"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Буюк аллома ва муҳаддислар юрти бўлган жаннатмакон ватанимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳатлар каби диний-маърифий соҳани ривожлантириш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Дунё илм-фан тараққиётига ўлкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш, ислом динининг мазмун моҳиятини теран англаш, маърифий ислом асосида “Жаҳолатга қарши - маърифат” шиори билан ҳаракат қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада кейинги йилларда талапйгина ишларо амалга оширилди. Жумладан, буюк алломаларимиз номи билан Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда ҳадис мактаби, Бухорода Мир араб олий мадрасаси, Термизда ислом таълим муассасаларининг ташкил этилиши буюк аждодлар меросини ўрганиш ҳамда маърифий исломни ёшларга таълим беришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу маърифат масканлари нафақат юртимиз, балки дунё экспертлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йили Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб: “Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келса ҳам, қулай шароит бўлиши зарур”, - деган эди. Ўтган вақтларда мажмуанинг бутунлай янги лойиҳаси кашф этилди. Президентимиз ҳузурида бир неча бор тақдимот қилиниб, у кишининг кўрсатмалари асосида такомиллаштирилди. Гўзал ниятнинг, натижаси улароқ Президентимизнинг муборак Рамазон кунларидаги навбатдаги ташрифида Имом Бухорий мажмуасида янги лойиҳа асосида бунёдкорлик ишлари бошланганлиги таъкидланиб, мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан муборакбод этиб, “Рамазон ойи –эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад –исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”, - дедилар муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев. Дарҳақиқат, Рамазон ойи барака ва меҳр-саховат ойи бу ойда қилинган ишларни ажр-мукофати бошқа ойлардан кўра кўпайтириб бериладиган фурсат ҳисобланади. Яхши ниятлар билан бошланган бу катта иншоат буюк муҳаддиснинг мусулмон оламида тутган ҳурмат эътиборига хос улуғ иш бўлади ва албатта, унинг мукофаати ҳам чиройли бўлади. Бутун дунё аҳли Имом Бухорийнинг юрти бўлган Ўзбекистонга ошиқади, бу маконга келиб, муҳаддислар юртини зиёрат этишни доим ўзига мақсад қилиб олади. Халқаро конференцияларнинг бирида хорижлик олимлардан бири “Имом Бухорий маърифати олдида бутун дунё аҳли бирга ҳаракат қилса ҳам, бу буюк муҳаддиснинг ҳадис илми борасида қилган хизматини оқлай олмайди” деган эди. Буюк муҳаддисга берилган ушбу таърифдан унинг абадий қуним топган масканини обод этиш, мажмуани халқаро андозаларга мос меъморчилигини, унинг жозибадорлигини ошириб, дунё аҳлига тараннум этишда муҳим ишга қўл ўрилди. Бу ишлардан кўзланган мақсадга ҳам Президентимиз тўхталиб шундай дедилар: “Муқаддас динимиз бизни инсонпарварликни, тинчлик ва осойишталикни қадрлаб яшашга, меҳр-оқибатли бўлишга даъват этади. Мана шундай тушунча ва қараш билан ҳар бир оила ва маҳаллада, бутун жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга эриша оламиз. Такрор айтаман, тинчлик ва соғлик бўлса, қолган ҳамма нарса бўлади”. Бу ишларни айни улуғ кунларда бошланишида ҳам рамзи маъно бор. Зеро, кўплаб алломаларимизнинг асарларини тасниф этилиши, уни охирига етказишлари Рамазон ойида амалга оширилгани ёки улар доим рўза ҳолда бўлгани таъкидланади. Мажмуадаги янги лойиҳа бўйича қўрилиш ишларининг шу муборак кунларда бошланиши ҳам улуғ аждодларимиз томонидан риоя этиб келинган қоидага мувофиқ келади. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади”.
Мажмуа атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўлай бўлган шароитлар яратилиши борасида ҳам кўрсатмалар берилди. Мажмуада оқсоқоллар, нуронийлар, зиёлилар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув асносида Юртбошимиз бу маскан “Юртимиз ва Самарқанднинг энг гўзал гўшаси бўлиши, Минтақанинг Тож Маҳали ҳамда Маънавият ва маърифат шу ердан бошланиши” ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, мажмуада қайта қурилиб, 10000 намозхонни қабул қила оладиган тўртта 72 метрлик миноралар билан безаб туриладиган муҳташам масжид биноси ҳам қад кўтаради.
Мажмуада бошланган бу хайрли ишларни бардавом бўлишини сўраб нуроний-оқсоқолларимиз дуо қилдилар. Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ойида Самарқанд вилоятига ташриф буюрганининг асосий сабаби бу маконда улуғ муҳаддис Имом Бухорийни хотираси борлигини қуйидагича таъкидладилар: “Самарқанд халқига Рамазони шариф муборак бўлсин. Президент нега айнан Самарқандга келди дерсиз. Биз шу улуғ айём кунларида Самарқанд учун режалар тузамиз. Бу ерда улуғ бобомиз Имом ал Бухорий хотираси бор. 600 минг ҳадисни пиёда юриб тўплаган. Унинг меросини бутун мусулмон дунёсига тараннум этсак арзийди. Бобомизга муносиб мақбаралар, масжидлар қуришни бошлаганмиз. Бу ерга келган мўмин-мусулмонларга шароит яратсак, улар ҳам буюк тарихли давлат эканимизга, шу тарихни элга, айниқса, ёшларга етказишни истаётганимизга гувоҳ бўлади. Ўзимизга ҳам бу ишларимиз инсоф, диёнат, шукроналик ҳиссиётларини беради”. Дарҳақиқат буюк муҳаддисга бўлган мазкур юксак эҳтиром Президентимиз ташаббуслари билан бошланди. Бу ишлар негизида Имом Бухорий меросини ёшларга, қолаверса, бутун дунёга тараннум этишдан иборат. Зеро, ниятлар чиройли, унинг келажакдаги натижаси ҳам гўзал бўлишига ишонамиз. Бутун ҳаёти давомида олти юз минг ҳадис тўплам, қирқ йил умрини илм сафарида ўтказган муҳаддис ўзининг шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий” даги биринчи ҳадисда “Албатта амаллар унинг ниятига қараб бўлади” деб таъкидлаганлар. Бугун муҳтарам Юртбошимизнинг ниятлари чиройли, албатта бу эзгу ниятлар натижаси ҳам бундан-да гўзал бўлади. Бу бутун юртимиз аҳлининг буюк аждодлари олдидаги ворислик бурчи ҳисобланади. Шунингдек, миллатимиз ғурур-ифтихори бўлган бу буюк муҳаддисга ҳақиқий эҳтиром намунаси бўлиб хизмат қилади. Албатта, бу мажмуанинг қўрилиши дунё аҳлини ҳайратга солади, Амир Темур давридаги муҳташам бинолар каби тарихда қолади.
Ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялашда, уларнинг буюк аждодларга хос ворис бўлиб, тарбия топишларида ҳам бу каби эзгу ишларнинг амалий аҳамияти беҳисобдир. Гўё-ки, Имом Бухорий ўз авлодларини “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деб илм-маърифатга чорлаб тургандек намоён бўлади. Юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳатларнинг негизида хайрли ният, чиройли оқибат ва илм-маърифат ётибди. Имом Бухорий мажмуасининг янги лойиҳаси нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун Рамазон ойининг муносиб тўҳфаси сифатида қабул қилинмоқда.
Шукурилло УМАРОВ - тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори