ОТА-ОНАГА ҲУРМАТ – ПАЙҒАМБАРЛАР УЛУҒЛАГАН ФАЗИЛАТДИР

ОТА-ОНАГА ҲУРМАТ – ПАЙҒАМБАРЛАР УЛУҒЛАГАН ФАЗИЛАТДИР

Ота-она – ҳар бир инсон ҳаётидаги энг азиз ва муқаддас инсонлардир. Улар нафақат бизнинг дунёга келишимизга сабабчи, балки бизни тарбиялаб, комил инсон бўлишимиз учун бор кучларини сарфлайди. Шундай экан, ота-онани ҳурмат қилиш ва уларнинг қадрига етиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Аммо, афсуски, бугунги кунда жамиятда маънавий қадриятларнинг сусайиши ва авлодлар ўртасидаги алоқаларнинг узилиши натижасида ота-онага нисбатан ҳурматсизлик ҳолатлари учраб турибди. Бу эса, жамиятимиз учун жиддий муаммодир, чунки оила институтининг заифлашувига олиб келади.

Қуръони каримда ота-онага ҳурмат кўрсатиш энг улуғ ибодатлардан бири деб, Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан бир қаторда ота-онага яхшилик қилишга буюрилади: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар уларнинг бири ёки иккаласи ҳузурингда кексаликка етсалар, уларга “уфф” дема, уларни жеркима ва уларга яхши сўз айт!” (Исро сураси, 23-оят).[1] Бу оятда ота-онанинг кексалик даврида уларга алоҳида эътибор қаратиш, уларни ранжитмаслик, уларга доимо ширин сўзлар билан мурожаат қилиш зарурлиги таъкидланади.

  • ўз ҳаётлари давомида ота-онага ҳурмат кўрсатишда барчага ўрнак бўлишган. Иброҳим (а.с.) отаси бутпараст бўлишига қарамай, унга доимо юмшоқлик ва ҳурмат билан мурожаат қилганлар. У зот отасини исломга даъват қилишда доимо чиройли сўзлар ва ҳикматли усуллардан фойдаланганлар. “Китобда Иброҳимни зикр қил. Албатта, у сиддиқ, набий эди. Эсла, ўшанда у отасига: “Эй отажон, нега эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга ҳеч нарсада фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан?” деди. “Эй отажон, менга сенга келмаган илм келди. Бас, менга эргашгин, тўғри йўлга сени ҳидоят қилурман”. “Эй отажон, шайтонга ибодат қилмагин. Албатта, шайтон Роҳманга исёнкор бўлгандир”. “Эй отажон, мен сенга Роҳмандан азоб етиб, шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман», деди”. (Марям сураси, 41-45 оятлар.)[2] Бу оятларда Иброҳим (а.с.)нинг отасига юмшоқлик билан мурожаат қилгани, уни исломга даъват қилгани ва унга нисбатан ҳурмати баён қилинган.

Исо (а.с.) оналари Марямга нисбатан чексиз меҳр ва ҳурмат кўрсатганлар. Қуръонда Исо (а.с.)нинг оналарига итоаткор бўлганлари ҳақида хабар берилади. Марям сураси, 32-оятида: “Ва мени онамга меҳрибон қилди ва жабр қилувчи, бадбахт қилмади” дейилади.[3] Бу оят Исо (а.с.)нинг онасига итоаткор бўлганини баён қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) оналари Омина ва эмикдошлари Ҳалима Саъдияга нисбатан катта ҳурмат ва меҳр кўрсатганлар. У зот уларни зиёрат қилиб, уларга доимо яхшилик қилишга интилганлар. Масалан, Ҳалима Саъдия Пайғамбаримизни зиёрат қилгани ва унга яхшилик қилгани ҳақида Имом Баззор “Муснад”ида: Зайд ибн Аслам Ато ибн Ясордан ривоят қилади: Ҳалима бинт Абдуллоҳ, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош оналари, Хайбар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Шунда у зот унга турдилар ва ридоларини тўшаб бердилар, у эса унинг устига ўтирди. Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳни Жиъронада гўшт тақсимлаётганларини кўрдим. Бир бадавий аёл келди, шунда у зот унга ридоларини тўшаб бердилар. Мен: “Бу ким?” деб сўрадим. Улар: “Бу у зотни эмизган онаси”, дейишди” ривояти келган.[4]

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ нафақат фиқҳ илмида етук олим, балки ота-онага нисбатан беқиёс ҳурмат ва муҳаббат соҳиби эдилар. У зот она хизматига бел боғлаб, ҳақларига дуолар қилар, номларидан эҳсонлар улашардилар.

Имом Аъзамнинг онага бўлган муносабати ҳар қандай таҳсинга лойиқ эди. Онасининг ҳар бир истагини бажонидил адо этар, ҳатто ўзидан кўра илми камроқ деб билса ҳам, онасининг илтимосига кўра бошқа уламолардан фатво сўрашга борардилар. Бу фарзанднинг ота-онага итоати намунасининг ёрқин ифодасидир.

Имом Аъзам бу ҳолатни ёдга олиб шундай дейдилар: “Баъзан онамни Умар ибн Заррнинг илмий мажлисига етаклардим. Бир куни онам менга Умар ибн Заррдан муайян бир масала юзасидан сўрашимни буюрдилар. Мен у зотнинг ҳузурларига бориб: "Онам фалон масала бўйича сизнинг фикрингизни билмоқчилар”, дедим. Умар ибн Зарр ҳайратланиб: “Сиздек етук олим туриб, бу саволни мендан сўраяпсизми?”, дедилар. Мен эса: “Онам шундай қилишимни амр этдилар”, дея жавоб қилдим. У киши: “Хўш, жавоби қандай? Аввал сиз айтинг, сўнг мен ўз фикримни билдираман”, дедилар. Мен масала ечимини баён этдим, у киши ҳам айнан шу жавобни тасдиқладилар. Сўнг онамнинг олдиларига қайтиб, олинган жавобни етказдим”.

Бошқа бир воқеада оналари у зотдан бир масала юзасидан фатво сўрайдилар, аммо Имом Аъзамнинг жавобларини қабул этмай, Заръа воизнинг сўзларинигина маъқул кўрадилар. Шунда Имом Аъзам оналарини Заръа воизнинг ҳузурига олиб бориб, саволларини етказадилар. Заръа воиз эса: “Сиз мендан кўра билимлироқ ва фақиҳроқсиз-ку! Ўзингиз фатво беринг!”, дейди. Имом Аъзам: “Агар шундай бўлса, унда бу масаланинг ечими мана бундай бўлади”, деб жавоб берадилар. Шунда Заръа воиз: “Бу – Абу Ҳанифа айтган сўзнинг ўзгинаси-ку!”, дейдилар. Шундан сўнг оналари қалби хотиржамлик топиб, уйларига қайтадилар.[5]

Бу ибратли қиссалар Имом Аъзамнинг оналарига нисбатан ҳурмати ва итоати нақадар юксак бўлганининг ёрқин далилидир. Ҳар бир инсон ота-онасига нисбатан меҳрибон ва ғамхўр бўлиши, уларнинг ҳар қандай ҳохишини амалга оширишга доим шай туриши лозим. Зеро, ота-онанинг ризоси – фарзанднинг ҳақиқий саодатидир.

Қуръони каримдаги оятлар, пайғамбарларнинг ҳаёти ва Имом Аъзамнинг ибратли воқеалари ота-онага ҳурмат масаласи нақадар муҳимлигини кўрсатиб беради. Айниқса, Имом Аъзамнинг онаси учун қилган ишлари - ҳақиқий фарзандлик муҳаббатининг тимсолидир.

Ота-онага нисбатан меҳр ва ҳурмат кўрсатиш инсоннинг энг юксак фазилатларидан бири, балки умуминсоний қадрият эканини унутмайлик.

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Худойназаров.Ф

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсиру Ҳилол”, 2-жуз, 242-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсиру Ҳилол”, 6-жилд, “Hilol Nashr” нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2022.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсиру Ҳилол”, 4-жуз, 11-12-бетлар

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсиру Ҳилол”, 4-жуз, 9-бет.

[4] Имом Баззор,”Муснад”, 7/208 -бет, 2781- ҳадисда келтирган.

[5] Sultonov, Ulug`bek. “Ота-онага ҳурмат кўрсатиш ва итоат қилишнинг мукофоти нима?”. Old, 02 Apr. 2018, https://old.muslim.uz/index.php/maqolalar/item/7178. Accessed 12 February. 2025.