"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Калит сўзлар: Имом Термизий, Сунан, «Сунани Термизий», илал, ҳасан, ғариб, заиф, саҳиҳ.
Abstract. This article discusses the life, sciyentific activity, and works of Imam Tirmidhi, a great Muhaddith sciyentist, the author of Sunani Tirmidhi, which is considered one of the six hadith collections. The significance of the istilahs mentioned in the works of Imam Tirmidhi in the sciyence of hadith is revealed. Also, the importance of allomaʼs works today is revealed on the basis of reliable evidence.
Keywords: Imam Tirmidhi, Sunan, «Sunani Tirmidhi», ilal, hasan, gharib, weak, sahih.
Имом Термизийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизий бўлиб, у зот имом, ҳофиз ва ҳадис илмининг билимдонларидан ҳисобланган. Имом Термизий 209/824 йилда Ўзбекистоннинг жанубида,
Амударё (Жайҳун) дарёсининг ўнг қирғоғида, Афғонистон чегарасига жуда яқин жойлашган Термиз шаҳрида туғилган. Ҳар бир муҳаддис имом сингари у ҳам ёшлигидан ҳадис тўплашни бошлаган ва шу мақсадда қилган сафарларида кўплаб муҳаддислар билан учрашган. Умрининг охирига келиб кўзлари кўр бўлиб қолганлиги кўплаб тарихий манбаларда қайд этилган. Имом Термизий 279/892 йилда Термиз шаҳри яқинидаги Буғ қишлоғида вафот этган.
Аксарият манбаларда Имом Термизий кўр бўлиб туғилгани айтилади ва унга нисбатан кўр маъносини билдирувчи «зарир» қўшимчаси ишлатилган. Ҳақиқатга яқин фикр шуки, Имом Термизий илмий саёҳатлари ва исломий илмларга доир кўплаб китоблар ёзганидан кейин қарилик чоғида кўриш қобилиятини йўқотган. Чунки туғма кўзи ожиз кишининг ҳеч кимнинг ёрдамисиз ислом географиясининг турли илм марказларига саёҳат қилиши ва кўп китоб ёзиши мумкин эмас476.
Имом Термизий ҳадис илмининг олтин даври деб аталадиган ҳижрий учинчи асрда яшаган. Ҳадислар жамлангандан кейин таснифлаш фаолияти кучайган бу давр Яҳё ибн Маъийн (ваф. 233/847), Али ибн Мадиний (ваф. 234/849), Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/855), Абу Зуръа Розий (ваф. 264/877), Абу Ҳотим Розий (ваф. 277/890) ва «Кутуби ситта» муаллифлари каби кўплаб муҳаддислар яшаган даврга тўғри келади477. Бу даврда муснад, жомеъ, сунан каби турли тасниф усуллари билан кўплаб китоблар жамланган. Ҳадисларни олиш учун қилинган илмий саёҳатлар (риҳлалар) ҳам бу даврда муҳим аҳамият касб этган.
Имом Термизий ҳадис илми тарихида жуда муҳим ўринга эга бўлган ушбу даврдан етарли даражада фойдаланди. У Термизда яшаб, Термизга келган муҳаддислардан ривоят қилиш билан кифояланмади. Ўша давр илм- фан марказлари бўлган Бухоро, Басра, Кўфа, Макка, Мадина, Марв ва Рай каби шаҳарларда бўлиб, ўша ҳудудларда илм олиб, машҳур муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Унинг ҳадисларни мавзуларига кўра таснифлаган «ас- Сунан» асари машҳур бўлиб, аллома бу асардан ташқари турли соҳаларда ҳам асарлар яратган. Имом Термизий фақат ҳадисларни ривоят қилиш билан кифояланмади. Айни пайтда ҳадис илмига оид шарҳи таъдил, илал, тарих, саҳобаларнинг исмлари каби масалаларда ривоят қилган ҳадисларни тушунишга ёрдам берадиган асарлар ёзган шахсдир. Термизийнинг кўплаб соҳаларга оид асарларининг қўлёзма нусхалари бугунги кунга қадар дунёнинг бир қатор қўлёзмалар фондларида сақланиб қолган. Унинг бугунги кунгача етиб келмаган айрим асарлари ҳақида бошқа китоблар орқали маълумотлар олиш мумкин478.
Аллома асарлари қаторида қуйидагиларни келтириш мумкин:
«Сунани Термизий». Ушбу асар Имом Термизийнинг энг машҳур асаридир.
«Ал-Илалус сағир». «Илалут Термизий» деб ҳам аталадиган бу асар одатда «Сунани Термизий»нинг охирида «Китабул илал» номи билан киритилган. Нашрига қараб 20-30 саҳифа атрофидаги кичик ҳажмга эга бўлган «Ал-Илалус сағир» асари кичик ҳажмига қарамай, ҳадис илми билан боғлиқ кўплаб мавзуларга тўхталиб ўтади. Ушбу асар «Сунани Термизий» китоби билан бирга кўп марта нашр этилган. Ибн Ражаб Ҳанбалий (ваф. 795/1393) бу асарга жуда чиройли шарҳ ёзган. Нуриддин Итр томонидан тадқиқ қилинган ушбу тадқиқот «Шарҳу Илалит Термизий» номи билан 2 жилдда нашр этилган. Имом Термизий бу китобида дастлаб китобига киритган ҳадисларга қисқача баҳо берган. Кейинроқ ҳадис усули илмининг баъзи муҳим масалаларига тўхталиб, ўтган уламолардан иқтибослар келтирди. Асарида тез-тез ишлатиб турадиган ҳасан, ғариб каби ҳадис атамаларига изоҳлар берди. Бундан ташқари, у мазкур асарига баъзи муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини ҳам киритди.
«Ал-Илалул кабир». «Ал-Илалус сағир»дан фарқли жиҳатлари бўлган бу асар «Ал-Илалул муфрад» ҳам дейилади. Бу асарда иллатли ҳадислар тилга олиниб, кейин бу ҳадисларнинг иллатлари тушунтирилган, турли усуллар воситасида ушбу ҳадисларнинг нисбатан саҳиҳроғи кўрсатилган. Абу Толиб Қодий (ваф. 608/1212) бу асардаги Имом Термизий изоҳлаган ҳадисларни фиқҳ бобларига кўра таснифлаган ҳолда таҳрир қилган.
«Аш-Шамоилул Муҳаммадия». Бу китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётининг деярли барча босқичлари, ташқи кўринишидан тортиб еб-ичиши, ўтиришлари ва туришларигача, суҳбатлари, нафл ибодат- ларини ўзида жамлаган 400 дан ортиқ ривоятлар 56 та асосий сарлавҳа остида ўрин олган. Ўз соҳаси бўйича илк манба бўлган асар бу борадаги барча битиклар ичида энг мукаммали сифатида қабул қилинган. Ундаги ҳадисларнинг аксарияти саҳиҳ, салмоқли қисми ҳасан, оз қисми заиф ривоятлардир.
«Тасмияту асҳобин Наби (Китобу асмоис саҳоба, Тасмияту асҳоби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): Асарда саҳобаларнинг исмлари ушбу исмларнинг биринчи ҳарфига кўра алифбо тартибида келтирилган. Асарнинг Сулаймония кутубхонасида мавжуд бўлган икки нусхасига кўра, китобда 730 нафар саҳобанинг номи тилга олинган479.
Юқорида зикр этилган асарлардан ташқари Имом Термизий бугунги кун- га қадар етиб келмаган «Китабут тарих», «Китабул асмо вал куна», «Китабуз зуҳд» номли асарлар ҳам ёзганлиги манбаларда қайд этилган.
Имом Термизийнинг «Сунани Термизий» ва «Илал» асарларида ҳадис амалиёти ҳақида жуда қимматли маълумотлар мавжуд. Муҳаддиснинг
«Сунани Термизий» номли асарини бошқа ҳадис китобларига қараганда қимматли қиладиган энг муҳим омиллардан бири Имом Термизийнинг мазкур асарида ҳадисларнинг саҳиҳлиги ва ривоятдаги ровийларнинг аҳволи ҳақида изоҳлар берганлигидир. Илк ҳадис китобларида кам учрайдиган бу ҳолат Имом Термизийдан кейин кенг тарқала бошлаган. Имом Термизий асарлари маълум маънода ундан кейин ёзилган ҳадис усулларига оид китобларнинг манбаси бўлган, дейишимиз мумкин. Имом Термизий ҳадисларнинг манбалари ва матнларини тилга олиб, ҳадисларнинг саҳиҳлик даражаси, ровийларнинг мақоми, ҳадисларнинг турли хусусиятларини тушунтиради480.
У зот ўз таълимотлари ва уламоларнинг бу борадаги фикрларини тилга олиб, китобидан оддий халқнинг баҳраманд бўлишига имкон яратди. Илал туркумидаги асарлар муаллифлари ўзлари тўплаган барча иллатли ҳадис- ларнинг муаммоларини тушунтириб, ҳадисларни ё фиқҳ бобларида ёки муснад асарлари усулида ёзганлар.
Имом Термизий ўзининг «Сунан» номли асарида ҳадисларни уч турга ажратади. Аллома бу учлик таснифида биринчи турдаги ҳадисни ҳасан саҳиҳ деб таърифлаб, иккинчи тур учун эса ҳасан иборасини қўллаган. Ҳадиснинг учинчи тури учун эса ғариб, мункар ва заиф каби иборалар қўлланилган. Ибн Таймия (вафоти 728/1328) Имом Термизий биринчи бўлиб ҳадисларни уч қисмга бўлганлигини ва бу атамаларни ўзининг «Сунани Термизий» асарида қўллаганлигини таъкидлаган. Қолаверса, Ибн Таймия Имом Термизийдан олдин ҳадисларни уч қисмга бўлиш методини ҳеч кимни билмаслигини ва бу фақат унга хослигини таъкидлайди. У Термизийдан бошқа кўпчилик уламолар ҳадисларни саҳиҳ ва заиф деб иккига бўлишганини айтган. Имом Термизийнинг «ал-Илалус сағир» асарига шарҳ ёзган Ибн Ражаб Ҳанбалий (ваф. 795/1393) ва машҳур муҳаддис Роби ибн Ҳодий Мадхалий каби олимлар ҳам Имом Термизий биринчи марта ҳадисларни уч қисмга бўлганлигини тасдиқлайдилар.
Ҳасан ҳадисларга таъриф берган биринчи шахс ҳам айнан Имом Термизийдир. Имом Термизий фикрича, ровийси ёлғонда айбланмаган, саҳиҳ даражасида бўлмаган ва бошқа манбалардан ривоят қилинган ҳадис-лар ҳасандир.
Ҳасан ҳадиснинг иккинчи таърифи эса Ҳаттобийга (ваф. 388/998) тегишлидир. Бу таъриф қуйидагича: «Асли маълум, ровийлари машҳур бўлган, кўпчилик уламолар томонидан қабул қилинган ва кўпчилик фақиҳлар амал қилган ҳадис ҳасан ҳадисдир». Ҳасан истилоҳини биринчи бўлиб аниқлаган шахснинг Имом Термизий деб эътироф этилиши мазкур истилоҳнинг Имом Термизийдан олдин ишлатилмаганлигини англатмайди. Ундан олдин ўтган муҳаддисларнинг кўпчилиги ҳасан ҳадис тушунчасини қўллаганлар. Бироқ, ўзидан олдинги муҳаддисларга қараганда, Имом Термизий ҳасандан энг кўп фойдаланган ва атамани илмий доирада машҳур қилган кишидир. Умуман айтганда, «Ҳасан ҳадис» атамаси ҳижрий II аср ўрталаридан, яъни Имом Термизийдан анча олдин қўлланилганлигини, ўша даврларда ҳадислар саҳиҳ, ҳасан ва заиф деб уч гуруҳга бўлинганлигини бемалол айтиш мумкин. Аммо бу учлик таснифини бир китобда қўллаган шахс Имом Термизий бўлгани тарихий ҳақиқатдир. Имом Термизий ушбу таснифни Али ибн ал-Мадиний ва Имом Бухорий каби устозларидан олиб, ўз асарларида уни қўллаган ва шу тариқа мазкур таснифнинг ҳадис илмида кенг ёйилишига хизмат қилган481.
Ҳадис илми тарихида ўта муҳим ўрин тутган Имом Термизий ҳижрий III асрда ёзган «Сунани Термизий» асарида бошқа муҳаддислардан бир қанча фарқли усулларни ишлаб чиққан. Ҳадис усули ҳали тизимлаштирилмаган бу даврда Имом Термизий мазкур асарида ҳадис матнларини жамлагандан кейин ҳадисларнинг асослилик ва заифлик даражасига оид кўплаб тушунчалардан фойдаланганлиги кўринади. «Сунани Термизий»ни қимматли қиладиган яна бир муҳим омил шундаки, Имом Термизий ҳадисларнинг саҳиҳлиги ва ривоятдаги ровийларнинг мақоми ҳақида изоҳлар беради. Илк ҳадис китобларида кам учрайдиган бу ҳолат Имом Термизий давридан бошлаб кенг тарқала бошлаган. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, Имом Термизий асарлари қайсидир маънода, ундан кейин ёзилган ҳадис усулига оид китобларнинг манбаси эди. Имом Термизий «Сунан»ида ҳадисларнинг саҳиҳлигини «саҳиҳ, ҳасан, ғариб, мункар» каби атамалар ёки «ҳасан саҳиҳ, ҳасан ғариб, ҳасан саҳиҳ ғариб» каби сўзлар билан изоҳлаган. Бу баҳоларни ҳадис матни билан чалкаштириб юбормаслик учун бу гапларнинг бошига
«Абу Исо айтди» иборасини қўшиб, бу унинг фикри эканини билдирган. Баъзан ҳадисларнинг келиб чиқиш сабабларини изоҳлаб, ривоятларнинг нотўғри манбаларини аниқлаб, қайси занжир саҳиҳроқ эканини ва қайси сабабга кўра бу иснодлардан қайси бири афзал эканини тушунтириб берган482. Хулоса сифатида шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Имом Термизийнинг ҳадис илмига доир асарларини таҳлил қилиш ва ўқиш ҳадис дарсларида ўрганилган маълумотларнинг амалиётга татбиқ этилишига хизмат қилади. Шунингдек, аллома асарларини ўрганиш ва тарғиб қилиш орқали ислом динининг, унинг асосий манбаларидан ҳисобланган ҳадисларнинг бағрикенглик, биродарлик ғояларини ёшлар онгига сингдириш мумкин.
Ўлмас Жўраева Чориевна, Термиз давлат университети кафедра мудири, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
481 Özdemir, Veysel «Tirmizî ve el-İlelü’l-Kebîr’inin İlel İlmindeki Yerine Genel Bir Bakış» Ankara: Turkish Studies, 2014. – s. 19.
479 Акрам Зиё Умарий. Турасут Термизий илмий. – Мадина: Мактабатуд дор, 1991. – Б. 195.
480 Ибн Ражаб Ҳанбалий. Илалут Термизий шарҳи. Нуруддин Итр таҳқиқи. – Дамашқ: Дорул Байрутий, 1429/2008. – Б. 36.
478 Акрам Зиё Умарий. Турасут Термизий илмий. – Мадина: Мактабатуд дор, 1991. – Б. 192.
476 Ибн Ражаб Ҳанбалий. Илалут Термизий шарҳи. Нуруддин Итр таҳқиқи. – Дамашқ: Дорул Байрутий, 1429/2008. – Б. 12.
477 Али ибн Мадиний. Ал-Илал. Ҳуссам ибн Қурайш таҳрири. – Қувайт: 1423/2002.