"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Такфир – мусулмонларни кофирга чиқариш шариатда қораланган иш бўлиб, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларнинг барчаси ўзларидан бошқаларни кофирга чиқариш билан танилганлар. Такфирчилар тарихда кўп машъум из қолдирганлиги, такфирчиликни эшитганлар улардан хазар қиладиган бир даражага бориб етганлиги сабаб бугунги кун такфирчилари ўзларини бошқа ном билан кўрсатиб асл башараларини яширишга ҳаракат қилиб келишмоқда. Ўтмишда яшаб ўтган аҳли сунна вал жамоанинг буюк олимлари улар билан илмий ва ғоявий кураш олиб бориб ўз даврида такфирчиларга керакли жавобларни беришган ва мазкур жавоб ҳамда раддиялар ҳозиги кунга ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ана шундай олимлардан бири буюк мутафаккир, шоир, муфассир, тилшунос, мутасаввиф бўлмиш Абдурраҳмон Жомий раҳимаҳуллоҳ (1414 й., Жом — 1492 й., Ҳирот) ўзларининг “Силсилат уз-заҳаб” асарларида “Аҳли қиблани такфир қилиш – кофирга чиқариш жоиз эмаслигига ишора” номли бобида қуйидагиларни айтганлар:
Ҳарки бошад зи аҳли қибла падид,
Ки, ба оварда-и Набий гаравид.
Гарчи сад бидъат-у хато-у халал,
Биний, онро аз рўйи илму амал.
Макун уро ба-сарзаниш такфир,
Машумораш зи аҳли нор-у саъир.
Вар ба-бийний касе зи аҳли салоҳ,
Ки, равад роҳи дин сабоҳ-у равоҳ.
Аз маноҳий шавад ба-кулл як суй,
Ба-авомир ниҳад ба-куллий рўй.
Кунад аз фарзҳо-ю нофилҳо,
Суйи уқбо равона қофилҳо.
Ба-яқин, зи аҳли жаннаташ машумор,
Эмин аз рўзи охираш магузор.
Маъно таржимаси:
Кимки аҳли қибладан бўлиб, Каъбани қибла деб эътиқод қилиб, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг келтирганига – Қуръонга ва шариатга ишонса, у юз бидъат, юз хато ва камчилик – гуноҳ қилса ҳам, унинг қилаётган амали ва билим савияси кўриб, шу сабабли уни такфир қилиб сўкма, кофирга чиқарувчи бўлма! Ўшандай одамни дўзах аҳлидан дема, жаҳаннамга тушувчилар қаторида санама!
Агар бирор одамни солиҳлигини кўрсанг, эрта-ю кеч дин йўлида юрганини билсанг, гуноҳлардан батамом четлашган, савобли ишларга буткул ўзини бағишлаган, фарз ва нафлларни ўз вақтида бажо қилувчи эканини эшитсанг, у охиратга сафар қилганида, уни аниқ жаннати одам деб ҳисоблама, охирати бутунлай обод деб ўйлама!
Дарҳақиқат такфир – мусулмонларни кофирга чиқариш бугунги куннинг ҳам энг катта балоларидан бири бўлиб қолмоқда.
(Абдурраҳмон Жомий. Силсилат уз-заҳаб // Ҳафт авранг. ЎзФА ШИ, 8202-рақамли қўлёзма 67б бет.)
Ҳамидуллоҳ Аминов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Манбашунослик бўлими илмий ходими