"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Ҳар бир китоб ўз мавзу-мундарижасига кўра инсонларнинг маънавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиши бор нарса. Бироқ, баъзи китоблар борки, асрлар оша ўз аҳамияти юқори поғонага кўтарилаверади. Инсон камолоти ва юксак ғояларни ўзида мужассам этган асарлар умри боқий қолиши ва инсонлар доимо унга мурожаат қилиши ҳаётий тажрабанинг ўзи кўрсатиб турибди. Асарлар борки, ҳажм жиҳатидан катта ва бир неча жилдларни ўз ичига олади, бироқ уни инсонлар кам ўқийди, ўқиса ҳам тушунмайди ва ёки китобхонни зериктиради. Аммо, баъзи асарлар борки, гарчи том-том ёзилган бўлса ҳам одамлар завқу шавқ билан ўқиб, кўплаб дунёвий ва ухровий манфаатни олишади. Шунингдек, баъзи асарлар ҳажм жиҳатидан катта бўлмаса ҳам аммо маъно-мазмун жиҳатидан кўплаб маъноларни ўзида жамлаган. Ихлос, соғлом эътиқод ва муҳаббат юзасидан ёзилган ҳар қандай асарнинг мухлиси кўп бўлиши айни ҳақиқатдир.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк сиймоларимизнинг асарлари мана шундай ихлос, сидқ, соғлом эътиқод, гўзал хулқ таъсири асосида ёзилганини асарларнинг ўзи тасдиқлайди. Бугунги кунга қадар маънавий меросимизинг асосий қисми бўлган аждодларимизнинг илмий-адабий ва тарихий мероси маълум даражада ўрганилди ва ўрганилмоқда. Аммо, бугунги глобаллашув ва таҳликали ахборот асрида аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини кенг қамровли тадқиқ этиш, шарҳлаш, соҳалар кесимида ўрганиш ва нашр этиш муҳим вазифалардан бири саналади. Алломаларимиз томонидан ёзилган асарларнинг мавзу-мунадарижасига эътибор қаратадиган бўлсак, барчаси инсоннинг дунё ва охиратдаги манфаатларини жамлаганига гувоҳ бўламиз. Дунё ва охират ҳаётини фаровон этиш ва саодатли ҳаёт кечириш учун уламоларимиз томонидан минглаб асарлар ёзилган. Ушбу асарлар бугунги кунда жаҳолат ва залолат каби жамият ҳаётига рахна соладиган иллатларга малҳам бўлаётгани ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Марғиноний каби буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва ўргатиш муҳим вазифалармиздан бири бўлиши билан бирга, долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бутун дунё аҳли бизнинг алломларимизнинг улуғ мақомини тилга олиши бежиз эмас. Бунинг замирида даҳо мутафаккирларимизнинг илм ва тақво йўлида не-не машаққатлар тортгани тарихда маълум. Қуръоний илмлар, ҳадис, фиқҳ, ақида, калом, мантиқ, тасаввуф, риёзиёт, тарих, фалакиёт, ҳандаса, тиб, фалсафа, руҳият илми каби соҳаларда бизнинг уламоларимиз бир қанча асарлар ёзганки, ҳар бири дунё илму фанида хос мавқега эга.
Имом Мотуридий бутун Ислом оламида ўзининг серқирра ва бой илмий мероси билан замондош ва кейинги давр уламоларини ҳайратга солган. Имом Мотуридийга Аллоҳ таоло илм йўлида шундай фаросат, ақл ва заковатни берганки, асарлари асрлар оша мусулмон ўлкаларида дарслик сифидатида ўқитилиб келинади. Турли хил фитна ва бузуқ ғояларга ақлий ва нақлий асосда ўз замонида адашганларга раддия бергани у кишининг илмга бўлган истеъдодидан дарак беради.
Имом Мотуридийга нисбат берилган “Панднома” ёки “Фавоид” номли рисола мана шундай халқчил асарлардандир. Ушбу асарни Имом Мотуридийга нисбат берилиши баҳсталаб масалалардан. Ҳанафий уламолардан Имом Абу Юср Паздавий, Имом Абулмуин Насафий, Имом Абу Ҳафс Насафий, Имом Алоуддин Самарқандий асарларида гарчи Имом Мотуридий асарлари кўп тилга олинган бўлса-да лекин бу асар ҳақида ҳеч бир ишора учрамайди. Абдулқодир Қурашийнинг “Табақотул ҳанафия” асарида ҳам Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва асарлари санаб ўтилган, бироқ “Панднома” асари борлиги тилга олинмаган. Имом Мотуридий ҳаёти ва меросини тадқиқ этган олимлар бугунги кунга қадар “Панднома” асарини Имом Мотуридий асари деб тилга олишмаган. Таниқли хорижлик олимлардан доктор Эраж Афшор منسوب به امام الهدی ابومنصور ماتریدی (Имомул ҳудо Абу Мансур Мотуридийга мансуб – “Панднома” асари)ниниг тасҳиҳ ва таҳқиқ нусхасининг муқаддимасида ушбу асар ҳақида қуйидагиларни ёзади:
است.[1] اما امروز حد اقل دو نسخه ازین رساله در دسترس ما قرار دارند که در مقدمۀ هردو از امام ماتریدی نام برده
(Аммо бугун бизнинг қўлимизда мазкур рисоладан иккита қўлёзма нусхаси борки, ҳар бирининг муқаддимасида Имом Мотуридийнинг асари сифатида тилга олинади).
Эраж Афшор сўзининг давомида айтадики, қўлимизда Имом Мотуридий рисоласи эканлиги ҳақида кўчли далил бўлмаганидек, “аммо “Панднома” асари Имом Мотуридий асари эмас”, - деган инкор этувчи кўчли далил ҳам йўқ. Асарнинг таркибий қисми ва мавзу-мундаражисига назар солсак, Имом Мотуридийга мансуб эканлигига бироз ишонч ҳосил қилинади.
Мисол учун Имом Мотуридий ўз асарларида соғлом эътиқод борасида такрор-такрор тўхталиб ўтади. Ўз қарашларини Қуръон ва суннатга мувофиқ баён этиб, инсон камолоти билан боғлиқ масалаларни ўртага ташлайди. Имом Мотуридийга кўра “соғлом эътиқод мўмин кишини дунё ва охиратда саодатга элтувчи муҳим воситадир”, дейди.
“Таъвилот ал-Қуръон” асари бутун мусулмон оламида ихтилофларга ечим топувчи муҳим ақидавий асарлардан биридир. Мана шу асарни ўқиган киши “Панднома” асарини ҳам Мотуридий ёзган деган хулосага келиши табиий ҳол. Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ҳақида буюк ватандошимиз Абу Муин Насафий шундай дейди: “Таъвилот ал-Қуръон” – унга ҳеч бир китоб тенг кела олмайдиган асардир. Бу фан бўйича бундан аввалгилар ёзган китобларнинг бирортаси ҳам унга яқин кела олмайди”.[2]
Кўпчлик олимларнинг фикрига кўра ушбу рисола Имом Мотуридийнинг қаламига мансуб эмас, агар шундай бўлганида рисоланинг муқаддимасида قال شیخ ابو منصور “Шайх Абу Мансур шундай деди” ёки شیخ ابو منصور چنین گفت “Шайх Абу Мансур шундай деди” каби урфга доир анъана ушбу даврнинг китобатчилик расмиятига мувофиқ ёзиларди. Аммо нусха охирида من فوائد شیخ ابو منصور “Шайх Абу Мансур ҳикматларидан” деб ёзилганини кўпчилик мотуридийшунос олимлар таъкидлайди. Шундай экан, Имом Мотуридийнинг мавъизаларини шогирдлари саралаб жамлаган бўлиши мумкин.
Мураккаб масалаларидан бири шуки, рисоланинг барча баёнларини Имом Мотуридийга нисбат беришликдир. Балки, бу рисоланинг маълум қисми Имом Мотуридийнинг ҳикматларидан эканлигини даъво қилиш мумкин. Бу шунинг учун айтиляптики, бугунги кунга қадар “Таъвилот аҳлис сунна” тафсири мерос қолганлиги ва мотуридийлик мактабининг пайравлари томонидан шарҳлар битган. Бу масалани Имом Алоуддин Самарқандий, Имом Абулмуин Насафийнинг “Шарҳи таъвилот аҳлис сунна” асари орқали таяниб баён этади. Модомеки, шундай экан ушбу рисола Имом Мотуридийнинг самарқандлик шогирдлари томонидан жамлашгани яна бир исботлаб, шак-шубҳаларни бартараф этади.
Дарҳақиқат, Имом Мотуридийнинг асарлари ўзининг ноёблиги ва ислом динидаги соф эътиқод масаласига бағишлангани билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Аллома ҳар бир фикр ва қарашларини Қуръон, суннат ва мазҳаб раъйи билан таяниб баён этади. Бундан ташқари халқнинг ижтимоий келиб чиқишидан эътиқодини тўғрилашга интилади. Эътиқод билан боғлиқ бўлган ҳар бир мавҳум масалани ёритишда илмийлик асосида ёндашади. Умматни илм ва одоб негизида жипслаштириш йўлидаги азму шижоати ҳамда илмий жаҳди бошқа асарлари қатори “Пандномада” асарида ҳам ўз аксини топгани алоҳида аҳамият касб этади. Бошқа асарларида аллома кўпроқ эътиқодий масалаларни ўртага ташлаб фикрини баён этса, “Панднома” асарида эса эътиқодий масъалалар ичига шўнғимайди, балки тарбияни асосий мақсад қилган ҳолда эътиқодни тўғрилашга ҳаракат қилади. Ўқувчини дастлаб ақл билан иш тутишга чорлайди. Ундан сўнг илм ўрганишга бел боғлашини уқтиради. Мантиқан қаралганда онадан ақлсиз дунёга келган, руҳий камчлиги бор инсонга илм ўрганиш талаб этилмайди. Чунки ақли йўқ инсон илмнинг моҳиятини қаердан ҳам англайди? Ҳатто шариат бундай кишиларни мукаллафиятдан соқит этади. Узри бор кишиларга шариатга мувофиқ ҳукмлар ҳам узгаради. Демак, Имом Мотуридий “Панднома” асарида келитирилган илк насиҳати инсоннинг ақлига эътибор бериш карак эканлигида намоён бўлади. Борди-ю ақлсиз ва руҳий ноқис инсон бўлса илм ўргатишдан ҳеч қандай нафъ ҳосил бўлмаслиги аниқ. Таклиф мукаллафга хослигини дастлабки баёнлари билан рисола муқаддимасида изҳор этади. Чунки таклифга яроқли бўлмаган кишини бошқа киши бошқариб турмаса у нима қилишини ҳам ўзи билмайди. Бироқ Ислом динида ҳам инсон таклиф ва аҳкомларсиз ўз ҳолига ташлаб ҳам қўйилмайди ва инсонга тоқатидан ташқари нарса таклиф ҳам қилинмайди. Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жон нимага ярайди-ю нимага ярамайди – яхши билади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас», деган (286-оят). Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Яна Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламас», деган (185-оят).
Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган. Энди эътибор берингки, Ислом шариати модомеки, осонликка бинон қилинган экан, осонлик ҳам биринчи инсоннинг тоқатига қаралади. Ақлсиз инсонга ҳам шариат тоқати кўтарадиган ишни буюрилади. “Панднома” келадики, “Ақлни доимо ўзинг учун пойдевор эт”, “Яроқингни илмдан ясат”, “Илмни тўғри йўлнинг далили деб бил”, “Ўрган ва ўргатгин” ва “Ўрганишдан тўхтама (бир лаҳза ҳам фориғ бўлма)” каби баёнлари толиби илмларни тарбиялашга ниҳоята муҳим воситадир. Инсонда ақл бўлса, илм ўрганишга салоҳияти етади, илм ўрганган инсон ҳар қандай йўлнинг моҳиятини англай бошлайди, ҳар бир масалада ўзида далили бор бўлади, ҳидоят ва залолат фарқига боради, ўрганган илмини бошқаларга етказишга интилади, одамларга илми билан манфаат етказади, энг асосийси ўзини илм ўрганишдан фориғ этмайди, чунки Аллоҳнинг илми ниҳоясизлигини билади.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари – Жамаҳматов Каромиддин
[1] Доктор Умар Жўё бар асоси тасҳиҳи аввалияи асар тавассути доктор Эраж Афшор. Панднома мансуб ва Имомал-ҳудо Абу Мансур Мотуридий. – Маркази мажозии мутолиот ва эҳёи осори исломий баййинот. – С. 3.
[2] Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот ал-Қуръон (30 жуз). Таржимонлар: Алоуддин Ҳофий ва бошқалар. – Самарқанд: “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази” нашриёти, 2021. – Б. 7.
[3] Бақара сураси, 96 оят.
[4] Воқеа сураси, 37 оят.
[5] Оли Имрон сураси, 27 оят. Оятнинг тўлиқ матни: تُولِجُ اللَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَتُولِجُ النَّهَارَ فِي اللَّيْلِ ۖ وَتُخْرِجُ الْحَيَّ مِنَ الْمَيِّتِ وَتُخْرِجُ الْمَيِّتَ مِنَ الْحَيِّ ۖ وَتَرْزُقُ مَنْ تَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ (Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан», деб айт. (Кўриниб турибдики, бу икки оятда жуда ҳам улкан маънолар ўз аксини топган. Ягона Аллоҳнинг фақат Ўзига хос камолот сифатлари жамланган. Шунинг учун ҳам ушбу икки оятни кундалик вирд-вазифа сифатида ўқиб юриш тавсия қилинади.)
[6] Фил сураси, 4 оят.