АБУ БАКР ВАРРОҚ ТЕРМИЗИЙ (3-қисм)

АБУ БАКР ВАРРОҚ ТЕРМИЗИЙ (3-қисм)

Асарлари.

Сафийиддин Балхий 610/1214 йилда ёзиб тугатган “Фазоилу Балх” асарида келтиришича, “Унинг Балх жомеъ масжидида (дарс айтиш учун) муъайян жойи ва мўътабар меҳроби бор бўлиб, бағоят машҳурдир. У Ислом уламоларининг фахрлиларидандир. Таснифотлари ҳам бисёр. Бу мажмуъадан бири “Ал-Алим ва мутаъаллим” (“Олим ва таълим олувчи” ёки “Устоз ва шогирд”) китобидир”. “Унинг баъзи таснифотларини мутолаъа қилдим. Уларни ҳикмат илми ва маърифат баёни борасида бағоят латиф ва дақиқ ҳолда топдим”.

Умуман, олимнинг қуйидаги асарлари номи маълум: 

1. “Китоб ал-ихлос” (Ихлос китоби).

2. “Китоб ал-ҳуруф” (Ҳарфлар ҳақида китоб)

3. “Ал-Атқ ва-л-факок” (Эрк ва озодлик ҳақида китоб)

4. “Китоб ад-дарожат” (Даражалар ҳақида китоб)

5. “Китоб ал-аҳд” (Аҳд ҳақида китоб)

6. “Китоб ас-сафо” (Сафо ҳақида китоб)

7. “Китоб ал-ужб (ёки: ажаб)” (Худбинлик (ёки: ўзига ажабланиш) ҳақида китоб)

8. “Китоб хидмат ал-ботин” (Ботин – ички дунё орқали бўлган хизмат)

9. “Ал-Алим ва мутаъаллим” (Устоз ва шогирд).

Ушбу асарлар номини келтирган Сафийиддин Балхий яна “...

ва бошқа мансурот (насрий асарлар), таъарруфот (таништирувлар), ҳикматлар ва савол-жавоблар кабилардир” дейди. Бундан эса олимнинг бошқа кўплаб китоблари борлиги ҳам маълум бўлади.  

Сафийиддин Балхий дейди: “Бир гал Абулало Ҳамадоний мендан: “Сенда Абу Бакр Варроқ китобларидан биронтаси борми?” деб сўради. Мен: “Бор. У ушбу сафарда мен билан ҳамроҳ ҳамдир!” дедим. У китобларни сўради. Уларни ҳозир қилиш учун бир кишини юбордим. У айтиб ўтган китобимга назар солди ҳамда мавъиза ва ҳикматлардан бир қанча калималарни мутолаа қилди. Ундан шунчалик фойда олдики, бир он ҳам  ундан узилишни хоҳламади. У мендан “Ўнта қимматбаҳо ва қадрли китобни ушбу мажмуа эвазига олгин ва бу латойиф (ҳикматларга эга) китобни менга бахшида эт!” деб илтимос қилди. Аммо мен бунга рози бўлмадим. Кетиш вақти бўлганда мен бу улуғ зотнинг олдига бир кемани олиб келиб қўйдим. У кетаётган вақтида ҳам кўп илтимос қилиб: “Ҳар қанча баҳога сотмоқчи бўлсанг, уларни мана менга сот ва унинг эвазига (мендан) олтин-кумуш ва китоб ол! Албатта, мен бу китобдан кўнгил уза олмадим” деди. Бу таклифни ҳам қабул қилмадим”. Сўнг дейилади: “Бу сўздан (уни келтиришдан) мақсад шуки, унинг таснифотлари шу даражада яхши бўлиб, илм аҳлига мақбул, маҳбуб ва матлуб эди. Унинг сўзлари ироқликлар ҳузурида ҳам бисёр”. “Аниқки, у зотнинг дақойиқ ва ҳақойиқларини маърифат ва ҳикмат аҳли то қиёматгача нақл этишади ва ўлган диллар у билан тирилади”. Сўнг муаллиф унинг ҳикматли сўзлари ва ривоят қилган ҳадисларидан нақллар келтиради.

Абу Бакр Варроқ Термизийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган ёхуд ҳали топиб ўрганилмаган. Умар Ризо Каҳола (1323-1408/1905-1987) Дамашқдаги “Зоҳирия” кутубхонасидаги муаллифлар фиҳристига таяниб, ушбу Термизийнинг юқорида номи келтирилган “Ал-Алим ва-л-мутаъаллим” (“Олим ва таълим олувчи” ёки “Устоз ва шогирд”) номли асари ҳақида маълумот беради. Муаллифи “Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Термизий” бўлган ушбу номдаги китоб Мисрдаги “Мактабату-л-анвар ал-муҳаммадийя” нашриётидан 1358/1939 йил чиққани маълум.

Асарларининг умумий мазмуни.

Гарчи Абу Бакр Варроқ Термизийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган бўлса-да, манбаларда нақл этилган сўзлари орқали у зотнинг қарашлари ҳақида муҳим хулосалар чиқариш мумкин бўлади. Маълум бўладики, бу зот нафс тарбияси, қалбни сайқаллаш, ақлни ишлатиш, руҳиятни юксалтириш орқали яхши хислатларга эга бўлиш ва уларни камол топтириш каби масалаларда фикр юритган. Шу билан билан бирга ушбу аллома ҳам устози Ҳаким Термизий каби ишларнинг туб мазмун-моҳиятига, яъни, ҳикматига қизиқиши сезилиб туради. Масалан, қуйидаги ҳикматли сўзга назар солсак, олим модда ва унинг илоҳий хусусиятларига чуқур эътибор қаратиш орқали ажойиб мантиқий хулосалар чиқаришини кузатиш мумкин:   

“Ҳақ таоло сувни яратди ва ҳар турли ранглардан унга таъм берди. Барча ранглар қўшилгани боис сувнинг ранги пайдо бўлди. Шу маъно сабабидан ҳеч ким сувнинг рангини била олмайди. Барча таъмлар қўшилгани боис ҳеч кимса сувнинг таъмини фаҳм эта олмайди. Сувни ичиб, барча жонзотлар лаззат олади ва ҳаёт топади. Лекин унинг лаззати қандай эканидан хабарлари бўлмайди. Бунга ушбу ояти карима далилдир: “Ва Биз барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилдик...” (“Анбиё” сураси, 30 оят)”.

Абу Зарр Термизий Абу Бакр Варроқ Термизийдан нақл қилган яна бир ҳикматли сўзда эса жамият низоми ва ривожи омиллари ҳақида сўз кетади. Алломага кўра, одамлар уч тоифадир: биринчиси - умаро (бошлиқлар), иккинчиси – уламо (олимлар), учинчиси – фуқаро. Умаронинг фасоди (бузилиши) зулм билан, уламонинг фасоди тамаъ билан, фуқаронинг фасоди эса риё биландир. Агар олимлар фасод бўлса, тоат-ибодатлар, фуқаролар фасод бўлса, одоб-ахлоқ, умаролар фасод бўлса, тирикчилик фасод бўлади. Агар подшоҳлар олимлардан юз ўгиришмаса, фасодга юз тутишмайди, олимлар ўз олдиларига подшоҳларга яқинлашишни асосий мақсад қилиб олишмаса, фасодга юз тутишмайди, фуқаролар ўз олдиларига бирон мансабга эга бўлишни асосий мақсад қилиб олишмаса, фасодга юз тутишмайди. Чунки подшоҳларнинг фасоди жоҳиллик – илмсизликдан, олимларнинг тамаъси динни чуқур англаб, унга амал қилмасликдан, фуқароларнинг риёси эса таваккул – Аллоҳга суянишнинг етишмаслигидандир. Илмсиз бошлиқ, тақвосиз олим, таваккулсиз фақир шайтон васвасасига учишга яқин бўлади. Барча халойиқнинг фасоди мана шу уч тоифа фасодига боғлиқ бўлади.  

Саълабий (ваф. 1035) ўзининг “Ал-кашф ва-л-баён” (Маънони очиш ва баён этиш) номли Қуръон тафсирига бағишланган йирик асарида Абу Бакр Варроқ Термизийдан оятлар шарҳи масаласида кўплаб ривоятлар келтирган. 

Манбаларда, жумладан, Абу Абдураҳмон Суламийнинг “Табақот ас-суфийя” (Сўфийлар табақаси), Абу Нуъайм Асбаҳонийнинг “Ҳиляту-л-авлиё” (Авлиёлар зийнати), Сафийиддин Балхийнинг “Фазоили Балх” каби асарларда Абу Бакр Варроқ Термизий ривоят қилган ҳадислар келтирилади. Бошқа манбалардан маълум бўлишича, у ўз асарларида ҳадисларни кўп ишлатган. Чунончи, алломанинг устози Муҳаммад Ҳаким Термизий кўзга кўринган йирик муҳаддис ҳам эди. Демак, Абу Бакр Варроқ Термизий ҳадис илмида ҳам етук олим бўлган.

Варроқ Термизийнинг шеърий девони бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар унинг адабий билимлари ҳам юксак бўлганлигини кўрсатади.

Маълум бўлмоқдаки, Абу Бакр Варроқ Термизий Қуръон ва ҳадис илми, ушбу икки муҳим манбага асосланган ҳолда тасаввуф, инсон руҳияти, жамият низоми асослари, адаб илми каби соҳаларда ўз мартабасига эга олим саналган. Бу каби кенг қамровли тафаккури ва юксак илмий даражаси туфайли “ҳаким” – донишманд унвонига ҳам сазовор бўлган кам сонли шахслардан биридир.

Вафоти.

Сафийиддин Балхий дейди: “Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Варроқ Термизий Балх шаҳрида бемор бўлди ва уни Термизга олиб жўнашди. Қачонки Балх ва Термиз оралиғидаги Сиёҳжурд номли жойга етганида ўша жойда вафот топди. У (ўша) икки юз тўқсон тўртинчи йилда (294/907) Термизга келтирилди ва дафн этилди. Унинг машҳад ва марқади (қабри) ғоятда ҳурмат ва иззатдадир”. “Унинг марқадини (қабрини) кўп ва хўп зиёрат қилганман”. Маҳмуд ибн Валининг (XVII аср) “Баҳр ал-асрор” (Сирлар денгизи) асарида келишича, Ҳаким Термизий ва Абу Бакр Варроқларнинг нурафшон қабрлари Термиз шаҳри деворлари яқинида, шимолий томонда жойлашган.

1584-1589 йилларда ёзилган Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” нҳомли асарида шайбонийлар сулоласининг машҳур намоёндаси Абдуллахоннинг Муҳаммад Ҳаким Термизий қаторида Абу Бакр Варроқ ва бошқа улуғ шайхлар мозорини 1571 йилди зиёрат қилгани ҳақида сўз кетади.

Варроқ Термизий мақбараси XX асрнинг 30 йилларида профессор М.Е.Массон бошчилигида фаолият кўрсатган Термиз археологик экспедицияси ходимлари томонидан ҳам қайд этилган ва Эски Термиз ёдгорликлари харитасидан жой олган. Аммо унинг нишоналари бизнинг вақтимизгача етиб келмаган.

 

Жўрабек ЧЎТМАТОВ

Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази директор ўринбосари