«СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ»ДА ТАФСИР РИВОЯТЛАРИ

«СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ»ДА ТАФСИР РИВОЯТЛАРИ

Аннотация. Ушбу мақолада Абу Исо Термизийнинг «Сунани Термизий» китобида келтирилган ҳадислар оятлар шарҳи ва изоҳига оид ривоятлар асосида батафсил баён қилинган.

Калит сўзлар: термизий алломалар мероси, ҳадис, тасаввуф, тафсир, ибодат, таҳорат, намоз, Қуръон фазилатлари.

 

Abstract. In this article, the hadiths mentioned in Abu Isa Tirmidhi's book "Sunan Tirmidhi" are described in detail based on the narrations related to the commentary and explanation of the verses.

Keywords: the legacy of Tirmidhi scholars, hadith, Sufism, interpretation, prayer, ablution, prayer, qualities of the Qur'an.

Янги Ўзбекистонда Имом Термизий ва термизийлар илмий меросига бўлган муносабат мутлоқ ўзгарди. Имом Термизий номи билан боғлиқ жомиъ масжид, Абу Исо Термизий мажмуаси қурилди, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан термизлик олимлар меросини ўрганишга мўлжалланган Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказининг ташкил топди.

Бугунги кунда термизий алломалар меросига оид ўнлаб тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Булар қаторида Абу Исо Термизийнинг 4 жилдли 

«Сунани Термизий шарҳи», «Жомиъи сунан», «Китаб ал-илал», шунингдек, Ҳаким Термизийнинг «Адабун нафс» (Нафс одоби), Термизийнинг

«Қайтарилган амаллар» (ал-Манҳиёт), «Яширин масалалар» (Масоилул макнуна), «Таҳсилу назоирил Қуръон» (Қуръондаги сўзларнинг турлича маъноларини ўрганиш), Ҳаким Термизийнинг «Баҳрут тафсир» каби асарларнинг чоп этилганлигини айтиш мумкин.

Таъкидлаш керакки, Термиз ўз даврида улкан олимларни етказган ҳудуд сифатида шуҳрат қозонган. Бу ердан нафақат ҳадис, тасаввуф, балки тафсир илми борасида ҳам етук олимлар етишиб чиққан. Жумладан, Ҳаким Термизий номи билан машҳур бўлган Абу Абдуллоҳ ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий (205/820-320/932) «Китобул амсол минал Китоб вас суннат»,

«Таҳсил назоирул Қуръон» («Қуръон ибратларини эгаллаш») каби асарлари билан, Умар Термизий (857/1453 йил атрофида яшаган) суфий, воиз олим сифатида Ихлос сурасига тафсир ёзгани билан машҳур бўлганлар.

Олти саҳиҳ китобдан бири «Сунани Термизий» номи билан машҳур бўлган «ал-Жомиъус саҳиҳ» асари муаллифи Абу Исо Термизий ҳам ҳадис, тафсир илмларида етук олим бўлган. Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Суламий Зарир Буғий Термизий (824-892)нинг мазкур «ал- Жомиъус саҳиҳ» асарида таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж, сийратлар, васият каби қатор диний ижтимоий ва ибодат масалалари қатори Қуръон фазилатлари, тафсир сингари қисмлар ҳам ёритилган [1; 33-49].

Ушбу асарда «Китаб савобил Қуръон», «Китабул қираат» («Қуръон қироатлари») ва «Китаб тафсирил Қуръон» («Қуръон тафсири китоби») номли боблар бўлиб, унда тафсирга оид ривоятларни келтирган. Китобнинг «Китаб тафсирил Қуръон» («Китаб тафсирил Қуръон ан расулиллаҳ») деб номланган қисми энг катта боблардан бири саналади ва унда умумий ҳисобда 377 та ҳадис жамланган. Ушбу бобда анъанавий тартибда Қуръоннинг Фотиҳа сурасидан Носгача бўлган сураларнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар жамланган. Имом Термизий ҳадислар орасидан ўз шартларига тўғри келганини саралаб олгани боис ҳам ҳамма оятларнинг шарҳлари унинг келтирилмаган бўлиши мумкин.

Абу Исо Термизий тафсир қилиш жиддий иш эканини таъкидлагани боис ушбу бобда ўз ижтиҳоди билан тафсир қилишнинг мумкин эмаслиги ҳақидаги 5 та ҳадисни биринчи навбатда келтиради. Жумладан, уларнинг бирида шундай дейилади: «Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади. У айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким Қуръондаги нарсалар (унинг мазмуни) ҳақида билмай бирор сўз айтса, ўз жойини дўзахдан тайёрлаб қўйсин» [2; 659-660]. Кейинги ҳадисда эса қуйидаги 

ривоятни келтиради: Жундуб ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким Қуръон борасида ўз фикрига таяниб гап айтса, агар тўғри бўлса ҳам у хато қилибди».

Дарҳақиқат, Қуръони карим мўътабар китоб бўлгани боис унинг таф- сирида билмай гапириш мумкин эмас. Бу билан сўзловчи адашади ва бош- қаларни ҳам адаштиради. Ҳозирда айниқса, ўз даъволарини исботлаш мақ- садида оятлардан билимсиз ҳолда далиллар келтираётган турли ақидавий оқим вакилларининг фаолиятларига берилган баҳодир.

Олим «Сунани Термизий»даги тафсирга бағишланган бобнинг давомида Фотиҳа сураси шарҳини келтиради ва бу қисмни Фотиҳа сураси ўқилмаган намоз мукаммал эмаслиги борасидаги ҳадисларни ривоят қилишдан бош- лайди. Ушбу ҳадисларда Фотиҳа «Уммул Қуръон» (Қуръоннинг онаси) номи билан зикр қилинади [2; 660-661]. Манбаларда Фотиҳанинг «Уммул китоб»,

«Сабъул масони» каби бир неча номлари санаб ўтилади. Термизий эса улардан Қуръон онаси номи билан боғлиқ ҳадисларни келтиради.

Олим Бақара сураси тафсири билан боғлиқ жами 37 та ҳадисни ўз асарига киритган. Улар қаторида яҳудийларга доир воқеалар (58-59-оятлар), қибла ва саҳобаларнинг қоронғиликда турли томонга қараб намоз ўқиганликлари ва буни маъқулловчи оятнинг нозил бўлиши (115, 150-оятлар), қибланинг Каъба томон ўзгариши (144-оят), Ҳазрати Умарнинг Мақоми Иброҳимда намоз ўқишни сўрагани ва бу борада оятнинг нозил бўлиши (125- оят), мусулмон умматининг адолатли уммат этиб танлангани (143-оят), рўза тутувчининг тонггача саҳарлик қилиши (187-оят), ўрта намоз (238-оят) каби қатор оятлар шарҳига бағишланган ҳадисларни [2; 662-670] айтиш мумкин.

Айтиш керакки, оятлар тафсирига оид ҳадислар айни дамда сабаби нузул (оятларнинг нозил бўлиш сабаблари)га ҳам тааллуқлидир. Жумладан, Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: Умар ибн Хаттоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Расулуллоҳ! Мақом ортида намоз ўқисак», деди. Шундан кейин Бақара сурасининг 125-ояти – «Мақоми Иброҳимда намоз жойи қилиб олинглар» нозил бўлди. Шунингдек Урвадан ривоят қилинган ҳадис сабаби нузул билан боғлиқ бўлиб, унда шундай дейилади: Урва айтади: Мен Оишага (р.а.) бирор киши Сафо ва Марва орасини саъй қилмаса ҳеч нарса бўлмайди ва мен буни маъқул санайман дедим». Шунда Оиша (р.а.): «Нақадар ёмон гапни айтдинг, эй опамнинг ўғли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар тавоф қилганларида ... одамлар Сафо ва Марва орасини сайъ қилмас эдилар. Шунда Аллоҳ табарок ва таоло «Ким Уни ҳаж қилса ёки умра қилса, бу икки жой (Сафо ва Марва)ни тавоф қилишида зарар йўқдир» ояти

 

(158-оят)ни нозил қилди. Агар сен айтганингдек бўлганида эди, унда Аллоҳ таоло «бу икки жойни тавоф қилмасликда зарар йўқдир» деб нозил қилар эди», деди». Имом Зуҳрий айтади: «Мен (Урва ривоят қилган) бу ҳадисни Абу Бакр ибн Абдураҳмонга айтиб берганимда, у ажабланиб: «Бу бир илм-ку, мен олимларнинг «Сафо ва Марвани тавоф қилмайдиган арабларнинг «Бу икки тош (Сафо ва Марва) орасини саъй қилиш жоҳилият одатларидан» деганини, ансорларнинг эса: «Биз Байтуллоҳни тавоф қилишга буюрилганмиз, Сафо ва Марвани эмас» деганини эшитганман. Шунда Аллоҳ

«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳнинг белгиларидан» оятини нозил қилган». Абу Бакр ибн Абдураҳмон сўзини давом этиб айтади: «Демак, ушбу оят (158- оят) булар ва булар ҳақида нозил бўлган эканда» [2; 663-664].

Келтирилган ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, араблар жоҳилият амали деган ўйда Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмас эканлар. Лекин ушбу оятлар нозил бўлгач, бу ерда саъй қилиш жорий қилинган ва ҳадисда келтирилган воқеа бунга сабаб бўлган.

Бундан ташқари китобнинг таҳорат, намоз каби бошқа қисмларида кел- тирилган ҳадисларда ҳам оятлар шарҳи ва изоҳига оид ривоятлар ўрин олган.

Аллома 279/892 йилда Термиздан узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида вафот этган.

Дарҳақиқат, Абу Исо Термизий ҳадис билан бир қаторда тафсир борасида ҳам етук олим бўлган. «Сунани Термизий»да келтирилган оятлар шарҳига бағишланган ҳадислар бунинг ёрқин мисоли саналади.

Давронбек Махсудов Рустамович,

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари,

тарих фанлари доктори, профессор

2024 йил 17-18 октябрь кунлари Термизда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман мақолалари тўплами

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Имом Термизий / Ўзбекистон буюк алломалар юрти / тузувчи ва нашрга тайёрловчи У.Уватов. – Т.: Маънавият, 2010.
  2. Муҳаммад ал-Бухорий. Ҳадис. Ал-Жомиъус саҳиҳ. – Т.: Қомуслар бош таҳририяти, 1995. Ж. III.
  3. Имом Доримий. Сунани Доримий. / Муҳаммад Абдулазиз Холидий таҳрири остида. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1996. Ж. 2.
  4. Абу Исо Термизий. Сунани Термизий. Ар-Риёд: Мактабатул маъориф лин нашр ват тавзиъ, (йили кўрсатилмаган).
  5. Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007.