"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Суҳбат одоби кўплаб Шарқ мутафаккирлари ижодида асосий масалалардан бири бўлиб келган. Шундай мутафаккирлардан бири VIII асрда Араб халифалигида яшаган ибн ал-Муқаффа бўлиб, ўзининг “Ал-адаб ал-кабир” асарида ушбу масалага алоҳида аҳамият қаратган. Ушбу асарда суҳбатдошлар ўртасидаги одоб қоидалари, суҳбатлашув маданияти ва унга боғлиқ бўлган кўплаб масалалар борасида фикр юритилган. Ушбу фикр-мулоҳазалар асосида соғлом ва олийжаноб ғоялар ётади.
Суҳбатдош ўзаро мулоқот жараёнида ҳамсуҳбатларига нисбатан ҳақоратомуз гаплардан сақланиши лозим. У олим бўлса ҳам ўзини худди билимсиз каби, нотиқ бўлса ҳам сўзга уста бўлмаган киши каби билиши, ўз сўзида суҳбатдошини алдашга интилмаслиги, суҳбатдошининг фикрларини ерга урмаслиги, танбеҳ беришга ҳавасманд бўлмаслиги керак. Ўз фикрини давом эттирар экан, ибн ал-Муқаффа суҳбат одобиниинг бошқа нозик жиҳатларига ҳам ўз диққатини қаратади. Унинг нуқтаи назари бўйича, инсон ўз гапини бошлаганидан кейин уни узиб қўймаслиги, ҳар қандай вазиятда ақли ва каломини жамлаши лозим. У уламоларнинг суҳбатига ҳавасманд бўлсин, ҳазил ва жиддийликни аралаштирмасин, ҳамма ерда илм иддаосини қилмасин. Бунинг орқасидан у билан ҳамсуҳбат бўлишга ҳеч кимнинг хоҳиши қолмайди, ўзига издош топа олмай қолади. Суҳбат одобига кўра, инсон ўз суҳбатдошини шошилтирмаслиги, унинг сўзини бўлиб қўймаслиги, ўзаро мусобақалашмаслиги ҳам ижобий жиҳатлардандир. У сўз борасида мағлуб бўлса ҳам, сукут сақлаш борасида мағлуб бўлмаслиги керак. Одоби юксак даражада бўлган суҳбатдош ҳар бир хабарга фақатгина далил-исбот келтирилгандагини ишонч билдирсин, фақатгина эшитганларига асосланиб хабар тарқатмасин.
Cарвар Саидов –
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими