АБУ БАКР ВАРРОҚ ТЕРМИЗИЙ (2-қисм)

АБУ БАКР ВАРРОҚ ТЕРМИЗИЙ (2-қисм)

Устозлари.

Варроқ Термизий Балхнинг машҳур сўфий олими Аҳмад ибн Хизравайҳ (ваф. 240/854) билан учрашиб, у билан ҳамсуҳбат бўлган. Шунингдек, зоҳид Муҳаммад ибн Саъд ибн Иброҳим, Муҳаммад ибн Умар ибн Хушном Балхийлар билан ҳам суҳбат қурган.

Варроқ Термизийнинг энг машҳур устозларидан бири эса, шубҳасиз, Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳисобланади. У ўз устози Ҳаким Термизийнинг ҳар якшанба куни Хизр билан бўлган суҳбат қуришини айтган. Айрим ҳолларда эса у ўз устозининг алоҳида муҳим топшириқларини ҳам бажарган. Бу ҳақда унинг ўзи дейди: “Бир куни у зот менга: “Ёзувли дафтар бериб: “Уни Жайҳун (Амударё)га ташла!” деди. Аммо юрагим бу масалада менга итоат қилмади ва уни уйимга ёшириб қўйдим. Мен у зотнинг олдига келиб: “Уни ташладим” дедим. У зот: “Нимани кўрдинг?” деди. Мен: “Ҳеч нарсани кўрганим йўқ” дедим. У зот: “Ташламабсан. Қайтиб бор ва уни дарёга ташла” деди. Мен бу далил-исботнинг васвасаси юрагимни эгаллаб олган ҳолда бориб, уни сувга ташладим. Шунда сув иккига бўлиниб, очиқ сандиқ кўринди. Ёзувли дафтар унга тушгач, қопқоқ ёпилди. Мен қайтиб бориб, юз берган ҳодисани сўзлаб бердим. Шунда у зот: “Ана энди ташладинг” деди. Мен: “Эй устоз! Бу ҳодисанинг сири нима? Уни менга айтинг” дедим. У зот: “Усул ва таҳқиқ (тадқиқ) борасида фаҳм уни идрок этишга ожиз бўлган бир рисола битган эдим. Биродарим Хизр алайҳиссалом уни мендан сўради. Аллоҳ таоло сувга ўшани унга етказишни амр қилди” деди”.  

Бу ривоят аждодларимиз заковати нечоғлик юксак бўлганини ва улар орасида устоз-шогирдлик анъаналари қадимдан шаклланганлигини кўрсатади. Бу муносабатларда эса устозни ҳурмат қилиш, унинг илмига ташна одам сувга иштиёқ кўрсатгандек муносабатда бўлиш, устозларнинг ҳам ўз шогирдларига сабр-тоқат ва меҳр-шафқат билан муомала қилиши каби гўзал фазилатларни кузатамиз.

 

Шогирдлари.

Манбаларда Абу Бакр Варроқ Термизийнинг сўзларини нақл этувчи ва унга шогирд бўлган қуйидаги шахслар номи келтирилади:

1. Ғайлон Самарқандий. У тасаввуф илмининг йирик билимдони Жўнайд Бағдодийга (ваф. 297/910) ҳамсуҳбат бўлган ва тариқатдаги йўлини ундан олган машҳур тасаввуф шайхларидандир.

2. Бакр Сўғдий. У Самарқанднинг Сўғд номли жойидан бўлган. У ўз устози ҳақида шундай дегани нақл этилади: “Абу Бакр Варроқ карим (саховатли, мард) киши эди. Аллоҳга музд (фойда) учун қуллик (ибодат) қилмас, балки таъзим - уни улуғлаш учун қуллик қиларди”.

3. Ҳошим Сўғдий. У ҳам Самарқанднинг Сўғдидан. Қайд этилишича, у Абу Бакр Варроқ Термизийга то унинг вафотига қадар хизмат қилган. Ҳошим Сўғдий дейди: “Бир гал Абу Бакр Варроқ билан сафарда эдим. Устки кийимининг бир тарафида “хо”, бир тарафида “мим” ҳарфлари ёзилганини ўқиб қолдим. У зотдан: “Бу нима?” деб сўраганимда, деди: “Буни ўзим ёздим. Қачонки “хо” га назар солсам, ихлосни эслайман. Қачонки “мим”ни кўрсам, мурувватни ёдга оламан”.

4. Солиҳ ибн Мактум. Алишер Навоий Солиҳ ибн Мактум ҳақида дейди: “Ул дағи Абубакр Варроқнинг муридларидиндур. Балхдин эрди. Ва Абу Бакр Варроқ сўзларидин кўп ёдида эрди ва дойим андин айтур эрди”.  

5. Абу Бакр Аҳмад ибн Саъид.

6. Аҳмад ибн Музоҳим.

7. Абу Бакр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳйад Балхий.

8. Ҳасан ибн Аллавайҳ Воиз номи билан машҳур бўлган Али ибн Яҳё ибн Саллам Аллавайҳ Домғоний (ваф. 331/943). У “сўфий” нисбаси билан ҳам танилган ва Яҳё Муъоз Розий, Абу Туроб Нахшабий, Абу Язид Бистомий, Юсуф ибн Ҳусайн Розий, Муҳаммад ибн Фазл Балхий каби буюк тасаввуф намоёндаларининг сўзларини нақл этган. Шунингдек, у улуғ донишманд, Абу Бакр Варроқ Термизийнинг устози Муҳаммад Ҳаким Термизийдан ҳадис ривоят қилган.

9. Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий (ваф.342/953). Таъкидлаш лозимки, Варроқ Термизийнинг ушбу шогирди Марказий Осиёдаги калом (ақида) илмининг етук намоёндаларидан бири ҳисобланади ва у Имом Мотуридийнинг сафдошларидан биридир. Унинг “Ас-Савод ал-аъзам” (Омма эргашиши лозим бўлган тўғри йўл) номли китоби бизгача етиб келган бўлиб, аҳамияти жиҳатидан ўз мавзусидаги жуда муҳим қўлланма саналади. У ўз устози ҳақида шундай дегани айтилади: “Агар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбарлик раво бўлганда, бизнинг замонамизда бундай киши ўзининг илми, ҳикмати, халққа меҳр-шафқати, адолатлилиги ва инсофлилиги туфайли буюк олим ва шайх Абу Бакр Варроқ бўлган бўларди”. 

10. Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Ҳомид ибн Маттавайҳ Абулқосим Зоҳид Балхий (ваф. 965). У Абу Бакр Варроқ Термизий билан доимо бирга бўлиб, унинг китобларини олимнинг ўзидан нақл қилган.

11. Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳотим Сижистоний. Ушбу шахс Абу Бакр Варроқ Термизийдан ҳадис ривоят қилган.

12. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳомид ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Холид Термизий (ваф. 951). Балхнинг машҳур тасаввуф намоёндаси Аҳмад ибн Хизравайҳга ҳам шогирдлик қилган ушбу улуғ шайх Хуросондаги энг етук ориф ва хулқи пок зотлардан бўлиб, ундан бир қанча ҳикматли сўзлар ривоят қилинган.  

13. Абу Зарр Термизий. У улуғ машойихлардан бўлиб, кароматлари бор киши эди.

Абу Бакр Варроқ Термизийнинг Термизий олимлар билан алоқаси. Абу Бакр Варроқ Термизийнинг устозлари орасида Имом Бухорийга ҳам устозлик қилган олим – Мусо ибн Ҳизом Термизий ҳам бор. Унинг сўзларини эса Абу Зарр Термизий ҳам нақл этган ва Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий ундан илму маърифат борасида насиҳат ва йўл-йўриқ олган.

Абу Бакр Варроқ Термизийнинг устозларидан энг кўзга кўрингани эса Муҳаммад Ҳаким Термизийдир. Варроқ Термизий эса, ўз навбатида Муҳаммад ибн Ҳомид Термизийнинг, у эса Абулмузаффар Термизийнинг устози саналади. Термизийларнинг ушбу силсиласи аждодларимизнинг илм номли бебаҳо хазинани омонат сифатида бир-бирларига етказиб борганларининг ибратли намунасидир. 

 

Жўрабек ЧЎТМАТОВ

Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази директор ўринбосари