"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Ибни Умардан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саломдан олдин гап бошламанг. Кимки саломсиз гап бошласа, унга жавоб қайтарманг», дедилар.
Ҳаким Термизий ушбу ҳадисни “Наводир ал-усул” асарида қуйидагича шарҳлайди:
Аллоҳ таоло ушбу умматга ўз динлар воситасида бир-бирлари орасида омонлик ва саломатлик бўлишини шарт қилгандир. Шунинг учун уларни мўмин-мусулмон деб номлади. Номлаш эса исмлар билан бўлиб, исмлар илмнинг аслидир. Чунки Аллоҳ таоло ҳам Одам алайҳиссаломга дастлаб исмларни ўргатган. Демак, исмлар ўзи унинг номи бўлган нарсаларга далилдир.
Бошқа умматлар ўзларига “яҳудий”, “насроний”, “мажусий”, “собиъий” каби номларни қўйиб олишган. Аммо Аллоҳ таоло бу умматни Ўзи номлаган, Ўзи номлаганда ҳам Ўз исмидан олиб номлаган:
هُوَ سَمَّاكُمُ الْمُسْلِمينَ مِن قَبْلُ وَفِي هَذَا لِيَكُونَ الرَّسُولُ شَهِيداً عَلَيْكُمْ وَتَكُونُوا شُهَدَاء عَلَى النَّاسِ
"У сизларни бундан олдин ва бу(Қуръон)да Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса, одамларга гувоҳлар бўлишингиз учун мусулмонлар деб номлади".
Яъни, дастлаб, Лавҳул Маҳфузда, сўнг бошқа илоҳий китобларда ҳамда Қуръони Каримда.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан шундай ривоят қилинади: “Албатта, Аллоҳ умматимни ўзи номлаб, унинг учун ўз исмидан икки исм чиқарди, ўша Салом ва Мўмин бўлиб, уларни “мусулмонлар” ва “мўминлар” деб номлади”.
Мана шу исмлардан чиққан саломлашиш уммат орасига уларга нисбатан ҳурмат маъносида қўйилди. Бани Исроил бир-бирларига йўлиққанда бири бошқасига эгиларди ва боши билан сажда ҳайъатидек ишора қиларди. Улар бир-бирларида омонликда бўлишни тилаган ҳолларида шундай қилишган. Бу умматни эса Аллоҳ таоло энг шарафли ва пок сўз: ассалому алайкум билан ҳурматли қилиб қўйди.
Анас ибн Молик Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қилган ривоятда дейилади: “Албатта, Аллоҳ умматимга улардан олдингиларга берилмаган уч нарсани ато қилди: Ас-Салом – у жаннат аҳлининг аҳвол сўрашишидир, фаришталар(никидек бўлган) сафлар ва омин. Илло Мусо ва Ҳорундаги ҳодиса бундан мустасно (яъни, улар “омин”ни ўз дуоларида ишлатишди)”.
Абу Бакр Сиддиқ (р.а) дедилар: “Ас-Салом – Аллоҳнинг ер юзига қўйган омонлигидир”.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ким (ўз сўзини) салом билан бошласа, ана ўша киши Аллоҳ ва Унинг Расулига яқинроқдир”.
Энди ким Аллоҳдан илоҳий неъмат бўлиб келган ва бандаларга лозим қилинган ушбу ҳақларни тарк қилса, жавоб бермасликка ҳақли бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага келиб
энг аввал буюрган амални биласизми?
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу (Яҳудийларнинг катта олими кейинчалик имон келтириб, пешқадам саҳобалардан бўлган) дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар ва кишилар у зотнинг ёнига шошилишди ҳамда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар” дейилди. Мен ҳам одамларнинг ичида бўлиб, у зотни кўргани бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари менга равшан бўлганида танидимки, у зотнинг юзи ёлғончининг юзи эмас. У зотнинг энг аввал сўзлаган нарсалари шу бўлди: “Эй инсонлар, саломни ёйингиз, таомни берингиз, инсонлар уйқудалигида намозда бўлингиз, жаннатга саломат кирингиз”.
Кишилар бир-бирига йўлиққанда сўзни саломдан бошлашади. Шунинг учун ҳикматда: Сўз боши салом, иш боши интизом, дейилади. Лекин бугунги кундаги саломлашиш оммавий маданият таъсирида қандай ҳолатга келиб қолди? X,атто ассалому алайкумни тўлиқ айтиш айрим ҳолларда тортинишга сабаб иш сифатида қаралиши жуда афсусланарли. Аслида қандай бўлиши керак?!
Шу сабабли ушбу муҳим масала юзасидан аниқ ҳужжатлар асосида маълумотлар бериб борилади, иншааллоҳ.
Аввалроқ салом беришга одатланайлик
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир», дедилар.
(Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ кишиларга аввал салом беришга одатланмоқ лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳаммадан олдин салом берар эдилар. Бугунги кунда бизлардек ўзимиздан мансабдами, ёшдами кичикроқ бўлган кишига йўлиқиб қолса, салом беришини кутиб турмаганлар, балки ёш болаларга ҳам аввал салом берганлар. Мана бу ахлоқнинг энг юқори чўққисидан ва ўта камтарликдан далолат беради.
Саломлашиш одобига кўра:
✔️катта кичикка
✔️отлиқ (ҳар қандай уловдаги одам) пиёдага
✔️юрган киши ўтирганга
✔️бой камбағалга
✔️озчилик кўпчиликка
баландроқ овозда салом берилади ва жавоб ҳам салом берувчига эшиттирилади.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: “Ассалому алайкум”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўн” дедилар. Сўнг бошқа бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йигирма” дедилар. Сўнг яна бошқа бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўттиз” дедилар.
Шарҳи: Киши мўмин биродарига қанчалик яхшилик тилашни зиёда қилса, унга бўлган Аллоҳнинг марҳамати ҳам кўпайиб бораверади!
Сайёрдан ривоят қилинади: “(Тобеинлардан бўлган) Собит Буноний билан юрганимда, у болаларнинг ёнидан ўтди ва уларга салом бериб, деди: “(Саҳоба) Анас билан бирга эдим, у болаларнинг ёнидан ўтди ва уларга салом бериб, деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим, у зот болаларнинг ёнидан ўтдилар ва уларга салом бердилар”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга дедилар: “Эй болагинам, агар аҳлинг ҳузурига кирсанг, салом бергин, сенга ва уйинг аҳлига барака бўлур”. (Термизий ривояти)
Оила тинчлиги ва мустаҳкамлиги гарови, бугун бутун дунёда катта муаммолардан бирига айланаётган оилавий ажралишлар олдини олишдаги муҳим ечимлардан бири мана шу набавий кўрсатмада эмасми?
Киши уйига оёқ кийимларини ечиб, қолаверса, покланиб, ювиниб киргани каби ички дунёсини салом билан поклаб киради.