ВАТАН – САЖДАГОҲ КАБИ МУҚАДДАСДИР

ВАТАН – САЖДАГОҲ КАБИ МУҚАДДАСДИР

      Ватан – она ватан бу сўз замирида муқаддас замин, киндик қони тўкилган тупроқ тушунилади. Ватан учун хизмат қилиш, унга ўз хизматини фидо этиш мард ўғлонлар ишидир. Инсон ўз Ватанига садоқати, жасорати ва муҳаббати билан хизмат қилади. Буюк аждодларимизнинг Ватан учун жонини фидо қилганлари бунга яққол мисол бўлади. Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темурлар шу Ватан учун қанча буюк ишларни амалга оширган. Буюк аллома кубровия тариқати асосчиси Нажмиддин Кубро тарихда буюк алломагина эмас, Ватанга бостириб келган ёвга қарши мардлик намуналарини кўрсатган миллий қаҳрамон сифатида ҳам эътироф этилади. Муаррих Абдулғозий Баҳодирхон “Шажараи турк” (Туркий халқлар шажараси) номли тарихий асарида келтирилишича, мўғул босқинчилари Урганчни олиб, ҳар бир маҳаллага ўт қўяди, бутун халқни саҳрога ҳайдаб чиқаради. Улардан юз минг кишини касб-ҳунарга ишлатиш учун, жувонлар, хотунлар ва ёш ўғлонларни қўлликка кишанбанд қилади. Мўғул аскарлари ерлик аҳолини оммавий қатл қилади. Улар орасида илм-маърифат, иршоду-каромат билан танилган Ҳазрати Нажмиддин Кубро ҳам бор бўлган. Ҳазратга беҳурматлик бўлмасин ва у зот оёқ остида қолиб кетмаслиги учун фарзандлари ва яқин кишиларини олиб қалъадан чиқиб кетишлик таклифи билдирилади. Шунда Нажмиддин Кубро: “Яхши кунларда мен бу қалъа аҳли билан дўст-ёр эдим. Энди ёмон кунда қандай қилиб буларни ташлаб кетаман, мен ҳеч жойга кетмайман” деб жавоб беради.

Тарихий манбада шайх Нажмиддин Кубро кўплаб мўғулларни қатл этгани, бу Ватан ҳимоясида барчага ибрат бўлганлиги келтирилади. Шайхнинг жанг майдонидаги ҳолати қуйидагича таърифланган. У шундай жангга шайланган эдики, хирқасининг устидан белбоғ боғлаб, қўйинларини тош билан тўлдириб, қўлига найза олиб, душман қаршисига чиқади. Ғанимларга тош ота бошлайди, бир нечтасини найза билан уриб йиқитади. Аммо унинг устига камон ўқи ёғдирадилар. Бир ўқ келиб кўкрагига тегади. Етмиш беш ёшли мўйсафид кучдан кетаётганини сезса ҳам жангни тўхтатмай, душман байроғини ғазаб билан маҳкам тутамлаб олади-да, шу ҳолатда жон беради. Унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, бошини танидан жудо қиладилар. Шунда ҳам байроқни ололмайдилар. Ниҳоят, унинг бармоқларини кесиб, байроқни олганликлари ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳақиқий Ватанга бўлган фидойилик, жасорат ва садоқат намунасидир.

Муқаддас ислом таълимотида Ватанга бўлган садоқат ва уни ҳимоя қилиш тўғрисида бир қанча асосли манбалар мавжуд. Ватани, халқи, миллати ва аҳлини ҳимоя қилиб юрт сарҳадларида бедор турган аскарлар тўғрисида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавм-қариндошлари, бир сўз билан айтганда она Ватанни қўриқлайдилар.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”, деб таъкидлаганлар. Яна бир ҳадисда: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Мазкур ҳадисларда таъкидланганидек, Ватан сарҳадларида туриб, юртни ҳимоя қилишлик ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ибодат ва солиҳ амал қилиш мақомида бўлар экан.

Бугунги кунда мустақил она Ватанимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги, улар халқаро мусобақаларда иштирок этиб юқори натижаларни қўлга киритиб келаётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Албатта, бу натижалар давлатимиз томонидан ҳарбийларга яратилган шароитлар, имконият ва имтиёзлар учун улар томонидан бўлган амалий жавоб бўлмоқда.

Буюк аждодларимиз Ватан, миллат, халқ ҳимояси йўлида ўз шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашганлар. Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангубердилар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзоларнинг ибратли ҳаётлари кўз олдимизга келади. Соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликлари, миллатни бирлаштириб юксак натижаларга эришганлиги, унинг давлатчили Осиё ва Европани лол қолдирганлиги дунё халқлари тарихида жуда яхши эътироф этилган. Уларнинг барчасини эзгу мақсади Ватан остонасини асраш, уни топталишига йўл қўймаслик, миллат ғурурини баланд тутиш, тинчлик ва осойишталикни барқарор этиш бўлган.

Буюк неъмат бўлган тинчлик ва осойишталик йўлида хизмат қилаётган, Ватанимизнинг сарҳадларини мустаҳкам ирода, куч-матонат ва жасоратлари билан ҳимоя қилаётган қумондон ва аскарларимизни байрамлари “Ватан ҳимоячилари куни” билан муборакбод этамиз.

Аллоҳ таоло мустақил Ватанимиз чегараларини ҳушёрлик билан ҳимоя қилаётган фарзандларимизни, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган барча фуқароларимизни Ўзи сақлаб, азиз Ватанимизни тинч, осмонимизни мусаффо ва мустақиллигимизни абадий бўлишини насиб этсин.

 

Имом Термизий халқаро илмий

тадқиқот маркази директори Ш.Умаров,

Ҳадисшунослик фанлари бўйича

фалсафа доктори