ИМОМИ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА: “ҲЕЧ КИМНИ ГУНОҲИ САБАБ КОФИР ДЕМАЙМИЗ”

ИМОМИ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА: “ҲЕЧ КИМНИ ГУНОҲИ САБАБ КОФИР ДЕМАЙМИЗ”

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” асарида шундай дейдилар: “Гуноҳ сабабли ҳеч бир кишини кофирга чиқармаймиз ва ҳеч кимдан иймон номини олиб ташламаймиз”.

“Фиқҳул акбар” асарига шарҳ ёзган аллома Абу Мансур Мотуридий дейдилар: “Гуноҳи сабаб инсонни кофирга чиқариш масаласи ихтилофли масалалардандир”.

 Адашган тоифалардан хорижийлар дейди: “Инсон гуноҳи кабиралардан бирини содир қилса кофир бўлади, ундан иймони чиқиб кетади. Муржиалар эса: “Гуноҳ иймонга зарар бермайди худди кофирга тоат-ибодат фойда бермагани каби”. Қадарий ва Муътазилалар: “Киши гуноҳи кабира қилса иймондан чиқади, лекин куфрга кирмайди. У иймон билан куфрни ўртасида қолади. Агар ўлимидан аввал гуноҳдан қайтиб тавба қилса, иймон ҳалқасига киради. Ва агар ўлимидан аввал тавба қилмаса куфр ҳалқасига киради ва дўзахда абадий қолади” дейди. Улар бу ояти каримани далил келтирадилар: “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур (Нисо, 93). Имом Абу Мансур Мотуридий бу ояти каримани шундай шарҳлайди. “Аллоҳ таоло хабар бермоқдаки мўминни қасддан ўлдирган киши дўзахда абадий қолади. Оятдаги “хулуд” (абадий қолиш) кофир учундир”. Аҳли сунна вал жамоа имомлари дейдилар-ки: “Улар бу оятни далил қилиб ижмоъга қарши ихтилоф қилдилар. Саодатга эришишни истаганларида Саҳобалар ва улардан кейинги тафсир аҳлига ҳам ихтилоф қилмаган бўлардилар.

Тафсир аҳли, хусусан Қуръони карим таржимони Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ижмоан: “Бу оятдан ирода қилинган маъно шулки, қачон қотил қатлни ҳалол санаса шунда кофир бўлади ва жаҳаннамда абадий қолади” деганлар. Оятдаги “хулуд” лафзи “абадий” маъносида эмас, балки “тола” – ўзоқ вақт қолиб кетди” маъносида келган. Луғат аҳли шунга иттифоқ қилишган. Улар: “Ахлада фуланун фил-ҳибси” (Фалончи ҳибсда ўзоқ муддат қолиб кетди) иборасини мисол келтирадилар. Бошқа оятда: “ Ва лекин у ерда холид (узоқ) қолди” (Аъроф, 176), яъне ерга моил бўлди, қалби хотиржам бўлиб, ўзоқ вақт қолиб кетди, маъносида келган.

        Агар эътибор берадиган бўлсак, ақийдада ихтилофли масалалар ечимида ҳар доим аҳли сунна вал жамоа имомлари иймон аҳлининг нажот топиш йўлларини излаганига гувоҳ бўламиз. Аксинча адашган оқим вакиллари кўп ҳолларда иймон аҳлини куфрда айблаб иймондан чиқаришга ҳаракат қилганлар. Соғлом ақл эгаси бу оқим имомларининг ихтилофли масалаларда қилган таъвилини кўриб: “Фирқалар аҳли иймон душманларими” деган фикрга бориши турган гап. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ҳақ йўлдан тойдирмасин.

Улжаев Умарали-Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими