"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Абу Исо Термизий: ҳаёти ва ижоди саҳифалари.
Ушбу китоб Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Чўтматов Жўрабек қаламига мансуб бўлиб, 2019-йилда “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриётида чоп этилди. Унда ҳадис илмининг пешволаридан бўлган Имом Термизийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги муҳим маълумотлар ва асослар йиғилди. Зеро, аллома ҳаёти ҳақида маълумотлар анча кам бўлса-да, ижоди уммон қадар кенг ва терандир. Бу ижодни таҳлил этиш учун энг аввало керакли билим, атамалар, йўналишлар, асослар ва манбаларни яхши билиб олиш лозим бўлади. Ушбу китобнинг мақсади ҳам айнан мана шу жиҳатга қаратилди.
Дастлаб Имом Термизийнинг ҳаётига оид маълумотлар келтирилди. Масалан, у зотнинг исми манбаларда уч хил келади, аммо энг тўғриси Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Термизий Буғий Зарирдир. Термизга қарашли Буғ қишлоғида туғилганлиги учун Буғий ва Термизий дейилади. Ёшлиги ва оиласи ҳақида маълумотлар кам, аммо ёшлигиданоқ илм талабида бўлганлиги маълум. Йигирма ёшдан ошганида илм сафарларига чиқиб, жами 224 шайхдан илм олади. Умрининг сўнгги йигирма йиллигини эса Термизда ўтказган аллома бу ерда қизғин илмий фаолият ва асарлар ёзиш билан шуғулланган.
Ушбу китобда Имом Термизийга нисбат берилган 11 асар атрофлича таҳлил этилди ва илмий хулосалар берилди. Маълум бўлишича, Имом Термизийнинг исломий илмларга қўшган ҳиссаси ниҳоятда улкан. Бу масалада китобда, жумладан, қуйидагилар санаб ўтилган:
1. Улуғ Имомнинг “Ал-Жомеъ ал-кабир” (Катта тўплам) ёки “Сунан” (Суннатлар) деб номланадиган ва 4000 га яқин ҳадисларни ўз ичига олган китоби Ислом оламида тан олинган олти ҳадис китоби ичига киради ва учинчи ёки тўртинчи ўринга қўйилади. Чунки мусулмон дунёсида юзлаб ҳадис тўпламлари бўлса-да, аммо улар ҳадисларни санад ва матн жиҳатидан таҳлил этиб, саралаш ва шариатнинг асосий мазмун-моҳиятини қамраши жиҳатидан бу олти китоб даражасига етиб бормаган;
2. Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ан-набавийя ва хосоис ал-мастафавийя” (Пайғамбарлик сифатлари ва танланган шахс хусусиятлари) асари Пайғамбар таърифу тавсифи йўналишида бизгача етиб келган илк мустақил асар ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, бугунги кунгача бу мавзуда минглаб китоблар битилган бўлса-да, уларнинг бари Имом Термизийнинг ушбу китобидек даражага етмади ва Имом Термизий асари улар учун йўлчи юлдуздек, уларни ёритиб турувчи зиёдек бўлиб турибди;
3. Имом Термизий “Китоб ал-илал” асари билан “улум ал-ҳадис” (ҳадис илмлари) йўналишида ёзма равишда китоб қилишни бошлаб берган;
4. Имом Термизий ўз асарларида Исломдаги турли фиқҳий (ҳуқуқий) мазҳабларни ўзаро солиштириш йўналиши методологиясига ҳам асос солган. Замонавий тил билан айтилганда бу “қиёсий қонуншунослик”, яъни, қонун-қоидаларнинг қиёсий таҳлилидир.
Алломанинг Мовароуннаҳр билан алоқаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди: маълум бўлишича, Имом Термизийнинг энг кўп шогирди Насаф ва Кешдан, шундан сўнг Самарқанд, Бухоро, Шош ва Термиздан бўлган.
Шунингдек, ушбу китобга “Китоб ал-илал” ҳам киритилди ва Имом Термизийнинг “Ал-Жомеъ ал-кабир” номли ҳадис тўпламидан олинган 150 дан ошиқ ҳадислар араб тилидан ўзбек тилига айрим изоҳлари билан ўгирилди.