Китоб ал-илал

     Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг  “Китоб ал-илал” номли асари 2017-йилда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари  Чўтматов Жўрабек томонидан  таржима қилинган бўлиб, бугунги кунда ушбу асар Марказ кутубхонасининг зийнатига айланди.

       Маълумки, вақт ўтиши билан Ислом дини кириб борган ҳудудлар кенгайиб, турли савия ва эътиқоддаги халқлар ва шахслар бу динни қабул қилишгач, ҳар хил омиллар туфайли тўқима ҳадислар ёки ҳадисларга турли ўзгаришлар киритиш ҳолатлари ҳам кучайиб борди. Шунинг учун Муҳаммад алайҳиссломнинг ҳадисларини соф ҳолда асраб, унга турли қўшимчалар ва ёлғонлар аралишиб кетишининг олдини олиш Ислом олимлари олдида турган энг катта вазифалардан бири бўлган. Натижада “улум ал-ҳадис”, яъни, “ҳадисга тегишли илмлар” йўналиши вужудга келган. Олимларнинг аниқлашларича, ушбу йўналиш ўзида ўттиздан ошиқроқ илм турини қамраб олган. Улар ёрдамида ҳадиснинг ровийлари ва матни ҳолати жуда чуқур таҳлил этилган. Бу йўлда улкан меҳнатларни амалга оширган олимлардан бири эса Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийдир (824-892). 
    Имом Термизийнинг “Китоб ал-илал” номли асари ҳам ҳадиснинг ровийлар силсиласи ва матнини илмий таҳлил этишни ўз ичига олган “улум ал-ҳадис”- “ҳадисга тегишли илмлар”нинг муҳим бир катта қисмини ўз ичига олган “илал” масаласига бағишланган. “Илал”- “иллатлар” дегани бўлиб, кўз илғамас, аммо соҳанинг энг етук мутахассисигагина маълум бўлган ҳадис санади ва матнидаги камчиликларни текшириб, аниқлайди. Ёдда тутмоқ лозимки, “илал” йўналиши Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзларидаги камчиликни қидирмайди, балки уларни ривоят қилувчи ровийлар томонидан ҳадисга қўшилган қўшимча сўзлар ёки сўзларнинг ўзгартирилишини тадқиқ қилиб, текширади. Бошқача айтганда, “илал”- ҳадис илмининг энг нозик жиҳатлари ва сиру синоатларига бағишланган бўлиб, ушбу йўналишда китоб битиш даражасида бўлган муҳаддислар ҳам саноқли бўлган. Имом Термизийнинг эса “илал” масаласига бағишланган иккита асари бўлиб, бири “Илал ас-сағир” (Кичик илал китоби), кейингиси “Илал ал-кабир” (Катта илал китоби) номи билан машҳур. 
    Ўзбек тилига қилинган таржима “Илал ас-сағир” (Кичик илал китоби) бўлиб, унинг асл номи “Китоб ал-илал” (Иллатлар ҳақида китоб)дир. Ушбу асарнинг гарчи кичик бўлса-да, бутун ислом оламида тутган алоҳида аҳамияти бор: тарихда ўтган ва бугунги кундаги олимларнинг аниқланишича, у ислом дунёсида “улум ал-ҳадис” қонун-қоидалари ёзма тарзда баён қилинган илк китобдир. Имом Термизийдан олдин бу илм оғиздан-оғизга ўтиб, нақл қилинган ва муҳокама этилган, аммо айнан ушбу Термизий бобомиз уни қоидавий тарзда китобат қилишни бошлаб берганлар. Китоб ҳадис илми толибларига тушунарли ва аниқ қилиб ёзилган. 
Аниқланишича, Имом Термизий ушбу асарини 275 йил ҳижрий, 884 йил милодий йилда Самарқандда ёзиб тугатган.
    Китобнинг кириш қисмида Имом Термизий ҳаёти ва ижодига оид кенг маълумотлар берилган. Сўнг китоб матнининг араб тилидан қилинган таржимаси, ундан сўнг“Китоб ал-илал”да қайд этилган энг машҳур ҳадис олимлари ҳақида кенгроқ маълумотлар (ярим саҳифадан), охирда эса асосий ҳадис илми атамалари изоҳи берилган.
         Ушбу рисола 2017 йилда биринчи бор 1000 нусхада, 2018 йилда яна минг нусхада қайта нашр этилди. Ҳадис илми борасида қисқа ва аниқ қўлланма бўлганлиги боис, юртимиздаги диний таълим муассасалаларига ҳам етказилди.