"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Кейинги вақтларда, Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасида ўзаро ижтимоий-иқтисодий алоқалар ривожланиб бормоқда. Шу муносабат билан, 2021 йил 27 май куни Жавзжон вилоятида жойлашган Жавзжон университети “Исломий маданият” факултети томонидан “Илмий алоқаларни йўлга қўйиш ва ўзаро англашув меморандумини имзолаш” таклифини инобатга олиб илмий соҳадаги ишларни келажакда Жавзжон вилояти Жавзжон университети билан олиб бориш мақсадида ушбу таълим университети билан онлайн семинар бўлиб ўтди.
Унда Марказ илмий ходимлари ҳамда Афғонистоннинг Жавзжон вилоятида жойлашган Жавзжон университети “Исломий маданият” факултети ходимлари иштирок этдилар.
Ушбу семинарда, аввало, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров сўзга чиқиб, Марказ фаолияти ҳамда истиқболлари ҳақида нутқ сўзлади.
Шунинг билан биргаликда, Жаwзжон Университети ректори Масоод Ҳақбин ва исломий илмлар факултети декани Муҳаммад Aкрам Ҳaкимларнинг Жаwзжон Университети ҳамда ўзаро англашув меморандуми ҳақидаги илиқ фикрлари тингланди.
Шундан кейин Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Aфғонистоннинг Жавзжон университети ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш ва ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур келишувга кўра эндиликда икки ташкилот экспертлари ва ходимлари иштирокида қўшма илмий ва технологик тадқиқотлар олиб бориш, ҳамкорликда илмий конференциялар, семинар ва симпозиумлар, давра суҳбатлари, лектор маърузалар, мастер-класслар, шунингдек, илмий ходимлар учун ўқув курслари ва маҳорат дарслари ўтказиш, тажриба ва маълумотлар алмашинуви, тадқиқотлар натижалари бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмалар чоп этиш йўлга қўйилади.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати