"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Аннотация. Маълумки, Имом Термизий ўз даврида ҳам, бугунги кунда ҳам Ислом дунёси миқёсидаги улкан шахсият сифатида эътироф этиб келинмоқда. Унинг асарлари ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайдиган она манбалар сирасига киради. Шу ўринда савол туғиладики, ушбудек улкан олимнинг етишиб чиқиши ва илмий фаолиятини олиб боришда юрти Мовароуннаҳрнинг аҳамияти қандай? Ушбу мақолада Имом Термизийнинг Мовароуннаҳр билан алоқаларига тўхталинади ва манбаларга асосланган ҳолда бу масаладаги муҳим далиллар келтирилади. Маълум бўлишича, ал- ломанинг таълим олишида ҳам, таълим беришида ҳам ўз юртидаги илмий муҳит катта аҳамият касб этган.
Калит сўзлар: ҳадис, Мовароуннаҳр, Хуросон, устоз, шогирд, Термиз, Насаф, Базда, Самарқанд, Бухоро, Шош, ривоят.
Abstract. It is known that Imam Tirmidhi is recognized as a great personality in the Islamic world both in his time and today. His works are among the primary sources that never lose their relevance. In this regard, the question arises: what is the significance of Mā Warāʾ an-Nahr in the development and scientific activity of such a great scholar? This article is devoted to the relations of Imam Tirmidhi with Mā Warāʾ an-Nahr and provides important evidences on this issue based on sources. It turns out that the scientific environment of his hometown is of great importance both in the upbringing and teaching of the scholar.
Keywords: hadith, Movarunnahr, Khorasan, teacher, student, Termiz, Nasaf, Bazda, Samarkand, Bukhara, Shosh, riwaya.
Имом Термизий асарлари ислом дунёси миқёсида ҳадисшунослик ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилгани барчамизга маълум. Шу билан бирга юртимиз муҳаддис олимлари аксар вақтларда умрларини охирларида ўз юртларига қайтиб келиб, олган илмлари билан ўз ерларидаги илмий- маънавий муҳит ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қилишган биз учун ғоятда ибратли жиҳатдир. Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримийлар шулар жумласидан бўлиб, улар ўз юртларига келиб, шу ерда ўз илмий фаолиятлари самарасини тарқатиб, ўз ватанларида вафот этишган. Жумладан, Имом Термизий тахминан 250/864 йилдан олдин Хуросонга, сўнг ўз юртига қайтган ҳамда машҳур китобларини битган1. Жумладан, «Сунан» асарининг муқаддимаси ёки хулосаси бўлган «Китоб ал-илал» (ал-Илал ас-сағир) асарини 275/884 йилда Самарқандда ёзиб тугатгани маълум2.
Мовароуннаҳрлик устозлар. Абд ибн Ҳумайд Кеший билан алоқалар. Имом Термизий Мовароуннаҳрнинг машҳур муҳаддиси Абу Муҳаммад Абд ибн Ҳумайд Кешийдан (ваф. 249/863) «Сунан»да 160 дан ортиқ ривоят кел- тирган. «Илал» ва «Сунан»ида ундан ровийлар ҳақидаги мулоҳазаларни ҳам нақл қилган.
Абу Музоҳим Самарқандий. Имом Термизий Абу Музоҳим Сибаъ ибн Назр ибн Мисъада Самарқандийдан (ваф. 269/882) битта ривоят келтирган.
Имом Доримий билан алоқалар. Имом Термизий «Сунан»да Самарқанднинг етук муҳаддиси Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий Самарқандийдан (181-255/797-869) 63 ривоят кел- тиргани эътиборга молик. Шунингдек, Термизий «ал-Илал» китобида ундан ровийлар тўғрисидаги маълумотларни келтиради ва у билан бўлган савол- жавобларни қайд этади.
Имом Бухорий билан алоқалар. Табиийки, Имом Термизийнинг асосий устозларидан бири Имом Бухорийдир. Имом Термизий «Сунан»да ундан 41 ривоят келтирган. У «ал-Илал»да ўзининг «Сунан» асарига тегишли маъ- лумотларни қайд этар экан, дейди: «Китобда қайд этилган ҳадисларнинг (санад ва матнга тегишли) иллатлари, ровийлар ва тарихга оид масалаларга келсак, уларни тарих китобларидан олдим. Уларнинг кўпи Муҳаммад ибн Исмоил (Бухорий) билан қилган (илмий) мунозараларим натижасидир. Яна улардан Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон (Доримий) ва Абу Зуръа (Розий) билан мунозара қилганларим ҳам бор. Уларнинг кўпи Муҳаммад (Бухорий)дан, энг оз миқдори эса Абдуллоҳ ва Абу Зуръадандир. На Ироқда, на Хуросонда ҳадис иллатлари, тарих ва иснодлар борасида Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра билимдонроқ кишини кўрмадим»3.
Таъкидлаш лозимки, Имом Термизий Имом Бухорий илмидан фойда- ланиб, унинг фазлини эътироф этганидек, Имом Бухорий ҳам Имом Термизийнинг юксак салоҳиятига ва унда ўзи фойдаланиши мумкин бўлган билимлар борлигига гувоҳ бўлди. Абулфазл Байламоний дейди: «Наср ибн Муҳаммад Шеркўҳийдан эшитдим, у дедики: «Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг шундай деганини эшитдим: «Муҳаммад ибн Исмоил менга деди: «Менинг сендан олган фойдам, сенинг мендан олган фойдангдан кўпроқ»4.
Ҳатто Имом Бухорий Имом Термизийдан ҳадис ҳам эшитган. Имом Термизий Али ибн Мунзир, у Муҳаммад ибн Фузайлдан, у Солим ибн Абу Ҳафсадан, у Атийядан, у Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган бир ҳадис ҳақида дейди: «Муҳаммад ибн Исмоил бу ҳадисни мендан эшитди»5. Шунингдек, Термизийнинг «Сунан» асарининг айрим нусхаларида ва бошқа манбалардан маълум бўлишича, Имом Бухорий Имом Термизийдан яна бир ҳадис эшитган ва бу Имом Термизийнинг «ал-Илал ал-кабир» асаридадир6.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, Имом Бухорийдан сўнг Ислом диёрларининг шарқи бўлган Хуросон ва Мовароуннаҳрда Имом Термизий устози Имом Бухорийга ўринбосар сифатида қолди ва Умар ибн Аллакнинг (ваф. 325/937) қуйидаги сўзи олимнинг ўз давридаги аҳамиятини кўрсатувчи улкан гувоҳликдир: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этгач, Хуросонда илм, ҳифз, тақво ва вараъ масаласида Абу Исодек киши қолмади. Йиғидан унинг кўзи ожиз бўлиб, йиллар давомида кўзи ожиз бўлиб қолди»7.
Термизий олимлар билан алоқалар. Шунингдек, Имом Термизийнинг бевосита саккиз Термизий нисбасидаги устозлари ҳам бўлиб, Аҳмад ибн Ҳасан, Мусо ибн Ҳизом, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий шулар жумласи- дандир.
Мовароуннаҳрлик шогирдлар. Имом Термизийнинг шогирдлари орасида ҳам Мовароуннаҳр олимлари мутлақ кўпчиликни ташкил этиши диққатга Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни
сазовор, бу эса олим умрининг сўнгги йилларини юртида ўтказганини яна бир бор тасдиқлайди.
Имом Термизийнинг «Сунан» асарини, жумладан, Мовароуннаҳрнинг қуйидаги олимлари ривоят қилган:
«ал-Илал» китобини ҳам ривоят қилган11;
Ушбу рўйхат якуний бўлмай, балки бу борада бошқа маълумотлар ҳам борлиги изланишларни давом эттириш лозимлигини кўрсатади.
Манбаларга кўра, Абу Исо Термизийнинг Насафий шогирдлари кўп бўлган: Абу Муҳаммад Ҳаммод ибн Шокир (ваф. 311/923), Аҳмад ибн Юсуф, Абулҳорис Асад ибн Ҳамдуя, Абд ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад, «Амин» номи билан машҳур Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Суфён ибн Назр, Абулфазл Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Анбар, Муҳаммад ибн Маккий ибн Нуҳ, Абулаббос Маҳмуд ибн Анбар (314/926), Маккий ибн Нуҳ Муқриъ, Абулфазл Мусаббиҳ ибн Абу Мусо Кожурий, Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл (ваф. 318/918) кабилар шулар жумласидандир.
Умуман олганда эса, Имом Термизийнинг жонли таълим жараёнлари ҳам манбаларда акс этгани диққатга сазовордир. Кейинчалик катта олим бўлиб етишган Абдулмўмин ибн Халаф Насафий дейди: «Унга (яъни Термизийга)
«ал-Жомиъ» китоби Насафдаги ҳовлимизда ўқилди. Ўшанда мен ёш бола эдим ва ўйнаб юрардим». Маълум бўладики, бу жараёнда Имом Термизийнинг китоби у зотга ўқиб берилган ва бу билан эшитувчилар муаллифдан ушбу китоб ривояти учун ижозат олишган.
Самарқанд аҳлидан Абу Бакр Аҳмад ибн Исмоил ибн Омир Самарқандий, Абулҳасан Али ибн Умар ибн Тақий ибн Кулсум Самарқандий Вазорийлар кабилар ривоят қилишган бўлса, Баздавийлардан Довуд ибн Назр ибн Суҳайл ва Абдуллоҳ ибн Наср ибн Суҳайл, Наср ибн Муҳаммад ибн Сабра Ширкасийлар Имом Термизий шогирдлари саналишади.
Маълум бўлишича, Имом Термизий Бухорога ҳам кирган ва унда ҳадис айтган12.
Имом Термизий илмий фаолияти даврида олимлар Термизга келиб, у зотдан ҳадис эшитишгани ва китобларини таълим олгани манбаларда қайд этиб ўтилган. Жумладан, Марвнинг шайхи Маҳбубий Имом Абу Исо Термизийнинг «Сунан» асарини ривоят қилувчилардан бири бўлиб, у айнан Термизга келиб, Имом Термизийдан бу китобни таълим олган13. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Али Ҳаснуя Нишопурий ҳам Термизга сафар қилиб, Имом Термизийдан унинг баъзи асарларини эшитиб, ўрганган14.
Ушбу маълумотлардан маълум бўладики, Имом Термизий Моваро- уннаҳрдаги ҳадис мактабининг шаклланишига улкан ҳисса қўшган асосий шахслардан бири ҳисобланади. Унинг Термиз, Насаф, Базда, Самарқанд, Шош ва Бухоро каби Мовароуннаҳрнинг марказий шаҳарларидаги олимларга кўрсатган таъсирлари бунинг яққол далилидир. Олим ўз юрти билан устоз- шогирдлик анъаналари билан қалин боғлангани алоҳида аҳамиятга эга. Демак, унинг буюк муҳаддис бўлиб етишишида Ватанининг ҳиссаси ниҳоятда улкандир.
Музаффар Муродович Комилов,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси
2024 йил 17-18 октябрь кунлари Термизда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман мақолалари тўплами
Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани Бағдодий Ибн Нуқта Ҳанбалий. ат- Тақйид ли маърифати руввотис сунан вал масанид. II. – Ҳайдаробод (Ҳиндистон): Матбаъа ал-мажлис даирол маъорифил исломия, 1403/1983.
1 Нуриддин Итр ибн Муҳаммад Итр. ал-Имом ат-Термизий вал мувозанату байна жомеиҳи ва байнас саҳиҳайн. – Қоҳира: Лажнатут таълиф, 1390/1970. 11 б.
2 Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани Бағдодий Ибн Нуқта Ҳанбалий. ат-Тақйид ли маърифати рувотис сунан вал масанид. II. – Ҳайдаробод (Ҳиндистон): Матбаал мажлис даирол маъорифил исломия, 1403/1983. I, 95 б.
3 Имом Термизий. Китобул илал / Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Буғий Термизий. ал-Жомеул кабир. VI. – Байрут: Дорул ғарбил исломий, 1998. VI. 232 б.
4 Шиҳобиддин Абулфазл Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Таҳзибут таҳзиб. XIV. – Байрут: Дорул фикр, 1404/1984. IX, 344 б. 638-рақам.
5 У «ал-Жомиъ» даги 3727-рақамли ҳадис. Муаллифга кўра, у ғариб ва Имом Бухорий ҳам уни ғариб ҳисоблаган. Бу ҳадис Имом Бухорий томонидан «Саҳиҳ» дан бошқа китобда келтирилган.
6 Батафсил қаранг: Нуриддин Итр. ал-Имом ат-Термизий. 18 б. Адоб Маҳмуд Ҳамш. ал-Имом ат-Термизий ва манҳажуҳу фи китабиҳил жамиъ. – Уммон: Дорул фатҳ, 1423/2003. 119 б.
7 Ибн Ҳажар. Таҳзибут таҳзиб. IX. 344 б.
8 Абу Саид Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Тамимий Самъоний. Ал-Мунтахаб мин мўъжам шуйух Самъоний. III (I фиҳрис). – Риёз: Дору оламил кутуб, 1417/1996. III. 1528 б.
9 Самъоний. ал-Мунтахаб. III. 1530 б. Шиҳобиддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний. Мўъжамул муфаҳрис ав тажрид асанидил кутубил машҳуро вал ажзал мансуро. – Байрут: Муассасар рисола, 1418/1998. 80 б. 209-рақам.
10 Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қаймаз Туркманий Дамашқий Заҳабий. Тарихул ислом ва вафаятил машоҳирил аълом. L II. – Байрут: Дорул кутубил арабий, 1407/1987. XXVII, 209 б.
11 Ибн Ҳажар. Мўъжамул муфаҳрис. 159 б., 584-рақам.
12 Ибн Нуқта. ат-Тақйид. I, 93 б.
13 Заҳабий. Тарихул ислом. XXV, 357 б.
14 Шиҳобиддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний. Лисонул мезон. VII. – Байрут: Муассасал аъламий лит тибоа, 1406/1986. I, 223 б.