"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Уялма маърифатни ўрганурдин,
Танур жойинг бўлур қолсанг танурдин!
Сўфи Аллоҳёр
Илм-маърифат ўрганишда уялма, ор қилма. Илм уяладиган нарса эмас. Савол бериш уятли иш эмас. Саволнинг уятлиси бўлмайди. Илмсизлик ва жаҳолат уятли ишдир. Жаҳолатни йўқотишга уруниш эса уялиб ўтирадиган иш эмас.
Мазкур байтдаги биринчи “танур” сўзи арабчада тандир маъносида. У ўт-оловдан, яъни, дўзахдан киноя. Иккинчи “танур” сўзи эса ўзбекча “танимоқ” феълидан олинган. Демак, байтнинг маъноси: агар илм олишдан, билим орттиришдан – танимоқдан яъни ўрганмоқдан қоладиган бўлсанг, жойинг дўзахда бўлади. Инсон жойини дўзахдан эмас жаннатдан ҳозирламоғи даркор. Бунинг учун эса билимли бўлиши зарур. Илмсизнинг шўри қурисин! Илмга интилувчи қандай ҳам бахтли! Аллоҳ учун, билим орттириш ниятида ёзилган саволнинг ҳар бир ҳарфига савоб берилади. Илмнинг ҳар бир сиёҳи (ҳарфи) қиёматда шаҳидлар қони билан ўлчанади. Яъни, илм олувчи шаҳидлардан устун ҳисобланади.
Ҳамидуллоҳ Аминов -
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Манбашунослик бўлими илмий ходими