"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Аллоҳ таоло бизга бу дунёда сон-саноқсиз неъматлар берган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”[1].
Бизларга берилган неъматларини энг асосийларидан бири соғлиқ неъматидир. Авваламбор, биз бу дунёда бахтли ва ҳузур-ҳаловатада яшашимиз, Аллоҳ таолонинг бизларга буюрган буйруқларини бажариб, қайтарганларидан қайтишимиз ва ижтимоий ҳаётда бизлардан кутилган вазифаларни ўз ўрнида бажаришимиз учун соғлом бўлишимиз керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, инсонларнинг кўпи бу неъматларни фойдаланишда алданади. Булар соғлиқ ва фароғат (бўш вақтдир)”[2], дедилар.
Соғлом ҳаёт кечиришнинг иккита асосий йўли бор. Биринчиси касал бўлишдан олдин соғликни асраш, иккинчиси эса, касал бўлгандан кейин олдинги соғлом бўлган вақтимизга қайтишимиз учун даволашимиз керак.
Динимизда тозаликка катта эътибор қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тозалик (поклик) иймоннинг ярми”, деганлар. Намознинг асосий шартларидан бири ҳам тозаликдир. Чунки инсон тоза ва пок бўлмаса, унинг ибодати ҳам қабул бўлмайди.
Доим соғ бўлиб юришимиз учун аввало оғиз ва тишимиз соғлигига катта эътибор қаратишимиз лозим. Чунки овқат ошқозонимизга оғзимиздан киради. Тишимиз қанчалик соғлом бўлса, еган овқатимиз ҳам шунчалик тез ҳазм бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом оғиз ва тиш соғлиги учун доим мисвок ишлатган ва умматларига ҳам мишвок ишлатишни тавсия қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга қийин қилиб қўяман демаганимда, ҳар бир намоз ўқишдан олдин мисвок билан тиш тозалашни буюрар эдим”, - деганлар”[4].
Доим соғ бўлиб юришнинг йўлларидан бири васатия, яъни ўрта холликдир. Таомланишда ҳам ўрта ҳолатда бўлиш керак. Ҳаддан ташқари кўп ейиш исрофга олиб боради ва соғлиққа ҳам зарарли бўлади. Мусулмон киши ҳар ишида бўлгани каби, таомланишида ҳам ўрта ҳол бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи қорнидан кўп зарарли бир идиш тўлдирмаган”, деди. Ошқозонимизни уч қисмга ажратишимиз керак. Учдан бирини овқатга, учдан бирини ичимликка (сувга), учдан бирини эса ҳавога.
Соғ бўлишнинг яна бир йўли соғликка зарарли нарсалардан узоқ туришдир. Аллоҳ таоло соғлиққа зарарли бўладиган нарсаларни харом қилган ва булардан узоқ туришимиз учун бизларга тавсияда бўлган.
Ичимликлар ичида инсонга энг зарарли нарса алкаголли ичимликлардир. Кўриниши ва таъми ҳар хил бўлса бўлса ҳам одамни сархуш (маст) қиладиган ичимликларнинг ҳаммаси ҳам ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”[5].
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маст қиладиган ҳамма ичимликлар ҳаром”, деганлар[6]. Алкаголли ичимлик ичган одам нафақат ўзига, балки атрофидагиларга ҳам катта зарар келтиради. Маст бўлган одам ақлини юқотиши сабабли, оилаларига ва ёнидагиларга зарари тегади. Бунинг натижасида инсон бошқалар билан душман бўлиб қолади.
Шунингдек, вужудимизга зарарли бўлган наркотик моддалар ҳам динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “... ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...”[7]
Биз соғлом бўлишимиз учун руҳий соғлигимизни ҳам асрашимиз керак. Бунинг учун Аллоҳ таолога иймон келтириш, таваккул ишонч билан яшаш, бошимиз келган воқеа-ҳодисаларга сабр қилиш тавсия қилинган. Ёлғон, дунё ва молга бўлган хирслик, ҳасадгўйлик кабилар эса руҳни носоғлом қилади. Динимизда руҳимиз тетик бўлиши учун таҳорат, намоз, рўза ва шу кабилар тавсия қилинган. Қуръон ўқиш билан ҳам руҳ хотиржам бўлади.
Соғлиқ Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъматдир. Аллоҳ таоло бизларга берган соғлиқ неъматининг қадрига етишишимизни муваффақ айласин, бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирусни бутун инсониятдан узоқ қилсин. Беморларимизга шифо бериб, вафот этганларимизни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига олсин! Бу синовли кунлар ҳам тез кунларда ортда қолиб, аввалги соғлом ҳаётимизга қайтишимизни насиб айласин!
Олим Жўраев
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. Наҳл сураси, 18-оят мазмуни.
[2] Сунани Термизий. 2473-ҳадис.
[3] Саҳиҳи Муслим. Таҳорат, 50-ҳадис.
[4] Саҳиҳи Бухорий. 887-ҳадис.
[5] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Моида сураси, 90-оят мазмуни.
[6] Саҳиҳи Муслим. Ичимлик. 67-ҳадис.
[7] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Бақара сураси, 195-оят мазмуни.