“Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари

“Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари

    2017-йил Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Чўтматов Жўрабек Тошкент “Мовароуннаҳр” нашриётида “Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари” китобини араб тилидан ўзбек тилига изоҳлари билан таржима қилган бўлиб, бугунги кунда ушбу китоб Марказ кутубхонасидаги ноёб китоблар қаторидан жой олди.

  Китоб Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизийнинг тўрт рисоласидан иборат:

   Будувву шаън Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳаким Термизий       

   (Ҳаким Термизий ишининг бошланиши)

    Адабун нафс (Нафс одоби)

    Риёзатун нафс (Нафс риёзати)

    Баёнул касб (Касб баёни).

    Ушбу китоб фақат таржима бўлмай, балки ҳар бир рисолага қилинган алоҳида кириш қисмлар ва китоб охиридаги изоҳлардан иборат бўлган кенг илмий изоҳлар билан бойитилган ва бу қўшимчалар китобнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Чунки ушбу асарларнинг ҳам маъно-мазмуни ғоятда теран, тарихда тутган ўрни эса жуда каттадир. Жумладан:

    1. Кириш қисмларда баён қилинганидек, Ҳаким Термизий кўп илмлар қатори психология илмининг ҳам асосчиси деган қарашлар ҳам мавжуд ва бу айнан мана шу рисолаларда ҳам намоён бўлган. Ғарбда психология илми фақат нафс тушунчасигагина таяниб қолади. Улардаги ақл тушунчаси ҳам аслида нафсга хизмат қилувчи омилни ифода этади. Аммо шарқда нафақат нафс, балки унинг тузалишига сабабчи бўладиган қалбга бўйсунувчи чинакам ақл, қалб ва кенг маънодаги руҳ тушунчалари ҳам бор. Бугунги кунда инсон психологиясидаги муаммоларнинг глобал даражага чиқишида Ғарбнинг бирёқлама психологик қарашлари ҳам сабаб. Аммо шарқона психологияни шакллантириш ва уни жаҳон маданиятининг узвий бўлагига айлантириш масаласи оқсамоқда ва бу масалада Ҳаким Термизий асарлари айни муддао саналади. Бу асарларда инсон ва унинг ички дунёси ақлни шоширар даражада аниқ, тизимли ва чуқур таҳлил этилади ҳамда бугунги кунда ушбу масалалар дунё миқёсида ҳам ўз эътирофини топиб бормоқда.

    2. Биз чинакам адабиётни вужудга келтирмоқчи эканмиз, аввало адабнинг ўзини яхши тушунишимиз лозим бўлади. Зеро, адабиёт Ғарбда “литература” дейилади ва бу “тўқилган” дегани. Шарқда эса адабиёт уммондек теран ва кенг бўлган “адаб”дек тушунчага боғланган. Демак, шарқ адабиётининг вужудга келишида ва бугунги кун чинакам адабиётини вужудга келтиришда “Адабун нафс” каби асарларнинг ўрни жуда катта ва бу аср мутолааси давомида аниқ-равшан маълум ҳам бўлади. Зеро, айтилганидек, адаб тугаган жойда адабиёт ҳам тугайди.

    Биргина иккинчи рисола номи бўлган “Нафс одоби” жумласи ҳам улкан маънони ўз ичига олган: кишилар интиладиган ва олий даражалар кафолати бўлган одоб инсон нафсининг қай ҳолатда эканлиги билан боғлиқ. Шунинг учун муаллиф ушбу рисоласига инсон нафсини чуқур текшириб, унинг одобланиш жараёни қонуниятларини таҳлил этади.

    “Риёзатун нафс” (Нафс риёзати) асарида эса нафс тарбияси амалиётига боғлиқ жиҳатларга кўпроқ тўхталинади. “Баёнул касб” (Касб баёни) асари эса Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Дил ба ёру даст ба кор” шиорининг назарий асосидир. Зеро, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умри сўнгида “Биз йигирма икки йилдирки Ҳаким Термизий тариқатига эргашамиз” деганлари машҳур. Қўлнинг ишда бўлиб, дилнинг Худода бўлиши улкан даража бўлиб, унинг қай тарзда амалга татбиқ этишнинг назарий асосларини айнан “Баёнул касб” (Касб баёни) асари орқали ҳам ўрганишимиз мумкин бўлади.

Шу тарзда ушбу тўрт асар кетма-кетлиги асосланади:

1. Биринчи рисолада муаллиф ўз ҳаёт йўлини, руҳий шаклланиш босқичлари, машақатлари ва лаззатларини тавсифлаган. Демак, аллома нафс одоби ва риёзатини аввал ўзида ҳосил қилган.

2. “Нафс одоби” нафс тарбиясининг назарий жиҳатларини қамрайди.

3. “Нафс риёзати” нафс тарбиясидаги амалий жиҳатларга урғу беради.

4. “Касб баёни” рисоласида эса бу одоб ва тарбиянинг ижтимоий ҳаётга, яъни, дунё билан муносабатга кўчишини кузатиш мумкин бўлади. Зеро, дунё билан муносабатда киши алданиб қолмаслиги, ўзига нопокликлар етказмаслиги учун ўз нафсини таниб, уни одоблантирмоғи ва риёзат йўлларини билиб, унга амал қилмоғи лозим бўлади.Мана шулар сабаб тўрт рисола концептуал тарзда бирлаштирилган. Ушбу рисола 2018 йилда қайта нашр этилди.