Нодавлат нотижорат ташкилотлар: ЖАРИМА ЁКИ РАҒБАТ

Нодавлат нотижорат ташкилотлар: ЖАРИМА ЁКИ РАҒБАТ

Ўзбекистон мустақиллик йилларида фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда. Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) муҳим роль ўйнайди. Улар жамиятнинг турли қатламларини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ҳамда давлат ва жамият ўртасида кўприк вазифасини бажаришда катта аҳамият касб этади. Шу сабабли, Ўзбекистон-2030 стратегияси ҳамда 2021-2025 йиларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ННТларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий муҳитни соддалаштириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилиб келмоқда.

Сўнгги йилларда ННТлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган маъмурий жарима миқдорларини камайтириш масаласи ҳам долзарб бўлиб келмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ННТлар фаолиятига қулай ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган.

Амалдаги қонунчилик ННТларнинг мустақил фаолият юритишини таъминлаш, уларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда уларга давлат томонидан молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Шу билан бирга, ҳар қандай ҳуқуқий тизимда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ННТлар томонидан қонунбузарликларга йўл қўйилмаслигини таъминлаш мақсадида маъмурий жавобгарлик тизими жорий қилинган. Бу тизим ННТларнинг давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритиши, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ёки қонуний чекловларни бузиш каби ҳуқуқбузарликларга нисбатан маъмурий чораларни назарда тутади.

Ўзбекистонда ННТлар фаолиятига оид қонунчилик сўнгги йилларда соддалаштирилиб, либераллашмоқда. Шу жумладан, уларнинг ҳуқуқбузарликлари учун белгиланган жарима миқдорларини қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан таклиф этилаётган ўзгартиришлар жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 239-моддасида белгиланган жарималарни миқдорини камайтириш ННТларни молиявий ҳолатини яхшилаш, иш фаолиятини тўғри йўлга қўйиш имкониятини яратади.

Ушбу масалада хорижий давлатларнинг амалиётига мурожаат қиладиган бўлсак, АҚШда, ННТлар солиқ имтиёзларидан фойдаланади, аммо уларнинг фаолиятида қонунбузарликлар аниқланса, солиқ имтиёзларидан маҳрум қилиниши ёки жаримага тортилиши мумкин.

• Германияда, ННТлар қонунбузарлик содир этса, уларга нисбатан молиявий жарималар ёки фаолиятини тўхтатиш каби чоралар қўлланилади.

• Ҳиндистонда, ННТлар қонунбузарлик учун лицензияларини бекор қилиш ёки молиявий жарималар асосида жазоланади.

Шунингдек, дунёнинг ривожланган мамлакатларида ННТларга нисбатан жарималар қатъий бўлсада, уларнинг фаолиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистонда ҳам бу борада халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ННТлар учун қулай муҳит яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Катта жарималар айрим нодавлат ташкилотларини молиявий жиҳатдан қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Жарималарнинг камайтирилиши уларнинг мустақил ишлаш имкониятларини кенгайтириб, фуқаролик жамиятини янада ривожланишига туртки беради.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Уларнинг самарали ишлаши жамият тараққиёти учун муҳим. Шу сабабли, давлат томонидан уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жарималар миқдорининг камайтирилиши ННТлар фаолиятининг ҳуқуқий асосини яхшилаш, уларнинг барқарор ишлашига шароит яратиш ва халқаро тажрибага мос келишига хизмат қилади.

Келажакда ушбу ислоҳотларнинг амалий натижалари янада сезиларли бўлиши кутилмоқда. Бу жараён Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга ва ННТларнинг эркин, самарали фаолият олиб боришига катта туртки бериши шубҳасиз. Бу йўналишда хорижий тажрибаларига таянган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мамлакат нуфузини халқаро ҳамжамиятларда янада оширади.

 

Барқарор ривожланиш маркази

бош мутахассиси

Шухрат Хожимуродов