“СУНАН АТ-ТЕРМИЗИЙ”НИНГ УРДУЧА ШАРҲЛАРИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР

“СУНАН АТ-ТЕРМИЗИЙ”НИНГ УРДУЧА ШАРҲЛАРИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР

 Осиёдан етишиб чиққан ислом олимлари орасида буюк муҳаддислар ҳам ўзларининг илмий фаолияти билан бутун дунёга донг таратганлар. Улар орасида улуғ ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (824-892) ҳам бор бўлиб, бизгача тўртта асари етиб келган. Унинг “Сунан ат-Термизий”, “аш-Шамоил ан-набавия”, “Тасмияту асҳоби Расулиллоҳ” ҳамда “ал-Илал” номли асарлари нашр қилинган. шулардан аввалги учтаси ўзбек тилида нашр қилинган, “ал-Илал” асари эса ўзбек тилида ҳам нашрга тайёрланмоқда.

Имом ат-Термизийнинг “Жомиъ ат-Термизий”, “Сунан ат-Термизий”, “Саҳиҳ ат-Термизий” ва “ал-Жомиъ ас-сунан”, “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” деб аталувчи шоҳ асарига юзга яқин шарҳлар битилган.

“Сунан ат-Термизий”ни ўрганиш Ҳиндистон ва Покистон ҳудудларида XVIII асрга келиб ёққол сезилди. Шоҳ Валийуллоҳ Аҳмад ибн Абдурраҳим ад-Деҳлавий (1703-1762) исломнинг таниқли мутафаккирларидан бири бўлиб, Ҳиндистонда ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Ҳиндистон диёрида аҳли суннат ва жамоатнинг ҳанафий мазҳаби тараққий топишида ўз асарлари билан муҳим аҳамият касб қилганлар. Ушбу даврдан бошлаб, унинг бевосита саъй-ҳаракатлари натижасида Ҳиндистон ва Покистон ҳудудларида Имом ат-Термизий асарларини ўрганиш оммалаша бошлаганлигини эътироф қилиш жоиз. Шу даврдан бошлаб мазкур асарга араб ва урду тилларида бир қанча шарҳлар битилган.

Имом ат-Термизийнинг мазкур шоҳ асарини илмий ўрганиш, унинг ҳар бир ибораларини кенг изоҳлаш ва таҳлил қилиш XIX аср охири – XX асрда янги босқичга кўтарилди. Бу вақтда биз ватандошимизнинг мазкур асарига айнан урду тилида битилган 20 дан ортиқ шарҳлар ёзилганини биламиз. Ҳозиргача мазкур асарга турли ҳажмда ва ҳар хил йўналишлар бўйича шарҳлар битилаётгани унинг аҳамияти нечоғлик эканидан далолат қилади. Мазкур араб ва урду тилларидаги шарҳларнинг аҳамиятли томони шундаки, мазкур ҳудудлар мусулмонлари асосан ҳанафий мазҳабида ва мотуридий эътиқодида бўлгани боис, шарҳлар ҳам айнан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларига мувофиқ ёзилган.

XIX аср охири – XX аср бошларида Ҳинд-Синд диёрида Имом ат-Термизийнинг мазкур шоҳ асарига араб тилида ҳам бир қанча шарҳлар битилган. Мисол тариқасида Рашид Аҳмад Гангуҳий (1830-1905)нинг 4 жилди “ал-Кавкаб ад-дуррий”, Анваршоҳ Кашмирий (1875-1934)нинг 5 жилддан иборат “ал-Арф аш-шазий”, Муҳаммад Юсуф Баннурий (1908-1977)нинг 6 жилдли “Маориф ас-сунан”, Абдурраҳмон ал-Муборакфурий (1866-1935)нинг 9 жилдли “Туҳфат ал-аҳвазий” номли араб тилидаги шарҳларини келтириш мумкин.

ал-Муборакфурий томонидан битилган Имом ал-Бухорийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган йирик тадқиқоти ўзбек тилида ҳам нашр қилинган. Унинг “Туҳфат ал-аҳвазий” асарида шарҳлаш услуби кўпроқ аҳли ҳадислар йўлидан борилган бўлиб, ҳанафийликка зид кўплаб фикрлар учрайди. Бироқ, бундан ташқари учта шарҳ айнан ҳанафийлик мазҳаби фиқҳий қарашлари ва уларнинг далилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ёзилган.

ХХ аср бошларида яшаб ўтган Ашраф Али ат-Таҳонавийнинг “Тақрири Термизий” номли шарҳини эслаш мумкин. Бироқ, бу шарҳ тугалланмаган. Бундан ташқари мазкур муаллифнинг “ал-Миск аз-закий” номли тўлиқ шарҳи ҳам мавжуд. Ашраф Али Таҳонавий (1863-1943) Покистоннинг таниқли ҳанафий олимларидан бири. “Ҳаким ал-умма” (“Уммат донишманди”) деган фахрий унвонга эга бўлганлар. Ўзларидан 1500 га яқин асар мерос қолдирганлар.

Урду тилида “Сунан ат-Термизий”га битилган энг муҳим шарҳлардан бирини Карочидаги “Дор ал-улум” университетининг бош мударриси (шайх ал-ҳадис) Муҳаммад Тақий ал-Усмоний томонидан битилган. Асар асосан, университетда дарс асносида ўтилган маърузалар асосида ёзилгани учун “Дарси Термизий” деб аталади. Асар 3 жилдда нашр қилинган. Лекин, бу жилдларда “Сунан ат-Термизий”нинг ибодатлар бўлимига тааллуқли қисмлари батафсил шарҳ қилинган. Шарҳ кейинчалик “Сунан ат-Термизий”нинг ижтимоий муомалалар бўлимларига бағишланган қисмлари “Тақрири Термизий” номи билан яна 2 жилд қилиб давом эттирилган. Бу билан ҳам шарҳ охирига етмай қолган. Мазкур “Дарси Термизий” урду тилида, балки араб тилида битилган барча шарҳлардан ўзининг кенглиги, ҳанафий мазҳабининг далилларини ўзида тўплагани, бошқа мазҳабларнинг фикрлари ва уларнинг далилларига қониқарли жавоблар берилгани билан устун ҳисобланади. Мазкур шарҳ ҳанафий мазҳабининг ҳадис бўйича далилларини ўрганишда жуда муҳим аҳамият касб этади. Муҳаммад Тақий ал-Усмонийнинг 50 дан ортиқ асарлари мавжуд бўлиб, улардан аксариятининг мавзуси замонавий фиқҳий масалаларга, жумладан, банк ва бошқа иқтисодий масалаларга йўналтирилган. Шунинг учун, олим бутун дунёда исломий иқтисод бўйича энг етук ва машҳур мутахассислардан бири сифатида танилган.

Саҳоранпур шаҳридаги “Мазоҳир ал-улум” номли машҳур университетининг бош мдаррисларидан бири Мавлоно Раисуддин ал-Мазоҳирий томонидан 4 жилдлик “Дуруси Термизий” деб аталган шарҳи ҳам талабаларга маъруза жараёнида тўплаб борилган. Ҳар бир ҳадиснинг урдуча таржимаси, ҳадиснинг батафсил шарҳи, кейин уни далил қилганларнинг фикрлари, унга қарши бўлган томоннинг фикрлари, охирида ҳадис иснодида келтирилган ровийларнинг таржимаи ҳоллари зикр қилинган. Шарҳнинг аҳамиятли томони ҳозирги кундаги ваҳҳобий, салафий сингари тоифаларга раддиялар, ҳанафий олимларнинг уларга қарши айтган фикр ва далиллари бирма-бир келтириб борилган.

Исломободнинг “Фаридия” мадрасаси мударриси Муфтий Муҳаммад Ториқ томонидан “Маорифи Термизий” номли шарҳ битилган. У матн,таржима ва луғатлар изоҳи шаклида тузилган 2 жилддан иборат шарҳ.

Покистоннинг “Дор ал-улуми Ҳаққония” университетининг мударрисларидан бири Абдулҳақ ал-Ҳаққоний томонидан ҳам бир неча жилддан иборат урдуча шарҳ ёзилган. У “Ҳақоиқ ас-сунан” деб аталади. Шарҳда ҳанафий мазҳаби далиллари алоҳида кўрсатиб борилган.

Мўлтон Университетининг ҳадис бўйича бош мутахассисларидан бири Мавлоно Муҳаммад Ёсин томонидан 2010 йилда “ал-Вард ат-тарий ъала Жомеъ ат-Термизий” номли шарҳ битилган. Мазкур шарҳ асарнинг айрим қийин ибораларига қисқа тушунтиришлардан иборат. Бу қадимий шарҳлаш анъаналаридан ҳошия ёзиш услубига яқин.

Урду тилида битилган кўп жилдли шарҳлар сирасига 7 жилдлик “Ташриҳоти Термизий” ва 8 жилдлик “Туҳфат ал-алмаъий” кабиларни киритиш мумкин.

Камолиддин Мустаршид томонидан битилган “Ташриҳоти Термизий” савол-жавоб тарзида тузилган бўлиб, тўрт мазҳаб фиқҳига далил бўлган ҳадислар, уларга ҳанафийларнинг жавоблари қандай бўлиши кабилар бирма-бир ёритилган. У ўзидан олдинги “Сунан ат-Термизий”га битилган ўн битта шарҳдан фойдаланиб ёзилган.

Ҳиндистоннинг таниқли ҳадисшуносларидан бири Муҳаммад Саид Боланпурий томонидан “Туҳфат ал-алмаъий” номли шарҳнинг ўзига хос жиҳати шуки, унда Имом ат-Термизийнинг яна иккита асари “Шамоил ан-набавия” ҳамда “Китоб ал-Илал” асарлари ҳам шарҳ қилинган. Бундан ташқари, Боланпурийнинг “Раҳматуллоҳи-л-восиъа” номли 5 жилдли асари ҳам шуҳрат қозонган.

Бугунги кунда Покистон ва Ҳиндистон мадрасалари ва ислом университетларида буюк ватандошимиз Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг учта асари “Сунан ат-Термизий”, “Шамоил ан-набавия” ҳамда “Китоб ал-Илал” муттасил ўқитиб келинади. Шунинг натижасида мазкур асарларга нисбатан қизиқиш жуда кучли. Уларнинг ҳар бирига бир неча муҳим шарҳлар битилган. Айтиш даркорки, бу шарҳлар ҳанафий мазҳаби, мотуридий таълимотига мувофиқ битилгани билан ажралиб туради ва улар ана шу жиҳатидан араб юртларида битилган шарҳлардан кўра ўз афзалликларига эга. “Сиҳоҳи ситта” – олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламлари орасида “Сунани Термизий”да ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ келувчи ҳадислар кўп учрайди. Мазкур асарни ҳанафий мазҳаби, мотуридий таълимотига уйғун ҳолда шарҳлаш ишлари эса Ҳинд-Синд диёрларида ҳозирги кунимизгача тўхтамай давом қилдирилиб келмоқда. Ушбу шарҳларни тадқиқ ва таҳлил этиш буюк ватандошимиз, улуғ муҳаддис Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини илмий ўрганишда аҳамиятли экани шубҳасиздир.

 

 

Ҳамидулла Аминов

Тарих фанлари номзоди

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази