АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИДА ҲАДИСЛАР ВАСФИ

АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИДА ҲАДИСЛАР ВАСФИ

 

Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида маърифатпарвар, маънавият ва маданиятнинг ҳақиқий намояндаси сифатида улуғланган буюк шахсдир.

Мир Алишер араб тарихчиси ал-Бобонийнинг “Ҳадияту-л-орифийн”[1] асарида келтирилишича 1441-йил 9-февралда (844 ҳ. Рамазон ойининг 18 куни ) Амир Темурнинг ўгли Шоҳруҳ Мирзо шоҳлиги даврида Ҳиротда туғилган, араб, форс ва турк тилларида ижод қилган буюк мутафаккир, мутасаввуф, адиб ва давлат арбобидир. Замондошлари у киши ҳақида кўпинча "Низомиддин Мир Алишер" деб ёзадилар. “Низомиддин” – дин, диёнат низоми дегани бўлиб, донишманд мансаб эгаларига бериладиган сифат, "мир" - амир демакдир. Унинг отаси Амир Ғиёсиддин Муҳаммад (уни “Ғиёсиддин Кичкина” ҳам дер эдилар) темурийлар саройининг амалдорларидан, хонадоннинг ишончли кишиларидан бўлган[2]. Яна бир манбада қайд этилишича Алишернинг онаси амирзода Шайх Абусаид Чангнинг қизи бўлиб, бобоси Амур Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош ака-ука бўлган экан[3].

Навоий ўз асарларида оиласининг Умаршайх хонадонига яқинлигидан фахрланишини баён қилади. Алишер Навоий сарой муҳитида яшаганлиги учун ҳам алоҳида тарбия ва назорат остида улғайди. Кичиклик чоғидан шеър ва мусиқага ишқи тушади. Ўша даврнинг олим ва фозил кишилари даврасида бўладиган илмий суҳбатларда кўп иштирок этади. У бўлажак султон Ҳусайн Байқаро билан бирга таълим олиб, иккаласи ёшлигиданоқ бир-бирига яқиндан дўст бўлишган.

Алишер Навоий йирик маданий марказлардан бири Самарқандга 1466-68 йилларда келиб, машҳур олим, фақиҳ Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида таълим олади. Бу таълим даргоҳида диний, тасаввуфий ва турли фанларга оид билимларини янада чуқурлаштиради. Самарқанднинг кўзга кўринган шоирлари – Шайхим Суҳаймий, Мирзобек, Мавлоно Ховарий, Мир Қарший, Ҳарими Қаландар, муаммогўй Улойи Шоший, олим Мавлоно Муҳаммад Олим ва бошқалар билан ҳам суҳбат бўлиб, дўстлашади.

Алишер Навоий ўз ҳаётида ижодий фаолият билан бирга давлат ишларини ҳам олиб борган сиёсий арбобдир. У жамиятда фаровонлик ва меъморчиликка жуда катта эътибор қаратиб, давлат томонидан 16 кўприк, 20 га яқин сув сақлаш иншоати, 52 работ[4] ва кўплаб мадраса, масжид, хонақо ва ҳаммомлар бино қурдирганлигини тарихчи Хондамир ўз асарида келтирган[5].

Улар орасида Ҳиротдаги “Ихлосия”, “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчи- ларга мўлжалланган “Доруд-ҳуффоз” биноси, Марвдаги “Хусравия” мадрасаси, Машҳаддаги “Дорул-ҳуффоз” хайрия биноси ва бошқа кўплаб ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.

Алишер Навоий халққа инъом ва хайр-саховат кўрсатиш мақсадида ўзининг шахсий мулки ҳисобидан 4 мадраса, 25 дан зиёд масжид хонақоҳ ва 50 дан ортиқ работ ва бошқа жамиятда кўпчилик фойдаланадиган иншоатлар бино қилган[6].

Алишер Навоий форс, турк тилларида ижод қилган буюк мутафаккир бўлиб, араб тилида ҳам бир қатор салмоқли асарлар тасниф этганлиги манбаларда баён қилинган. Алишер Навоийнинг араб тилида “Сабаътул – абҳур” (Етти денгиз) номли диний - тасаввуфий руҳда луғат характеридаги асари маълум . Бу асар классик араб тилининг изоҳли лўғати сифатида эътироф этилган[7].

Алишер Навоийнинг ижоди ва асарлари ҳақида араб тилида тасниф этилган тарихий асар муаллифи Исмоил Бошо Бағдодий[8]нинг “Ҳадият-л-орифийн фи асмои-л-муаллифийн ва осори-л-мусаннифийн” (Мусаннифлар асарлари ва муаллифлар исмлари ҳақидаги орифлар туҳфаси) китобида Алишер Навоийнинг барча асарларини келтириб улар қаторида адибнинг “ас-Сайфу-л-ҳодий аъла риқбати-л-муноди”, (Жамоанинг назорат этишдаги ўткир йўлбошчилик) асари ҳам борлигини санаб ўтади[9].

Алишер Навоийнинг мазкур асари ҳақида XVII асрда яшаб ўтган тарихчи Ҳожи Халифа[10]нинг араб, форс ва турк тилларида тасниф этилган ўн беш минг машҳур китоб ва уларнинг муаллифлари ҳақида тарихий маълумотлар келтирилган “Кашфу-з-зунун” асарида ҳам маълумот берилиб, бу асарнинг муаалифи ҳазрат Навоий эканлиги кўрсатилган. Ҳожи Халифа “ас-Сайфу-л-ҳодий аъла риқбати-л-муноди”, (Жамоанинг назорат этишдаги ўткир йўлбошчилик) асари ҳақида “Муъину-л-муфтий[11]” асарида ҳам маълумотлар берилганлиги, ҳақиқатдан ҳам бу асар муаллифи Алишер Навоий эканлигини таъкидлаб ўтган[12]. Бу асарнинг мавжудлиги ва ўрганилганлик даражаси ҳали тўлиқ аниқланмаган.

Алишер Навоийнинг асарлари ичида “Арбаъин” (Қирқ ҳадис тўплами) номли араб, турк тилларида ёзилган асари ҳам мавжуд. Бу асар аслида Абдураҳмон Жомийнинг форс тилида ёзилган назмий асари бўлиб уни ҳазрат Навоий турк тилига таржима қилганлиги келтирилган. Ўрта асрларда ижод қилган кўпгина олим, фозил ва мутафаккирларнинг илмий меросларига эътибор қаратадиган бўлсак уларнинг аксарлари қирқ ҳадисни жамлаб, унга ўз тилларида назмий, насрий шарҳлар ёзганлиги ананасини кўрамиз. Демак, Алишер Навоий ҳам бу ананани давом эттириб, бу асарни араб тилидан, ўзи мустақил назмий шарҳини яратган дейишимиз ҳам мумкин бўлади[13].

Мазкур асарда, Алишер Навоий одоб-ахлоқ, ҳақиқий диний эътиқод, илм, касб-корга бўлган меҳр-муҳаббат ва одамийлик фазилатларига эга бўлган комил инсонни шакллантиришга чақирувчи қирқта ҳадисни турк тилидаги назмий баёнини яратган.

Манбаларда келтирилишича, Алишер Навоийнинг ушбу асарини ёзилишидаги асосий сабаб, Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) нинг қуйидаги ҳадислари бўлган: “Кимки мени ҳадисларимдан қирқтасини умматларимга еткизиш учун ёд олса, қиёмат куни мен, у кишини шафоатимга оламан[14]. Ҳазрат Навоий мазкур ҳадисни эшитган ва унга амалий жавоб тариқасида ҳадислардан қирқтасини, ўзининг ҳаёти фаолиятида тадқиқ этиб, унга назмий баён ёзган.

Қуйида мазкур асарда келтирилган баъзи ҳадислар ва уларга битилган туркий назмини таҳлил этамиз.

لا يؤمن أحدكم حتى يحب للأخيه ما يحب لنفسه[15]

“Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсани ўзга биродарига ҳам раво кўрмагунча, мўмини комил бўла олмайди ” .

Мўмин эрмасдур, улки имондин

Рўзгорида юз сафо кўргай,

Токи қардошиға раво кўрмас

Ҳар наким ўзига раво кўргай

Алишер Навоий мазкур ҳадиснинг умумий мазмунига эътибор қаратиб унга бадиий талқин берган. Яъни, ҳадисдан кўзда тутилган асосий мақсад инсонларнинг бир-бирлари билан доимий меҳр оқибат, хайр-саховатда бўлиб, ўзларига лозим топган нарсалардан биродарига ҳам раво кўришлиги ҳақиқий мўминлик, комиллик сифати эканлигини назмий ифодалаб берган.

المسلم من سلم المسلمون من يده و لسانه[16]

“Қўлидан ва тилидан ўзга мусулмонларга зарар етмайдиган кишигина ҳақиқий мусулмондир”.

Ким мусулмонлиғ айласа даъво

Чин эрмас гар фидо қилур жонлар.

Ул мусулмон дурурки, солимдур,

Тили-ю илгидин мусулмонлар.

Ҳақиқий мусулмон, комил инсон ушбу ҳадисда келтирилгандек, ўзининг қўли ва тилидан бошқаларга озор бермаслигидир. Назмда инсон жонини фидо қилиб мусулмонликни даъво қилса-ю, қўли ва тилидан ўзгаларга озор етиб турса, у ҳақиқий мусулмон бўлолмаслиги баён қилинмоқда.

من لا يرحم الناس لا يرحم االله[17]

“Одамларга раҳимли бўлмаган кишига, Оллоҳнинг ҳам раҳми келмайди”.

Тенгридин раҳм агар тамаъ қилсанг,

Аввал ўлмоқ кераксен элга раҳим.

Ҳар кишиким улусқа раҳм этмас,

Анга раҳм айламас раҳиму-карим.

Мазкур назмда Мутафаккир инсонларнинг бир-бирлари билан раҳм-шафқатли бўлиб, ўзаро ёрдамда бўлишлари, уларга тангри меҳрибонлигини келтиришига сабаб бўлишини баён қилиб, агар меҳр-шафқат, раҳмдиллик бўлмаса оллоҳнинг ҳам меҳрибонлиги бўлмаслигини назмий ифодаламоқда.

خير الناس من ينفع الناس[18]

“Одамларга фойдаси кўпроқ тегадиган киши одамларнинг энг яхшироғидур”.

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?

Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.

Яхшироқ бил они улус ароким,

Етса кўпроқ улусқа нафъ андин.

Жамиятда инсонлар доимо бир-бирларининг ёрдамларига муҳтожлик сезиб яшайди. Шундай экан, Алишер Навоий мазкур назмда, агар халқ ичида энг яхшиси кимлигини билмоқчи бўлсанг, халқдан сўраб бил ва уларни қай бирининг фойдаси халққа кўпроқ етиб турган бўлса, кишининг яхшиси шу инсон деб таъкидламоқда. Бу сифат ҳам комил инсоннинг ажралмас хусусияти деб талқин этилади.

العلم لا يبخل منه[19]

“Илмга бахиллик қилинмайди”.

Эй хиродманд[20] олимеки, санга

Илмдин рўзий айлади сонеъ.

Киши ўрганса қилмағил маҳрум,

Ёки нафъ олса бўлмағил монеъ.

Алишер Навоий ушбу ҳадисда келтирилгандек, илмга бахиллик қилувчи олимларга нисбатан, агар оллоҳ сенга илмдин бир насиба берган бўлса, уни сендан ўрганувчиларга бахиллик қилма ва илмдан фойдаланувчиларни қайтарма деб назмий кўринишдаги ифодасини баён қилган.

Алишер Навоий “Арбаъин” асарида келтирган ҳадисларнинг назмий шарҳини таълиф этиб, ҳадисларда олдинга сўрилган ғоялар, одамийлик, меҳр-мурувват, инсонпарварлик, илмга бўлган муносабат, мўминлик ва мумулмонликнинг асосини ифода этувчи, комил инсон бўлиб етишишдаги фазилатларнинг ёрқин баён қилиб берган.

Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, маънавияти ва бой илмий меросларини ўрганар эканмиз, Яратгандан барча олижаноб ишларимизда Навоий ғоялари, Навоий ибрати, Навоий маърифати бизга ҳамиша ҳамроҳ бўлсин, деб қоламиз.

 

 

 

[1] Ал-Бобоний. Ҳадият ул-орифин. Ж.1. Б.393.

[2] Ўша асар. Ж.1. Б.393.

[3] Мангуликка муҳрланган мутафаккир. Т.: А.Навоий номли ЎМК , 2006

[4] Работ- رباط -Карвонсарой, мусофирхона.

[5] Йўлдошев С., Қодиров М.,Усмонов М. Аждодларимиз мероси-мафкурамиз гавҳари. Т.: 2001. Б.133

[6] Ислом энциклопедияси. Т.: ЎзМЭ, 2005.

[7] Алишер Навоий. Арбаъин. Т.: Меҳнат, 1991 . Б.4

[8] Исмоил Бошо Бағдодий 1339 ҳ/1920 м. йилда вафот этган, “Изоҳу-л- макнун”, “Ҳадияту-л-орифийн фи асмои-л-муаллифийн ва осори-л-мусаннифийн.” ва бошқа китоблар муаллифи. Мазкур икки тарихий асарда 19000 китоб ва муаллифлар ҳақида маълумотлар жамланган.

        9. Исмоил Бошо Бағдодий . Ҳадияту-л-орифийн фи асмои-л-муаллифийн ва осори-л-мусаннифийн. Байрут: Дору иҳёу-т-турос, Ж.2.Б.320

[10] Ҳожи Халифа шарқда Котиб Чалабий номи билан машҳур бўлган, XVII асрда яшаб йигирмадан ортиқ муҳим асарлар ёзган.

[11] Бу асар муаллифи Муҳаммад ибн Абдулло ал-Арабий XVI асрда яшаган “Муъину-л-муфтий” асарини 1577 йилда ёзиб тугатган.

[12] Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. Матбаату-л-олам, Ж.2.Б.43

[13]Алишер Навоий. Арбаъин. Т.: Меҳнат, 1991 . Б.4

[14] Тамом ибн Розий Абу Қосим . ал-Фавоид. Риёз , 1991 Ж.2. Б.141.

  1. Имом Термизий. Сунани Термизий. Байрут, Ж.4 .Б.667

[16] Имом Бухорий. Адабу-л-муфрад, Байрут, 1989 Ж.1 .Б.391.

[17] Имом Бухорий. Адабу-л-муфрад. Байрут, 1989 Ж.1Б.135.

[18] Алишер Навоий. Арбаъин. Т: Меҳнат , 1991.

[19] Мазкур асар.

[20] Хиродманд- خردمند - ақлли, донишманд.

 

 

Ш.Х.Умаров,

Ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

маркази директори.