Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий ижодида ижтимоий одоблар талқини (ҳасаднинг зарарлари ҳақида)

Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий ижодида ижтимоий одоблар талқини (ҳасаднинг зарарлари ҳақида)

Барча улуғ зотлар ва мутафаккирлар илмий-адабий меросида ижтимоий одобларнинг асоси бўлган комил инсон ахлоқи талқинига кўпроқ тўхталган. Улар жамиятни ислоҳ этиш учун Қуръон, суннат ва мазҳаб йўли орқали инсонларни гўзал ахлоқ соҳиби бўлишга чорлаган. Шарқ мутасаввуфи бўлган Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий “Маориф” номли асарида ижтимоий одобларга оид кўплаб тарихий, ижтимоий, ирфоний-фалсафий қарашларни илгари сурган.

Инсон ҳаётини хавф-хатарга соладиган, умрини хазон қиладиган, кўплаб гуноҳларга бошлайдиган иллатлардан бири бу ҳасад қилишдир. «Ҳасад» сўзи луғатда «арчиш» ва «шилиш» маъноларини билдиради. Чунки, ҳасад қалбни арчади ва шилади. “Уламолар, ҳасад бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир”- дейдилар.

 

Саййид Бурҳониддин: “Аллоҳ таоло бир кишига Пайғамбарлик, илм ва сарват каби неъматларни инъом этган бўлса, ҳасад қилмаслик лозим”, -деб таъкидлайди. Ҳасад иллати қалбига кирган инсондан яхшилик чиқмайди. Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизийнинг кўзга кўринган шогирдларидан бири Жалолиддин Румий “Маснавий маънавий”нинг иккинчи дафтари 225 бетида “ҳасаднинг салбий оқибатлари” ҳақида шундай байтлари бор:

آن ابو جهل از محمد ننگ داشت 

 وز حسد خود را به بالا مىفراشت

بو الحكم نامش بد و بو جهل شد

 اى بسا اهل از حسد نااهل شد

من نديدم در جهان جست و جو

 هيچ اهليت به از خوى نكو

Мазмуни: Абу Жаҳл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ор қиларди, чунки у ҳасад ва кибр билан ўзини юқори мартабага кўрарди. Унинг асл исми Абулҳакам эди, кейин жаҳолат ва ҳасад сабабли Абу Жаҳл бўлди. Улар қариндош эди, лекин афсуски, ҳасади сабабли бегоналашди. Яхши хулқдан бўлак доимо ортидан юрадиган бу дунёда бошқа аҳилликни кўрмадим.

Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий Шуъайб алайҳиссалом ва қавми орасида бўлган бир воқеани қуйидагича баён этади:

 “Шуъайб алайҳиссалом бир куни Аллоҳнинг туганмас неъматларини баён қилар экан:

“Кимдир сизга оёқ кийим ҳадя қилса, уни севасиз, шундай экан, сизга оёқ берганни нима учун бегона биласиз? Бир киши сизга бош кийим ҳадя этса, уни дўст тутасиз, шундай экан бош ва ақл берган Зотдан нима учун юз ўгирасиз. Бири сизга узук ҳадя қилса, унга ошиқ бўласиз ва икки қўлингизни кўксингизга қуйиб таъзим қиласиз, шундай экан сизга қўл, оёқ ва бармоқларни бахшида этган Аллоҳни нега танимайсиз?”- деб Аллоҳнинг неъматларини бирма-бир санар эди. Тингловчилар:

“Биз Аллоҳни севар эдик ва берган неъматларига шукр қилар эдик. Аммо сени пайғамбар қилиб юборди. Бу мўъжизалар ва қудрат билан сени биздан устун қилди. Шу сабабдан Унга (Аллоҳга) душман бўлдик” - дейишди. Шуъайб алайҳиссалом:

“Мен сизлардан айри эмасман (сизлардек одам зурриётидан дунёга келганман), мени пайғамбар қилиб танлаб юборди. Лекин мени танлаш билан бирга барчангизни ҳам танлади, фақат мени танламади. У Зот жонингизни ва ўзингизни асраш учун шундай қилган. Сиз эса шукр қилишингиз керак”.

Масалан: сиз хавфли бир йўл устида ухлаётганингизда, кимдир сизни қўли билан ён томонингизга туртиб: “Ўрнингиздан туринг! Бу ерда ухлаш хавфлидир!” дейди. У кишининг туртишини аввал юрак (қалб) эшитади, сўнгра кўз кўради. Инсоннинг бошқа жисмлари эса бундан ҳали хабар топмаган. Бироз вақтдан кейин барча аъзолар хабар топиб, ҳаракатланади ва бу хавфдан қутулади. Бошқа жисмлар эса ҳеч қачон: “Эй қалб, биз кетмаймиз, ўзинг кетавер! Эй кўз, биз бормаймиз, ўзинг боравер! Чунки у (киши) сени биринчи бўлиб уйғотди! демайди. 

Баъзида ўлимга маҳкум бўлган, зиндондаги шахс, аввал қўлини чап ва ўнг томон пайпаслайди. (Бирор тешикни топса) топган тешигини катталаштиришни бошлайди, инсоннинг бошқа аъзолари эса: “Эй қўл, тешикни катталаштирма! Аввал сен чиқдинг, биз чиқишни хоҳламаймиз” – дейишмайди. Фақат ҳаракат қилишдан тўхтаган, қобилиятсиз, ўлик каби жисм бўлса шундай дейди. Лекин ҳушёр ва ҳаракатчан, соғлом жисм бўлса севинадилар (ҳаракат қилишни бошлайди) ва: “Аввал бир қўл билан ташқарига чиқиш йўлини топдинг, сўнгра бизни ҳам қутқардинг”, – дея ташаккур айтадилар. Буларнинг барчаси муваффаққиятга эриштирган Аллоҳнинг иродаси билан бўлади.

Кофирларнинг барчаси шундай дейишарди: “молимиз, мулкимиз, насл-насабимиз, гўзаллигимиз, келиб чиқишимиз, қабиламиз, шаклимиз Муҳаммаддан устундир. Унга қандай қилиб пайғамбарлик нубуввати келиши мумкин?”

Уларда нур бўлмаганлиги сабабли, ичидаги нурдан хабарлари йўқ. Энди, сен ташқи кўринишни безаб, тарбия қиляпсан, ботинингни ўз ҳолича қолдиряпсан.

Жон аз дарун ба фоқаву табъ аз берун ба барг,

Дев аз хуриш баҳизаву Жамшед ношто.

Акнун бикун даво, ки Масиҳ ту бар замин аст,

Чун шуд Масиҳ сўи фалак фавт шуд даво(Девони Ҳоқоний, 25 б).

Мазмуни: Жон ботин оламида мавжуд, лекин у аслида кўринмайдиган нарсадир. Зоҳиримизнинг шакли ташқи оламимизга боғлиқдир. Нафс кўп таом истеъмол қилиш сабабидан ҳазм қилиш органларини мажруҳ этади. Жамшид (Афсонавий Жамшид) нонушта қилмаган, шунинг учун кечадан бери очдир. Ҳозироқ дардингга дармон топишга урин, токи Исо алайҳиссалом ер юзида экан. Агар Исо алайҳиссалом осмонга чиқса, дармонлар ҳам у киши билан осмонга кўтарилади.

Сичқондек сурат ва ҳою ҳавас табиати қалбинг тубига тушган бўлса, бу нажосатни тозалаш учун соф бўлган ҳаёт суви ва маънолар ҳақиқатига қўлинг етмай қолади. Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Албатта мушриклар нажасдирлар, бунга шубҳа йўқ”(Тавба сураси, 28-оят). “Уни фақат покланганларгина ушлайдилар”(Воқиаъ сураси, 79-оят). Токи ўша сичқонни қалбингдан чиқаролмасанг, қалбингдаги қудуқни (ифлосликни) тозламасанг, ҳақиқий ҳаёт сувидан баҳраманд бўлишинг амри маҳол. Яъни, пок сўз чиқиши учун покиза жон керак. Қуръон камонидан ўқ отиш учун Зол ўғли Рустамдек паҳлавон бўлиш лозим. Зулфиқор қиличини қўлда ушлаб кофирларнинг бошини танасидан жудо қилиш учун Ҳазрат Алининг жасорати керак. Қизларнинг иффатини сақлаш ҳақиқий мардлар иши. Чунки бу каби ишларни саботли, жасур кишилар бажаради. Сенинг жонинг бўлмаса, сўзингда қандай қилиб руҳ (қувват) бўлади?

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳасад барча инсоний хатоликларнинг боши. У сичқон мисоли соғлом қалбни кемиради. Саодатли ҳаётни шақоватли ҳаётга айлантиради. Мутафаккирнинг ҳасад ҳақидаги фикрлари бизни ҳушёр тортишга ундайди. Ҳасад бўлган жойда ҳавас бўлмайди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасаддан сақланинг! Чунки, ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», – дедилар». Ҳасадни даволаш учун биринчи ўринда илм ва тиришқоқлик лозим. Ҳасад келганда акси ўлароқ ҳавас қилишга ўзини мажбурласин. Нафси бировга душманлик қилишга буюрса, унга қарши дўстлик қилишсин. Ҳасад мутакаббирлик қилишга буюрса, у тавозели бўлишга шошилсин.

 

Жамаҳматов Каромиддин -

 Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими