"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Хожа Муҳаммад Порсо ҳаёти ва илмий фаолияти
(1348-1420)
Тасаввуф илмининг Нақшбандия мактаби ислом оламига мутасаввуф шайхлар билан бир қаторда етук олимларни ҳам етиштириб берган эди. Ана шундай зотлардан бири Хожа Муҳаммад Порсо ал-Бухорийдир. Унинг исми-шарифидаги «ал-Бухорий» қўшимчасига асосланиб айтиш мумкинки, Порсо Бухорода 1348 йил туғилган. У мадрасаларда ўқиб, Қуръон, ҳадис, калом, фиқҳ, тасаввуф, мантиқ ва бошқа илмларни чуқур ўрганиб, замонасининг забардаст кишилардан бири бўлиб етишди ва Баҳоуддин Нақшбанддан сўнг Марказий Осиёда нақшбандия оқимининг энг йирик вакили ҳамда нақшбандия тариқатининг назариётчи олими сифатида танилади. Абдураҳмон Жомий ўзининг «Нафоҳот ул-унс» номли асарида кўрсатишича, Муҳаммад Порсонинг тўлиқ исми Муҳаммад бин Маҳмуд ал-Ҳофиз ал-Бухорийдир. «Порсо» унинг лақаби бўлиб, бу лақабни унга Баҳоуддин Нақшбанд берган. «Рашаҳот» муаллифи бунинг тафсилотини қуйидагича баён қилади: «Муҳаммад Порсо кўчада мунтазир ҳолда турардилар. Ногоҳ ичкаридан Ҳазрати Хожанинг хизматкорлари чиқиб у кишини ташқарида кўради. Ҳазрати Хожа хизматкоридан: «Кўчада турган ким?» — деб сўрайдилар. «Бир порсо (диндор) йигит турибди», деди хизматкор. Ҳазрати Хожа ташқарига чиқиб, Хожа Муҳаммадни кўрдилар ва унга: «Сиз порсо экансиз», дедилар. Шу кундан бошлаб эл орасида у «Порсо» лақаби билан машҳур бўлиб кетди. Хожа Муҳаммад Порсонинг Баҳоуддин Нақшбанд билан бўлган ўзаро муносабатларини Муҳаммад Боқир «Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд» номли асарида мукаммал баён қилинган. Хожа Муҳаммад Порсо «Туҳфат уз-зоирин» китобида кўрсатилишича, Баҳоуддин Нақшбанднинг иккинчи халифаси эди. Баҳоуддин Нақшбанд ўзининг бу шогирдига катта умид билан қараган ва унинг тарбиясини ўз назоратига олган.
«Рашаҳот» муаллифи Хожа Муҳаммад Порсо ҳаётидан қуйидаги ҳикояни келтирилади: «Ҳижоз йўлида Хожаи Бузург (Баҳоуддин) касал бўлиб, васият қилдилар. Шу аснода дўстлар ҳузурида бу мажлисга юзланиб: «Хожагонлар хонадонининг халифаларидан бу заифга нимаики етган бўлса ва бу йўлда ниманики топган бўлса, бу омонатларнинг барчасини сенга топширдим. Сени бу амонатни Ҳақ субҳонаҳу таоло халқига етказ», дедилар. Ҳижоз сафаридан қайтганимизда эса дўстлар ҳузурида: «Бизда нимаики бўлса, сен ҳаммасини тўлиқ олдинг», дедилар. Ҳаётларининг охирида эса: «Бизнинг вужудга келишимизнинг сабаби Муҳаммад Порсонинг зуҳури эди», дедилар». Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан олдин Хожа Муҳаммад Порсони ўз ўрнига тайин қилганлигини унинг яқинларидан бўлган Хожа Али Домод қуйидагича тавсифлайди: «Ҳазрати Хожа Баҳовуддин охирги беморликлари пайтида ҳозирги жасадлари ётган қабрни ковлашга буюрдилар. Қабрни ковлаб бўлиб, уларнинг ҳузурларига келдим. Ўзларидан сўнг иршод ишига кимни буюрар эканлар, деган фикр кўнглимдан ўтди. Улар тўсатдан менга ўгирилиб: «Ҳижоз йўлида айтган гапимга тураман, кимки бизга эргашишни хоҳласа, Хожа Муҳаммад Порсога назар қилсин», - дедилар».
Мазкур мисоллар Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирдига нисбатан ҳурмати ва ихлоси баланд бўлганидандир. «Рашаҳот» муаллифи Али Сафийнинг ёзишича, Хожа Муҳаммад Порсо кучли каромат соҳиби бўлса-да, бироқ буни иложи борича яширишга ҳаракат қилган. Аммо, зарурат юзасидан баъзида уни ошкор қилишга мажбур бўлган. Шундай воқеалардан бирининг тафсилоти қуйидагича:
Хожа Муҳаммад Порсо нафақат валиюллоҳ, балки ўз даврининг йирик исломшунос олимларидан эди. Унинг илмий-ирофний ва фалсафий асарлари Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик университетида сақланиб келмоқда.
Хожа Муҳаммад Порсонинг асарлари
1. «Рисолаи қудсия» («Хожа Баҳоуддиннинг қудсий калималари ҳақида рисола»).
2. «Аз анфоси қудсияи машойихи тариқат» («Тариқат машойихла-рининг қудсий калималаридан»).
3. «Эътиқодот» («Эьтиқод ҳақида рисола»).
4. «Таҳқиқот («Тасаввуф истилоҳлари ҳақида рисола»).
5. «Тафсири Қурьон («Қурьон тафсири»).
6. «Ал-ҳадис ул-арбаъуна» («Қирқ ҳадис»).
7. «Рисола дар одоби мурид» («Мурид одоблари ҳақида рисола»).
8. «Рисолаи кашфия» («Кароматлар ҳақида рисола»).
9. «Рисолаи маҳбубия» («Дўстлик ҳақида рисола»).
10. «Шарҳи «Фиқҳи Кайдоний» («Фиқҳи Кайдоний» асарининг шарҳи»).
11. «Фасл ул-хитоб би-вусули-аҳбоб» («Дўстлар висолига етишишда оқ ила қорани ажратувчи китоб»).
12. «Мухтасари таърихи Макка» («Макка шаҳрининг қисқача тарихи»).
13. «Фусули ситта» («Олти фасл»).
14. «Мактуби Хожа Муҳаммад Порсо ва Мавлоно Зайнуддин» («Хожа Муҳаммад Порсонинг Мавлоно Зайнуддиннга мактуби»).
15. «Мақомоти Хожа Алоуддин Аттор» («Алоуддин Аттор мақомоти»).
16. «Мақомати Хожа Баҳоуддин Нақшбанд» («Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мақомоти»).
17. «Мукдддима ли-жомиъ ул-калим» («Жомиъ ул-калим» китобига мукдддима»).
18. «Ҳафтоду ду фирқа» («Етмиш икки фирқа»).
19. “Ақсоми хавотир” (“Хавотирнинг қисмлари”)[1].
Бундан ташқари ушбу қўлёзмалар фондида Хожа Муҳаммад Порсонинг ўз қўли билан муҳр босган бошқа бир муаллифнинг асари ҳам сақланади. Бу унинг етук олим бўлиши билан бирга, ўзининг шахсий кутубхонасига ҳам эга эканлигини кўрсатади. Хожа Муҳаммад Порсо икки маротаба Ҳаж сафарини адо этган. Дастлаб устози Баҳоуддин Нақшбанд билан, кейин 1419 йили Бухородан Термиз, Балх ва Ҳирот орқали Нишопурга, ундан эса Мадинага кириб боради. Ҳаж зиёратини амалга оширгач, тақдир тақозоси билан касалликга чалиниб, 72 ёшида Мадинаи мунавварда вафот этади. Аббос розияллоҳу анҳу мақбараси ёнига жасадлари дафн этилади. Шайх Зайнуддин ал-Хавофий Мисрдан тарошланган оқ тошни келтириб, унинг қабри устига ҳурмат тариқасида қўяди.
“Рисолаи қудсия” асарининг маъно мазмуни
Хожа Муҳаммад Порсонинг «Рисолаи қудсия» асари Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг қудсий калималарини шарҳлашга бағишланган. Бу калималар Баҳоудцин Нақшбанднинг ўз оғзидан эшитилган бўлиб, Муҳаммад Порсо уларни жамлаб юрган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Бу қудсия сўзлари гарчи қасират ул-мабоний (баёнлари қисқа) бўлса ҳам, лекин касират ул-маъоний (маъноларга бой) саналади. “Оз нарса кўп нарсага далолат қилар, денгиздаги бир томчи сув денгизнинг сероблигидан далолат берар”». Муҳаммад Порсо ўзининг бу асарида улуғвор устозининг қудсий калимларини келтирибгина қолмай, уларни шарҳлаб ҳам беради. Асар Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, унинг хизматлари ва маънавий оламини очиб бериш ҳамда Нақшбандия сулукининг асослари ҳақида чуқур маълумотларни ўз ичига олиши билан ниҳоятда қимматли манба саналади.
У киши “зикр” фойдалари ҳақида қуйидагиларни баён этади: “Мусулмонликнинг асли – Лаа илаҳа иллаллоҳдир. Бу зикрнинг кўзидир. Бошқа барча ибодатлар бу зикрнинг далили саналади. Намознинг руҳи Ҳақ субҳонаҳу ва таоло зикрини пок этмоқ билан амалга ошади. Қалб ва тариқатга эргашиш орқали (руҳ) пок бўлади. Рўзадан мақсад шаҳватларни кесиш. Шаҳват заҳматларидан қалб пок бўлганидагина, зикр уни маскан қилади. Ҳаждан мақсад Каъбанинг ҳақиқий эгасини зикр қилмоқ ва Унинг олий дийдорига ҳаяжон-ла ошиқмоқдир. Ортиқча шаҳватлар-у гуноҳларни тарк этмоқ, зикрнинг файзу-фароғатини ҳис этиш учундир.
Аллоҳнинг амру наҳйидан мақсад – зикр. Зикрнинг ҳақиқати шуки, барчадан (қалбан) кесмоқдир. Илоҳий муҳаббатдан ташқари ҳеч бир кишига кўнгил қуймасин (Аллоҳ таоло ризолиги учун одамлар билан улфат бўлиш бундан мустасно). Ҳақ таолодан бошқа ҳеч кимни маъбуд қилиб олмасин. Бошқалар ҳавосини қалбидан суғуриб ташласин.
Зикрнинг ҳақиқий белгиси Аллоҳ азза ва жалла амру наҳийсини эсидан чиқармай, итоатда бардавом бўлишдир. Агар бунинг акси бўлса, унинг зикри нафснинг хоҳиш-истакларидан бошқа нарса эмас.
Шунинг учун (зокир) зикрни давомий айтиши керак, жумладан халққа ва Аллоҳга нисбатан қилган ботиний ва зоҳирий гуноҳларидан насуҳ тавба қилиши шарт. Чунки зикрга мазкур хилофлар бўлса, ҳақиқий зикр саналмайди.
Зикр шартларидан бири – содиқ (муршид) талабига бўлсин, унга талаб дарди, тариқатнинг сайру сулуки асосий мақсади бўлиши лозим; Сулук йўлида унга монеълик қиладиган ҳар бир нарсадан хавотир-у нафратда бўлади, ўз нафсидан кечади ва халқдан кўнгил узади. Шу ҳолда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло зикрига ғарқ бўлишга эришади”.
Хулоса, “Рисолаи қудсия” асарининг таркибий қисми хожагон тариқати сайру-сулукига бағишланиб, тасаввуф таълимотига дахлдор бўлган руҳий тарбия мавзуларидан иборат. Шу билан бирга Қуръони карим, ҳадиси шариф, сўфийларнинг ҳикматли сўзлари, мутасаввиф шоирларнинг шеърларидан далил келтирган. Порсо ҳар бир мавзуда Қуръон оятига мурожаат қилиб, изидан ҳадисдан иқтибос келтиради. Бундан ташқари Шайх Аттор ва Мавлавий Румий ижодидан унумли фойдаланиб, мавзуга алоқадор бўлган турли жанрдаги шеърлардан фойдаланади. “Рисолаи қудсия” асарининг илмий-академик нашри 1354/1976 йилда форс олими Аҳмад Тоҳири Ироқий томонидан Теҳронда тайёрланди.
Жамаҳматов Каромиддин -
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказининг манбашунослик бўлими бошлиғи
[1] “Ақсоми хавотир” асарининг қўлёзма нусхаси Теҳрон университетининг исломий шўро мажлисининг 35/16009 рақами остида сақланиб келмоқда. Ушбу асар 6 бетдан иборат бўлиб, Мир Абдуллоҳ номли котиб томонидан чиройли настаълиқ ёзувида кўчирилган. Бу асар ҳақида тасаввуфшинос олим Али Қанбариён “دو رساله در خواطتر نفسانی (از خواجه محمد پارسا و محمد بن عبد الجبارا لنفری) номли мақоласида батафсил маълумот берган.