"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Термизий алломалар силсиласи ислом тарихида ўзининг муҳим ўрнига эгадир. Бу эса ушбу алломаларнинг юксак билими, олий даражадаги хулқи, улар қолдирган ноёб мерос билан белгиланади. Бугунги кундаги изланишлар натижасида дунёнинг 44 мамлакатида Термизий алломаларнинг 1400 дан зиёд қўлёзмалари сақланаётганлиги маълум бўлмоқда. Аммо бу охирги рақамлар бўлмай, кейинги илмий изланишлар бу кўрсаткичларни янада янгилашига шубҳа йўқ. Ушбу улкан мерос бугунги кунимиз учун муҳим бўлган дин, илм-фан, маънавият, одоб-ахлоқ каби масалаларнинг туб мазмун-моҳиятини англаш учун муҳим қўлланмалардир. Зеро, улар инсон ва инсоният учун доимо долзарб саналган муҳим асослар ва тушунчаларга бағишлангандир.
Яна бир муҳим жиҳат борки, у ҳам бўлса аждодларимизнинг, хусусан, Термизийларнинг устоз-шогирдлик анъаналаридир. Улар нафақат бир-икки авлод, балки асрлар давомида илму маърифат машъаласини қўллардан-қўлларга ўтказиб, унинг нури ва тафтидан бошқалар ҳам фойдаланишлари учун уни кейинги авлодларга мерос қолдириш масаласига алоҳида эътибор билан ёндашишган. Қуйида улуғ донишманд Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг шогирди бўлган яна бир донишманд – Абу Бакр Варроқ Термизийнинг ҳаёт ва ҳикмат бўстонига назар ташлаймиз. Зеро, ушбу улуғ зотнинг баракали маънавий хазинасига яқинлашиш – унинг қиймати ва зиёсидан фойдаланиш ва баҳра олиш имконини беради.
⚜ Исми шарифи.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Фазл Ҳаким Варроқ Термизий. “Варроқ” сўзи араб тилидаги “варақ” сўзидан олинган бўлиб, унинг бир неча маънолари бор. (1) Қоғоз кесувчи, (2) Қоғоз ёки умуман ёзув-чизув асбоблари билан савдо қилувчи, (3) эски ва камёб китобларнинг олди-соттиси билан шуғуллланувчи, (4) котиб ва қўлёзмаларни кўчирувчи ёки (5) тангаси кўп киши “варроқ” дейилган. Абу Бакр Варроқ Термизий варақ тайёрлаш ишидан хабардор ёки ўзида камёб китобларни жамлаган ёхуд уларни кўчириш билан шуғулланган ҳам бўлиши мумкин. Зеро, у нафақат Қуръони Карим, балки ундан олдинги Таврот ва Инжил асарларини ҳам ўқиган. Демак, ушбу асарлар унда мавжуд бўлган[1].
⚜ У зот ким бўлган?
Абу Бакр Варроқ Термизий машҳур олим, шайх, ҳаким бўлиб, тасаввуф тўғрисидаги кўплаб асарлар муаллифидир. Таърифланишича, у зот илм, ҳаё, вараъ (гуноҳлардан эҳтиёт бўлиш), диёнат, тақво (ёмонликлардан тийилиш) ва омонатни адо қилишда нишона - белги бўлиб, ҳаким, муҳаққиқ (ҳақиқатлар мазмунини англовчи), доно, мудаққиқ (нозик жиҳатларни фарқловчи) эди. У машҳур муҳаддис Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг тоғаси ҳисобланади. Қайд этиш жойизки, Варроқ Термизий ҳадис ривоят қилиш билан ҳам шуғулланган.
Бу зот асли Термиздан бўлиб, Балхдаги Аёз номли қишлоқда ҳам яшаган. У машҳур муҳаддис олим Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг тоғаси ҳисобланади. Алишер Навоий у ҳақида дейди: “Асли Тирмиздиндур. Қабри ҳам андадур. Аммо Балхда бўлур эрмиш. Абу Исо Тирмизий тағойисидур. Аҳмад Хизравайҳ била суҳбат тутубдур ва кўп тасонифи бордур. Ва «Таврот» ва «Инжил» ва кутуби осмоний (илоҳий китоблар)ни ўқубдур ва шеър девони ҳам бордур”. Алломанинг илоҳий китобларни ўқишидан унинг юнон ва иброний тилларини ҳам яхши билганлигини хулоса қилиш мумкин. У “Муаддиб ал-авлиё” (Авлиёларнинг одоб борасидаги пешвоси) деб ҳам номланган.
Манбаларда Абу Бакр Варроқ Термизийнинг Ироқдаги бир шаҳарда ҳоким бўлган куёви Убайдуллоҳ ёки Абу Убайдуллоҳ ҳақида маълумотлар мавжуд. Бу эса олимнинг оилали ва фарзандли бўлганлигини билдиради.
[1] Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Қуръондан олдинги илоҳий китобларни илмда етук шахсларгина ўқишлари мумкин. Чунки Таврот, Инжил ва Забурга инсонлар томонидан кўп ўзгартиришлар киритилган ва китоб мазмун-моҳияти бузилиш даражасига етган. Шунинг учун ушбудек китобларни илмда етук, мутахассисларгина ўқишлари мумкин. Тадқиқотчилар фикрича, Абу Бакр Варроқ Термизий ушбу китобларнинг ўзгаришга учрамаган турларини мутолаа қилган бўлиши ҳам мумкин.
Жўрабек ЧЎТМАТОВ
Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази директор ўринбосари