Ёлғон ҳақида

Пайғамбар алайҳиссалом "Ёлғон гапиришдан қайтардилар".

Ёлғон гапириш Аллоҳ таолога туҳмат, бўҳтон қилишдир. Шу сабабли ёлғон имонни қочиради, дейилган. Масалан, биров бир ишни шундай-шундай бўлган деса-ю, ҳақиқатда ўша иш бўлмаган бўлса, у киши Аллоҳ таоло ушбу воқеани у айтгандай қилган деб даъво қилган бўлади. Чунки бир нарсани бўлиши учун албатта унинг бўлдирувчиси ҳақиқатда бўлдирган бўлмаса, бу гап Аллоҳга нисбатан ёлғон бўлади. Ёки бўлиб ўтган воқеани бўлмади деган киши ҳам Аллоҳ таоло бор қилган, бўлдирган нарсани инкор қилган ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
"Ёлғон сўзларни фақат Аллох оятларига имон келтирмайдиганлар тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир" (Наҳл сураси, 105-оят).

Агар ёлғон гапириш рухсат этилган иш бўлганида, бирон бир хабарга нисбатан қалбларда барқарор ишонч бўлмаган бўларди.
Сўзловчи гапираверарди, қалб эса унинг гапига ишониб хотиржам бўлмасди. Чунки у одам тўғри гапиряптими, алдаяптими билолмас эди. Ёлғон гапириш таъқиқлангач, ростгўйлик равшан бўлди. Қалблар эса сўзловчиларнинг хабарларидан хотиржам бўлди. Кимнинг ёлғони аён бўлса, шарманда бўлади ишонч пардаси йиртилади, хор-зор бўлади. Шу боис ёлғондан сақланиш ҳукми жорий бўлгач, қалблар ҳам хабар берувчиларнинг гапларидан хотиржам бўла бошлади.

Ҳаким Термизийнинг "Қайтарилган амаллар" ("Ал-Манҳийёт") асаридан