"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Аннотация. Мазкур мақолада Имом Термизий асарлари, ҳадисларининг бугунги кун ёшлари маънавияти, дунёқарашини ўзгартиришдаги аҳамияти ёритиб берилган. Шунингдек, алломанинг ибратли ҳаёт йўли, илмий фаолияти борасидаги саъй-ҳаракатлари ёш авлоднинг маънан етук, комил инсон бўлиб етишиши учун хизмат қилиши таъкидланган.
Калит сўзлар: маданият, миллий ифтихор, илм-маърифат, маънавий- руҳий олам, одоб-ахлоқ, глобал муаммо, комил инсон, фахр.
Abstract. This article highlights the importance of the works and hadiths of Imam Termizi in changing the spirituality and outlook of today's youth. It was also noted that the scholar's exemplary way of life and his efforts in his scientific activities will help the young generation to become intellectually mature and perfect people.
Keywords: culture, national pride, science and enlightenment, spiritual world, manners, global problem, perfect person, pride.Маълумки, Сурхон замини Ислом дини ва маданияти равнақ топган улуғ мутафаккирлар, олиму фузалолар юртидир. Айниқса, IХ аср ҳадис илмининг олтин даври, бешиги саналган. Бу даврда юзлаб муҳаддислар етишиб чиққан бўлиб, улар орасида олти улуғ имом қаторида тилга олинган ватандошимиз, Имом Абу Исо Термизийнинг борлиги қалбимизда миллий ифтихор туйғусини уйғотади.
Муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган, ҳадис илмининг дарғаларидан бири, буюк ватандошимиз Имом Абу Исо Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, иймон- эътиқодини мустаҳкамлаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш бугунги кундаги долзарб масалалардан ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, Имом Термизий яшаган давр Ислом тарихида илм- маърифатнинг энг гуллаб-яшнаган, юксалган даври бўлиб, унинг ҳадис, тафсир, тарих, тасаввуф ва бошқа соҳаларга доир ўндан ортиқ асарлари алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, Абу Исо Термизийнинг «Ал-Жомеъус саҳиҳ», Аш-Шамоилул Муҳаммадия» ҳамда бошқа асарларида келтирилган ҳадислар катта тарбиявий аҳамият касб этиб, ўсиб келаётган ёш авлодни, бутун инсониятни ҳалол, адолатли, имон-эътиқодли, диёнатли, меҳнатсевар, ота-онага ҳурмат-эътиборли бўлишга даъват этади.
Хусусан, Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2024 йил 15 августда қабул қилинган «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорда назарда тутилган471:
- Имом Термизий ҳаёти ва илмий меросини яна ҳам чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йў- налишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтириш;
- Имом Термизийнинг «Аш-Шамоилул Муҳаммадия» ва «Сунани Термизий» асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига
таянган ҳолда кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш;
- Имом Термизий зиёратгоҳига олиб борувчи йўл инфратузилмаларини яхшилаш, жумладан, ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудларни ободон- лаштириш;
- 2024 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида «Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш;
- Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Имом Абу Исо Термизий мажмуасида Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китобларининг кўргазмасини ташкил этиш ва ўсиб келаётган ёш авлодларнинг маънан камол топишини таъминлаш каби ва бошқа вазифалар ҳаётимизга ўзгача бир шукуҳ бағишлайди десак муболаға бўлмайди. Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий (825-892 йиллар) ислом оламида ҳадис илмига оид ва ёшлар таълим-тарбияси учун алоҳида аҳамият касб этадиган қуйидаги472: «Китобул илал», «Китобут тарих», «Китобуз зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китобул асмо вал куна» («Ровийларнинг исм ва лақаблари ҳақида китоб»), «Рисола фил хилоф вал жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмоус саҳоба» («Пайғамбар
саҳобаларининг исми») асарлари билан машҳурдир.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳи алайҳи ва салламнинг гўзал тавсифлари ва хулқ-атворлари ҳақида баён қилинган «Аш- шамоилул Муҳаммадия» асари, айниқса, унинг 48-боби («Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ ва одати шарифалари ҳақидаги ҳақиқатлар») ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбияси, одоби, дунёқарашида асосий ўрин эгаллайди. Ҳадислардан намуналар келтирамиз: «Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтдилар: «Мен жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Жаноб бу узун муддатда менга бирор марта «Уф» демадилар (яъни ранжиган одам айтадиган сўзни қилмадилар)»473. Бундан кўринадики, маънавиятли, одоб-ахлоқли ёшлар ҳар қандай вазиятда ҳам қийинчиликлар, оғир дамларда таслим бўлмасдан, «уфтортмасдан» ҳаракатда давом этиши ва Пайғамбаримизнинг суннатларини маҳкам тутиб, унга амал қилиши керак бўлади.
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мижози мубораклари шундоқ эдики, таъбларида хулқи беҳаёлик ўзи йўқ эди. Ва такаллуф билан ҳам беҳаёлик сўзларни мажлисларда қилмас эдилар. Бир киши Жанобга ёмонлик қилса, Жаноб ҳам унга ёмонлик қилмас эдилар, балки афв этар ва гуноҳидан ўтар эдилар»474. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, Пайғамбаримизнинг олий сифатларидан бири – ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилиш, кечиримли бўлишдир.
Имом Абу Исо Термизийда келтирилган ҳадислар ҳар бир мўмин- мусулмон кишининг илм-маърифатли бўлиши, ота-онани эъзозлаши, ўзида яхши фазилатлар (илм талабида бўлиш, яхшиликка далолат қилиш, қўли ва тили билан бошқаларга озор бермаслик, таниган-танимаган кишиларига салом бериш, тавба...) ни шакллантириши ва ёмон иллат, одатлар (покликсиз намоз, хиёнатли садақа, ғилл-у ғаш, кибр, қасддан ёлғон тўқиш, ичиқоралик, қариндошликни узиш...)дан узоқда бўлиши лозимлигини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикматли сўзлари, суннатлари билан ёрқин тарзда ифодалаган.
Жумладан, яхшиликка даъват қилувчи, инсонни жаннатга чорловчи қуйидаги ҳадисларга эътиборингизни қаратинг 475:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким илм талаб қилиш йўлидан юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади». Шунингдек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким илм талабида чиқса, у то қайтгунча Аллоҳнинг йўлидадир». Зеро, Ҳақ йўлида юрувчи инсон нажот топгувчидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким билган илмидан сўралса, сўнг уни бекитса, Қиёмат кунида оловли юган билан юганланади». Демак, ҳар бир илм аҳли билган нарсаларини ўзгаларга ҳам ўргатишда бахиллик қилмаслиги лозим экан.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким ҳалол-пок еса, суннатга амал қилса ва одамлар унинг ёмонлигидан эмин бўлса, жаннатга киради».
Ёки: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бир киши келиб, улов сўради. У зот ўз ҳузурларида у минадиган улов топмадилар ва бошқа бир кишига далолат қилган эдилар, у ўша кишига улов берди. У келиб, бу ҳақда хабар берганида, у зот дедилар: «Албатта, яхшиликка далолат қилувчи уни қилган кабидир».
Яна мисол: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эй болагинам, агар қалбингда бирор кишига нисбатан ғиллу ғаш бўлмаган ҳолингда тонг оттириб, кеч киргизишга қодир бўлсанг, шуни қил». Сўнг менга дедилар: «Эй болагинам, бу менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимни тирилтирса, дарҳақиқат, мени яхши кўрибди, ким мени яхши кўрса, у жаннатда мен билан бирга бўлади». Кўринадики, атрофимизни ўраб олган хунук одатлар, ёмон иллатлар бизларни Аллоҳнинг йўлидан тўсибгина қолмасдан, балки залолатга етакловчи омиллардир.
Бугунги кунда Термизда фаолият олиб бораётган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган бўлиб, Маркази ходимлари томонидан 230 дан ортиқ термизий алломалар ҳаёти, илмий мероси илмий асосда чуқур ўрганилиб, китоб ҳолида чоп этиш, таржима ва шарҳларини тайёрлаш ишлари кенг йўлга қўйилган. Шунингдек, Имом Термизий ҳақидаги «Термизлик икки аллома», «Имом Абу Исо Термизий ҳаёти ва ижоди саҳифалари», «Имом Термизий», «Термизнинг безавол қалъалари ёҳуд Термиз тарихи» каби асарлар бугун кун ёшларини тарбиялашда, дунёқарашини ўстиришда сув ва ҳаводек зарурдир. Қолаверса, Қарорда 2024 йил октабрь ойида «Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманнинг Термизда ўтказилиши таъкидланган ва биз, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари катта эътибор, масъулият билан мазкур анжуманга тайёргарлик кўриб, анжуманнинг кўтаринки кайфиятда ўтказилишини Яратгандан сўраб қоламиз.
Президентимиз таъбири билан айтганда, «Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир». Ва биз ҳам Термизийлар авлоди сифатида бу ишга масъулдирмиз.
Умид Холназаров Эркинович, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази нашриёт бўлим бўшлиғи, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
471 https://lex.uz/docs/-7073285
472 Чўтматов Ж. Имом Абу Исо Термизий ҳаёти ва ижоди саҳифалари. Тошкент: Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2019. – Б. 3.
473 Муҳаммад Термизий. Аш-Шамоилул Муҳаммадия. Матн: диний-маърифий / Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий. – Тошкент: Ренессанс, 2021. – Б. 312.
474 Ўша манба: — Б. 314.
475 Мазкур ҳадислар Ж.Чўтматовнинг «Имом Абу Исо Термизий ҳаёти ва ижоди саҳифалари» рисоласидан олинди.