"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Муқаддас заминимиз қадимдан илмий-маданий марказлардан бири бўлиб, кўплаб буюк мутафаккирларни вояга етказган. Бунга тарихий манбалардаги тегишли қайдлардан ташқари юртимиздаги минглаб қўлёзмалар бевосита далил бўла олади. Мана шу олимлар ичида Термизнинг Термизийлари ҳам ўзининг салмоқли мавқеига эга. Илм фаннинг турли соҳалари, жумладан, ислом илмлари бўйича Термиздан етишиб чиққан кўплаб алломалар “Термизийлар” нисбаси билан дунёга машҳур бўлганлар. Охирги тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, ўрта аср араб ва форс тилидаги тарихий манбаларда қайд қилинган Термизий нисбасидаги олимлар сони тахминан 140 тага етади. Албатта, бу охирги рақам эмас. Балки келажакдаги изланишлар бу сонни кўпайтириши ҳам мумкин. Жаҳон эҳтиромига сазовор бўлган ана шундай буюк сиймоларидан бири Абу Исо Муҳаммад Термизий бўлса, яна бири Ҳаким Термизийдир.
Афсус билан айтиш мумкинки, кейинги пайтларда икки соҳа илмининг улуғ насибалари бўлган бу азиз зотлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаган, ҳатто ўзаро бир шахс сифатида қараб келиш ҳоллари ҳам учрайди. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов ушбу рисолани айнан ана шу икки соҳадан- ҳадис илми ва исломнинг туб моҳиятини англашга қаратилган ҳикма йўналишидан улуғ насибалари бўлган буюк алломалар ҳаёти, ижодий фаолияти, илмий-маънавий мероси тадқиқига бағишлади. Рисола 2017-йил “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмасида нашр этилди.