"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
“Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи”
(Ушбу монография муаллифи: Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Чўтматов Жўрабек)
Ислом тарихида Термизий алломалар ўрни алоҳида аҳамият касб этиб бормоқда. Кўп вақт мобайнида исломий илмлар билан шуғулланган Термизийлар деганда фақатгина Имом Термизий ва Ҳаким Термизийларгина тушуниб келинди. Аммо энди маълум бўлмоқдаки, бу икки Термизийни “елкасида кўтарган” ва кейинчалик ҳам Термизийлар силсиласини давом эттирган кўплаб Термизий алломалар бўлган экан. Масалан, бу икки машҳур Термизийгача, қирқдан ошиқ Термизийлар бўлган. Ҳатто уларнинг устозлари ҳам ушбу нисба остида фаолият юритган, демакки, бу икки Термизий фақат илмий муҳит асосчилари бўлибгина қолмай, илмий муҳит самараси ҳамдир. Фақат бугина эмас, балки Термиз географик жойлашув тақозосига кўра ҳам Мовароуннаҳр деб аталган юртимизнинг илк исломий шаҳри-маёғи вазифасини ҳам бажарган экан. Зеро, кенг кўламда Амударё ортидан кириб келган Ислом дини йўлидаги илк шаҳар ҳам Термиз эди. Шунинг учун Термиздан етишиб чиққан Термизийлар юртимиздаги энг қадимги алломалар мактабларидан бири бўлганлиги тадқиқотларимиздан маълум бўлмоқда.
Шундан келиб чиқиб, ушбу монография қуйидаги масалаларга бағишланган:
1. Термизга Ислом дини кириб келиши жараёнларини атрофлича таҳлил этиш;
2. Термизнинг вилоят ва шаҳар сифатидаги ҳудудларини тавсифлаш, унинг ноҳияларини аниқлаш;
3. Термизий алломалар ҳаёти ва ижодини атрофлича тадқиқ этиш. Уларнинг фаолиятини илмий мактаб сифатида тавсифлаш;
4. Термизнинг юртимиз ва бутун Ислом цивилизациясидаги ўрнига аниқ баҳо бериш.
Тадқиқот давомида:
- 300 га яқин араб ва қисман форс тилидаги машҳур манбалардан фойдаланилди;
- 130 дан ошиқ исломий илмлар билан шуғулланган Термизий олимлар аниқланиб, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар тартибга келтирилди. Бу алломалар асосан VIII-XII асрларда яшаган Термизийлар бўлиб, ундан кейинги давр олимларини, Термиз саййидлари хонадонидан етишиб чиққан Термизийларни ва бошқа илмлар билан шуғулланган Термизийларни ўрганиш алоҳида мавзуни ташкил этади. Демак, Термизийлар бугунги кунгача қилинган ҳисоб-китоблардан анча кўп эканлиги маълум бўлади;
- Айрим Термизийларнинг нодир асарлари ва қўлёзмалари ҳақида маълумот йиғилди;
- Термизий алломалар фаолияти натижасида Термизда ўз даврида тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф йўналишлари илмий мактаб даражасида фаолият кўрсатгани асосланди;
- Ушбу монографияга асосланиб, китоб муаллифи томонидан “VII-IX асрлар Термиз маънавий муҳити тарихи: анъаналар, эвирилишлар ва янгиланиш” мавзусидаги фалсафа доктори даражасини олиш учун диссертация тайёрланди ва ушбу мавзу 2018-йилда ОАК бюллитенида эълон қилиниб, бугунги кунда ҳимоягача бўлган жараёнлар давом этмоқда.
- Термиз ва Термизийларни юртимиз ва дунё миқёсида кенг тарғибот қилишга мустаҳкам илмий асос барпо этилди.