийликдир. Уларнинг барчаси асарнинг биринчи жузида жойлашган. Иккинчи жузида эса уч ровийлик битта ҳадис ҳам берилган. Улар асарга хаттот томонидан киритилган бўлиши мумкин. Улар ўрнига қўлёзмада “Сунан ат-Термизий”даги айрим тўрт ровийлик ҳадислар киритилмай қолиб кетган.

“ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” асари ўзбек тилига таржима қилиниб, асл матни билан бирга нашр қилинган. Ундадаги ҳадисларнинг саҳоба, тобеъин, табъа тобеъин ва устозлар каби тўрт тоифадаги барча ровийлари тўғрисида рисола охирида алоҳида илмий маълумотлар келтирилган.

“ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис” асаридаги ҳадисларда ибодат мавзусидан ташқари одоб-ахлоқ, ижтимоий масалалар, бугунги кунимиз учун муҳим аҳамиятга эга мавзулар ҳам қамраб олинган. Уларнинг ёш авлодни баркамол қилиб, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда аҳамияти катта.

 

Ҳамидулла Аминов

Тарих фанлари номзоди

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази