ИМОМ ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИ – ИСЛОМ ДИНИ ВА ПАЙҒАМБАРИМИЗ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА БЕБАҲО МАНБА

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИ – ИСЛОМ ДИНИ ВА ПАЙҒАМБАРИМИЗ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА БЕБАҲО МАНБА

Аннотация. Мақола чуқур таҳлилий асосга эга бўлиб, ҳадисларда илм ва маърифат муаммосининг моҳияти анализ қилинган.

Калит сўзлар: Аллоҳ, пайғамбар, Қуръон, Ҳадис, ислом, сўз, илм, руҳ, ақл, тафаккур, маърифат, таълим, тарбия, аждодлар ўгити, ҳикоятлар, тамсиллар, соғлом ақл, ахлоқ, адолат, сабр, қаноат, ғоявий эътиқод, мўжиза ва б.қ.

 

Abstract. The article analyzes the essence of the problem of knowledge and enlightenment in hadiths on a deep analytical basis.

Keywords: The god, prophet, fortress, hadith, Islom, word, knowledge, spirit, mind, thinking, enlightenment, education, upbringing, extinction of ancestors, stories, wisdom, common sense, morality, justice, patience, satisfaction, ideological belief, miracle and e.t.c.

 

Маълумки, бундан роппа-роса 34 йил илгари-яъни 1990 йили аввало, ислом дунёси, сўнг, бутун дунё мусулмонларининг талабига асосан, Ўзбекистон заминида буюк муҳаддис Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллик юбилейини нишонланишига розилик берилиши сўралган эди.

У пайтда: Биринчидан, Ўзбекистон тоталитар тузум исканжасида бўлиб,

«пахта иши», «ўзбеклар иши», қатағон даври давом этмоқда эди.

Иккинчидан, худосиз шўролар мафкураси ҳали ҳукмронлигини давом эттирмоқда эди.

Учинчидан, Имом Термизий ва бошқалар номи тарих саҳифасидан ўчирилган, мақбараси қаровсиз, ташландиқ ҳолатда бўлиб, ҳеч қандай 

тайёргарлик йўқ эди. Аммо, бутун дунё мусулмонлари осонликча таслим бўлишмади…

Натижада ўз обрўсини сақлаш мақсадида, «катта ҳокимият» жумладан, собиқ CССРнинг биринчи ва охирги Президенти Михаил Горбачев ҳам, Ўзбекистон раҳбарияти ҳам юбилейни ўтказишга розилик беришга мажбур бўлишди. Юбилейни ўтказиш учун шошилинч чоралар кўрилди. Термиз шаҳридаги «Мурч бобо» масжиди капитал таъмирланди, Ҳаким Термизий мақбараси, Шерободдаги Имом Термизий мақбараси таъмирланди. Ободон- чилик ишлари олиб борилди.

1990 йил сентябрида жаҳоннинг 96 мамлакатидан иштирок этган деле- гация ўтирган махсус самолёт Тошкент аэропортига келиб қўнди. Делега- цияни ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Ислом Каримов шахсан кутиб олди.

Рейс Термизга қараб йўл олди. Аэропортдан махсус автобусларга жой- лашган делегация «Мурч бобо» масжидида тоат ибодатини қилиб, йўл- йўлакай Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилиб, Шерободга қараб йўл олишди. Тунни Имом Термизий зиёратгоҳида ўтқазишиб эртаси Термизга қараб йўл олишди. Термизда халқаро илмий конференция ўтказилди. Жонли гувоҳ сифатида айтишим жоизки, Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги жуда юқори савияда ўтган эди. Сурхон диёри тарихида буюк шодиёнага айланди. Оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғибот ишлари олиб борилди.

Дунёнинг 96 мамлакатидан келган делегация Тожикистон Республикаси раҳбариятининг таклифига биноан Душанбе шаҳрида ўтказилган тадбирга иштирок этишди. Энг муҳими, собиқ иттифоқнинг биринчи ва охирги Президенти Михаил Горбачев таклифига биноан делегация Москвада бўлишди. Иззат икром кўрсатилди.

Бу юбилейнинг ўтказилиши бир томондан, миллатни уйғониши ўзликни англаши учун жуда катта маънавий туртки бўлган эди.

Иккинчи томонидан, мустабид тузум даврида тақиқланган кўплаб буюк аждодлар мероси ўз эгасига-яъни халқимизга қайтарилиши учун имкон яратилди. Жумладан, Имом Бухорийнинг 4 жилдлик «Ҳадис»и, Имом Термизий, Имом Абу Мансур Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро, Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ, жадидлар мероси, Алихонтўра Соғуний асарларининг нашр этилиши айнан 1990-1991 йилларга тўғри келиши ҳам бежиз эмас. 

 

Кези келганда, холисона эътироф этиш керакки, 1990 йилнинг сентябрида ўтказилган Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган юбилей кейинчалик буюк бобокалонларимиз Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Амир Темур ва бошқаларнинг юбилейларини ўтказиш учун ўзига хос тажриба мактаби бўлди.

Учинчидан, миллатни ўз-ўзини англашга, уйғонишга, эркка, мустақил- ликка чорловчи жўшқин адабиёт пайдо бўлди.

Мустақиллик ва эрк жарчиси Эркин Воҳидов ўзининг «Изтироб» деб номланган машҳур шеърида даъват этган эди:

Бетавфиқ раҳбарни сўкканим учун Уч йил ётар бўлсам ётганим бўлсин. Унинг йўқ обрўсин тўкканим учун

Тўлов берсам борим сотганим бўлсин. Халқимга қадрингни бил, десам агар, Кураш, ҳақни ошкор қил, десам агар, Бу қутқу аталса давлатга зарар

Қанча азоб бўлса тортганим бўлсин. Амалдор дер эса; тузум мен ўзим, Фармон-фармонимдир, сўз-менинг сўзим. Мен бундай тузумдан ўuириб юзим, Тамом жиноятга ботганим бўлсин.

Тифлисда халқ узра танк юборган зот Шаънин қилар бўлса қонун эҳтиёт, Ўша зот, коммунист бўлса, мен, ҳайҳот, Фирқа дафтарчамни отганим бўлсин!

Худосизликка асосланган, ёлғон шўролар мафкурасининг моҳияти фош этилишига замин яратилди. Бу борада Э.Воҳидовнинг «Ёлғон ҳақида» номли шеърида баён этилган оташин мисраларга эътибор беринг:

Росту ёлғонларнинг ҳисоби бордир, У дунё, бу дунё жавоби бордир.

Ёлғончи оламда гуноҳимиз кўп, Кечиргувчи танҳо Парвардигордир. Жаҳонда ёлғон бор, лекин энг ёмон — Элни жаҳолатга бошлаган ёлғон.

У халқ юрагига отилган ўқдир, Унга икки олам Мағфират йўқдир 

Сурхон диёрининг оташин куйчиси, дилбар шоири Шафоат Раҳматулло Термизийнинг «Имом Термизийга муножот» шеърига эътибор берайлик.

Шоир куйлаганидек:

У йўллар макруҳдир изга қайтаман, Суннати ҳақиқат сўзга қайтаман, Аҳли мўмин сизга, ўзга қайтаман, Мен изга қайтаман-ўзга қайтаман

Ё Имом Термизий Сизга қайтаман.

 

Йўқ эдим тўлиқми, ярим аср мен, Кўр эдим тўлиқми ярим басир мен, Телбами, манқуртми, ақли қосир мен, Мен изга қайтаман-ўзга қайтаман

Ё Имом Термизий Сизга қайтаман

 

«Учлик» шапкасига салламни бердим Сўнг калом, имломни, калламни бердим, Арбобу адибу мулламни бердим.

Мен изга қайтаман-ўзга қайтаман Ё Имом Термизий Сизга қайтаман.

 

Меросни топташ маданиятми, Аждодни топташ ҳам маънавиятми, Ёлғонни мақташ ҳам айнул ҳаётми? Мен изга қайтаман-ўзга қайтаман

Ё Имом Термизий Сизга қайтаман.

 

Фалсафа онаси китоби Карим Қолиб куфур дарсин олди бу сарим.

Менда иймон йўқдир, бўлса ҳам ярим, Мен изга қайтаман-ўзга қайтаман

Ё Имом Термизий Сизга қайтаман.

 

Туф ёлғон дунёга, асл қайдасан,

Шарқ фикри жам этган ҳосил қайдасан, Ҳаққа етакловчи Расул қайдасан?

Мен изга қайтаман-ўзга қайтаман

 

Ё Имом Термизий Сизга қайтаман.

 

Ўйлаймизки, бу мустақиллик туфайли ўзликни англашимиз учун, янги Ўзбекистон учун, «Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари» тараққиёт стратегиямизни белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Буюк бобокалон- ларимиз мероси биз учун ёруғ йўл-ҳаракат дастуридир.

Ўрни келганда мамнуният билан қайд этиш керакки, Янги Ўзбекистон Концепциясининг меъмори, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев, 2024 йил 15 августдаги «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида», деб номланган оламшумул тарихий қарорга имзо чекиш билан наинки халқимиз, Марказий Осиё минтақаси, Ислом олами, қолаверса дунё халқлари олдида, абадул-абад тарихнинг олтин зарва- рақларида, олтин ҳарфлар билан муҳрланадиган миссияни адо этдилар.

Тарихий қарорда амалга оширилиши керак бўлган жуда кўп (комплекс) вазифалар қаторида: «Имом Термизийнинг «Аш-Шамоилул Муҳаммадия» ва

«Сунани Термизий» асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш» вазифаси қўйилган.

Ислом оламида, ХХ асрнинг Имом Бухорийси дея эътироф этилган буюк қомусий олим, исломшунос, инсоншунос, Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғуний ўзининг шоҳ асари бўлмиш «Тарихи Муҳаммадий»нинг сўз бошисидаёқ таъкидлаган эдики:

«Билмак керакки, ҳар бир мусулмон боласи, хоҳи эр киши, хоҳи хотун киши, хоҳи ёш, хоҳи қари, мана шу тубандаги тўрт нарсанинг тарихини билиши албатта лозимдур.

  1. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарихлари
  2. Қуръони карим тарихи
  3. Дини Ислом тарихи
  4. Каъбатуллоҳ тарихи».

Шу боис, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихларини ўрганиш доимо исломшунос олимларнинг диққат эътиборини қозониб келган.

Бу борада кўҳна ва ҳамиша навқирон Сурхон диёридан чиқиб, жа- ҳоншумул аҳамиятга эга асарлар яратган буюк алломалардан бири, машҳур муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг хизматлари таҳсинга лойиқдир.

Имом Термизий кўплаб қимматбаҳо асарлар ёзиб қолдирганлар. «Аш- Шамоилул Муҳаммадия» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») номли асари эса унинг энг машҳур асарларидан ҳисобланади.

 

Ушбу асарда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ташқи қиёфалари ва ахлоқий сифатлари, фазилатлари ҳақида 326 ҳадис жам этилган.

Халқимизда комил инсон деган пурмаъно тушунча бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ибрат намунаси бўлганлар. Афсус надоматлар бўлғайким, шўролар даврида вояга етган авлод пайғамба- римизнинг сиймоси, қилган ишлари, хулқ одоблари, юриш-туришлари, маънавий дунёси ҳақида жуда кам маълумотга эга эди.

Буюк бобокалонимиз Имом Термизийнинг «Аш-Шамоилул Муҳаммадия» асари бу борада китобхонга кўп маълумот беради ва биринчи манба вазифасини ўтайди.

Асарнинг биринчи қисмидаги ҳадисларда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ташқи қиёфалари (сувратлари) тавсиф қилинади. Имом Термизий таърифича, у ўрта бўйли, елкалари кенг, қўллари гўштдор, сержун, кафтлари бўлали, қирғий бурун, пешонаси кенг, жисмлари чиройли, келишган, сочлари на буралган ва на ёзилган, чеҳралари буғдойранг, кўзлари катта-катта киши бўлган.

Асарнинг иккинчи қисми Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларига, яъни ички дунёсию ахлоқий фазилатларига бағишланган. Имом Термизийнинг тасвирлашича, Пайғамбаримиз ахлоқий жиҳатлардан намунавий бир зот бўлганки, каттаю-кичик, эркагу аёл, бадавлату камбағал билан бир хил муомалада бўлган. Рўзғор ва оила юмушларида ўз хотинларига ҳар томонлама ёрдам ва кўмак кўрсатган. Гуноҳкор киши кечирим сўраганда унинг гуноҳидан ўтган. Барча кишилар билан ўта латофатда ва хушмуомалада бўлган, йўлида учраган ҳар қандай кишига биринчи бўлиб салом бериб сўрашиш, ҳатто саҳобаларидан кейинда юриш унинг асосий одатларидан бўлганлиги қайд қилинади. Айниқса, у кишининг ҳамиша умматлари ғамини егани таҳсинга лойиқдир. Пайғамбаримиз жуда қаноатли инсон бўлган эканлар. У кишининг «вафотларига қадар хонадон аҳли ва аёллари арпа унидан бўлган нонга қоринлари тўймаган» экан. У киши дарвешона ҳаёт кечирган. Умрида ҳеч кимдан шахсий ўч олмаган. Шу билан бирга, тадбиркор, яъни ҳар бир ҳодисанинг иложини қилишдан аввал кўриб қўядиган зукко инсон ўтган эканлар. «Тамоми инсонларнинг хушхулқи» бўлган пайғамбаримиз Қуръони каримни ниҳоятда соф ва дона-дона қилиб, овоз чиқариб ёқимли ўқир эканлар.

Имом Термизий ўзларининг «Аш-Шамоилул Муҳаммадия» асарларида Расул акрамнинг хулқ ва фазилатларини баён қилувчи Ҳадиси шарифларни 

жам қилганлар. Бу машҳур китоб сиз ва биз мусулмонларга хушхулқ бўлишликка интилишимизда ёрдам беришлигидан умидвормиз.

Ҳижрийнинг III асри бошларига келиб ҳадис китобларини ёзиш кучайган. Тарихчилар бу асрни ҳадис илмининг «Олтин даври» деб тасвирлаганлар. Бу асрда Имом Исмоил Бухорий, Имом Муслим ибн Хаттот, Имом Абу Исо Термизий, Имом Абу Довуд, Сулаймон Сижистоний, Имом Аҳмад Насаий, Имом ибн Можа Қазвиний каби машҳур муҳаддислар ўта самарали меҳнат қилдилар ва бошқа кўплаб муаллифлар қатори, ўзларининг

«ал-Жомеъус саҳиҳ» («Ишончли ҳадислар тўплами») ёки «Ас-Сунан» («Пайғамбарнинг суннатлари») номли шоҳ асарларини қолдирганлар. Бу асарлар «Қутуби ситта» («Олти китоб») яъни бутун ислом дунёсида энг нуфузли манбалар деб тан олинган олтита ишончли ҳадислар тўпламидир.

Маълумки, авваллари ҳадисшунослар ўз асарларига ўзлари эшитган ҳадисларни танлаб ўтирмай қаторасига киритаверардилар. Натижада кўплаб хато, сохта ҳадислар ҳам пайдо бўлган эди. IХ асрга келиб кўплаб муҳад- дисларнинг саъй-ҳаракати билан ҳадислар бобларга ва тоифаларга бўлиниб, уларнинг тўғри ва ишончли (саҳиҳ)лари алоҳида ажратилиб яхлит бир тўп- ламлар яратилди. Бу борада Имом Абу Исо Термизийнинг «Сунани Термизий» номли ҳадислар тўплами ниҳоятда машҳурдир.

Ундаги ҳадислар уч гуруҳга бўлинади: 1) саҳиҳ (тўғри, ишончли); 2) ҳасан (яхши, маъқул); 3) заиф (бўш).

Жаҳон ҳадиснавислари султони Имом Бухорий ҳар бир ҳадиснинг саҳиҳлигини аниқлашда барчадан устун бўлса, Имом Термизий ҳадиснинг даражасини аниқлашда «саҳиҳ» устига «ҳасан» белгисини киритдики, бу

«жуда саҳиҳ» ёки «бешак саҳиҳ» демакдир.

Имом Термизийнинг «Қутуби ситта» («Олти китоб») муаллифлари орасида тутган ўрнини белгилаш борасида кўпчилик уламолар ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилганлар. Жумладан турк олимларидан профессор Талъат Кўжийитнинг кўрсатишича: «Термизийнинг «Сунан» китоби ҳадисчи олимлардан бўлмиш Насаий ва Абу Довуднинг китобларидан кейин учинчи ўринда туради».

Биринчи ва иккинчи ўринларни Бухорий ва Муслимнинг «ал-Жомеъус саҳиҳ» китоблари олса, табиийки, Термизийнинг «Сунан»и тўғридан-тўғри мазкурлардан кейинги китоб ҳисобланади.

Бу фикрни машҳур «Кашфуз зунун» («Иккиланишлар пардасини очиш») асарида Ҳожи Халифа тасдиқлайди ва «Жомиъ» («Сунан») Термизий

«Қутуби ситта»нинг учинчисидир» дейди. 

Имом Абу Исмоил Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ансорий Термизийнинг китобини Бухорий ва Муслимнинг китобларидан юқори қўяди. Зеро, унинг айтишича, Бухорий ва Муслимнинг китобларидан фақат олимларгина фой- даланадилар Термизийнинг китоби эса ҳар бир оддий инсон учун фойда- лидир.

Таниқли муҳаддисларнинг кўплари Имом Термизийнинг ҳадис илмини такомиллаштириш ва уни келгуси авлодларга соф ҳолда етказишдаги хиз- матларини юқори баҳолаганлар. Ҳадис имомларидан Абдураҳмон ибн Муҳаммад Идрисийнинг таъбирича, Термизий «Ҳадис бобида иқтидо қили- надиган имомлардан биридир».

Унутмаслик керакки, ислом таълимоти бўйича, ҳар бир инсоннинг учта, яъни: 1) Парвардигор; 2) ота-она ва 3) устозлар олдидаги қарзлари бор.

Кўхна тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, устозлар ўгитисиз инсон камолоти, усиз эса жамият тараққиёти бўлмаган.

Жаҳон Ҳадис илмининг султони деб ном олган буюк бобомиз Имом Бухорий ва Имом Термизий орасида ибратона устоз-шогирдликни қаранг. Имом Термизий бобомиз ўзларини доимо Имом Бухорий бобомизнинг шогирдлари деб ҳисоблаганлар. Устоз Имом Бухорий эса у кишига қарата:

«Гарчанд Сиз мени устоз дейсиз-у, аммо, Сизга ўргатганларим билан Сиздан ўрганганларимни таққослайдиган бўлсак, мен ўргатган нарсалар жуда камлик қилади», деган эканлар.

Имом Бухорий бобомиз Имом Термизий бобомизнинг кафтларида жон берганлар ва оқ фотиҳаларини олиш бахтига муяссар бўлганлар.

Устоз Имом Бухорий вафотларидан кейин шогирд Имом Термизий бобомиз айрилиққа чидай олмаганлар ва қолган умрларини йиғлаш билан ўтказган эканлар. Натижада Имом Исо Термизий бобомизнинг кўзлари ожиз бўлиб қолган экан.

Ўйлаймизки, бу ҳозирги ёшларимиз ва келажак авлод тарбияси учун тенгсиз «ибрат мактаби»нинг классик намунаси бўлиб қолажак.

Шомат Саматов,

Термиз давлат университети профессори,

фалсафа фанлари доктори

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Қуръон карим (таржимон ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур). – Т.: Чўлпон, 2006.
  2. Муҳаммад пайғамбар алайҳиссалом қиссаси. Ҳадислар. –Т.: Камалак, 1991.
  3. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. –Т.: O‘zbekiston, 2023.
  4.  
  5. Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори. 2024 йил 15 август // Халқ сўзи. 2024 йил 20 август.
  6. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ҳадис. 1-2-3-4- томлар. –Т.: Қомуслар бош таҳририяти, 1991-1997.
  7. Имом Бухорий. Ал-Адабул муфрад (Адаб дурдоналари). –Т.: Мовароуннаҳр, 2006.
  8. Абу Исо Термизий. Аш-Шамоил ан-набавия. –Т.: Чўлпон, 1993.
  9. Абу Исо Термизий. Саҳиҳи Термизий: Танланган ҳадислари. –Т.: Ғ.Ғулом, 1993.
  10. Алихонтўра Соғуний. Тарихи Муҳаммадий. Биринчи китоб. – Т.: 1991.
  11. Алихонтўра Соғуний. Тарихи Муҳаммадий. Иккинчи китоб. – Т.: 1991.
  12. Алихонтўра Соғуний. Туркистон қайғуси. Биринчи китоб. –Т.: Шарқ, 2003.
  13. Алихонтўра Соғуний. Бахтлик недур?: Шеърлар тўплами. – Т.: Munir, 2021.
  14. Буюк юрт алломалари (учинчи нашр. Тузувчи ва нашрга тайёрловчи У.Уватов). – Т.: O‘ZBEKISTON, 2020.
  15. Воҳидов Э. Изтироб // Фан ва турмуш. – №12.1991.
  16. Воҳидов Э. Ёлғон ҳақида // Маҳалла, 2018 йил 12 апрель.
  17. Кенжабек Мирзо. Буюк Термизийлар: Термиз тазкираси. –Т.: ЎзМЭ, 2017.
  18. Маънавият юлдузлари (масъул муҳаррир: М.М.Хайруллаев). –Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашр, 1999.
  19. Саматов Ш.Б. Имом Термизий ёхуд Муҳаммад Пайғамбар тарихи
  20. //Бақтрия-Тоҳаристон қадимги ва ўрта асрларда. – Самарқанд: Археология институти нашриёти, 1993.

  21. Саматов Ш.Б. Ҳадис илми ривожида Абу Исо Термизийнинг тутган ўрни // Бақтрия-Тоҳаристоннинг шаҳар маданияти. – Самарқанд. Археология институти нашриёти, 1995.
  22. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт: Яхшилик ва ахлоқ китоби. – Т.: Шарқ, 2008.
  23. Шайх Муҳаммад Хойр Шаъол. Исломда ёшлар тарбияси. – Т.: 2021.
  24. Шафоат Раҳматулло Термизий. Имом Термизийга муножот // Озод сўз: Сайланма. –Т.: Янги аср авлоди, 2003.
  25. Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. Марказий Осиёда Ислом маданияти. – Т.: Шарқ, 2005.