ОИЛА – МУҚАДДАС МАСКАН

ОИЛА – МУҚАДДАС МАСКАН

Шарқ диний-фалсафий таълимотларида, хусусан ислом дини, унинг муқаддас китоби Қуръони каримда, ислом фалсафий-ахлоқий қарашларида оила, унинг жамият ҳаётидаги ўрни, мамлакат ва юрт истиқболидаги аҳамияти борасида беназир ҳикмат дурдоналари келтирилган. Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 38 оятида бундай деб марҳамат қилади: Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз”. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам оила қуриш, унинг фойдали жиҳатлари борасида шундай деганлар: “Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий).

Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, инсон зоти оила қуриш орқали жамиятдаги бирдамликка, унинг тараққиётига ўзига хос тарзда ҳисса қўшади. Оила барча ахлоқий-маънавий қадриятлар намоён бўладиган, иймон-эътиқодли ва солиҳ фарзандлар камол топадиган асосий маскан ҳисобланади. Айнан оилада жамият ривожи учун хизмат қиладиган умуминсоний қадриятлар шаклланади.

Оила мустаҳкамлиги учун эр киши ва аёлнинг ўзаро муносабатлари, ахлоқий тамойиллари ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Зеро, Аллоҳ таоло соф муҳаббат ғояси орқали бирлаштирган жуфтлик томонидан барпо этилган оила жамият учун ноёб марварид кабидир. Соф ахлоқий қадриятларга асосланмаган, фақатгина моддий манфаат йўлида қурилган оила эса жамиятнинг оғриқли бўғинидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда оила мустаҳкамлиги, унинг фаровонлиги учун кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2012 йилнинг “Мустаҳкам оила йили” ва 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” номлари билан номланиши фикримизнинг яққол далилидир. Шунингдек, асосий қонунимиз ҳисобланган Конституциямизда оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асоси сифатида “Оила” боби киритилган бўлиб, ушбу боб оилавий муносабатларга давлат ғамхўрлигининг яққол далилидир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мустаҳкам оила маънан етук, ахлоқан баркамол фарзандлар давомийлигининг негизидир. Буни англаган ҳолда, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз оиласи тўкислиги орқали бошқаларга намуна кўрсатиши ва икки карра савобли ишни амалга оширишни ўз олдига асосий мақсад қилиб олиши лозим. Шундагина давлат барқарор, юрт фаровонлик сари олға қадам ташлайди.

 

Сарвар Саидов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Манбашунослик бўлими илмий ходими.