ИМОМ ТEРМИЗИЙНИНГ ИЛМ ЙЎЛИДА ҚИЛГАН САФАРЛАРИ

ИМОМ ТEРМИЗИЙНИНГ ИЛМ ЙЎЛИДА ҚИЛГАН САФАРЛАРИ

Аннотация. Ушбу мақолада Имом Термизий илм ўрганишда Термиз аҳлидан бўлган ва у ерга ташриф буюрган уламолар билан чекланиб қол- масдан, илм олиш мақсадида бошқа юртларга ҳам узоқ сафарларга чиққанлиги ҳақида сўз юритилади. Термизий бутун ҳаётини ҳадис ўрганиш ва уни ўргатишга бағишлаб, ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўплаб шогирдларга устозлик ҳам қилганини очиб беради.

Калит сўзлар: Термиз, Хуросон, Нишопур, Балх, Рай, Бағдод, Кўфа, Басра, Макка, Мадина.

 

Abstract. In this article, it is written that Imam Termizi did not limit himself to the scholars who were from the people of Termiz and visited there, but also went on long journeys to other countries for the purpose of learning. Tirmidhi reveals that he dedicated his whole life to the study and teaching of hadith, and as a mature muhaddith of his time, he also mentored many students.

Кеywоrds: Termiz, Khorasan, Nishapur, Balkh, Rai, Baghdad, Kufa, Basra, Mecca, Medina.

 

Имом Термизий илм ўрганишда Термиз аҳлидан бўлган ва у ерга ташриф буюрган уламолар билан чекланиб қолмасдан, илм олиш мақсадида бошқа юртларга ҳам узоқ сафарларга чиқади. Ёшлигидан илм-фанга ташна бўлган Абу Исо Термизий ўз билимини ошириш борасида 850 йилдан, яъни 26 ёшидан бошлаб қатор хорижий мамлакат ва шаҳарларга сафар қилган. Илмий сафарлари давомида кўплаб кишилардан ҳадислар эшитади. Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур, Балх, Рай, Бағдод, Кўфа, Басра, Макка, Мадина каби шаҳарларда машҳур муҳаддис ва уламолардан таълим олади. Илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади. Имом Термизий ўз ватанида ва хорижий юртларда юздан ортиқ устозлардан илм олиб, ҳадислар ривоят қилган. Илм эгаллашда ва уни янада мустаҳкамлашда ўз даврининг кўплаб машҳур олимларидан таҳсил олган.

Муҳаммад Термизий маълум ва машҳур устозларидан Қутайба ибн Саид Сақафий, Муҳаммад ибн Башшор Басрий, Маҳмуд ибн Ғайлон Адавий, Муҳаммад ибн Ало Ҳамадоний Кўфий, Абу Ҳасан Али ибн Ҳужр Марвазий, Абу Муҳаммад Абд ибн Ҳумайд Кеший, Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Маҳмуд ибн Ғайлон Марвазий, Сувайд ибн Наср Марвазий, Суфён ибн Вакийъ Кўфий каби таниқли муҳаддисларни келтириш мумкин.

Имом Термизий бутун ҳаётини ҳадис ўрганиш ва уни ўргатишга бағишлаб, ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўплаб шогирдларга устозлик ҳам қилди. Унинг шогирдлари Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий, Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий, Абу Ҳомид Аҳмад ибн Али Найсобурий, Абу Ҳусайн ибн Юсуф Фирабрий, Довуд ибн Наср Паздавий, Муҳаммад ибн Суфён Насафий, Наср ибн Муҳаммад Ширакасий Самарқандий, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва бошқалар шулар жумласидандир.

Имом Термизийнинг устози Имом Бухорийга бўлган ҳурмати юксак даражада эди. Имом Бухорий 863–868 йиллари Нишопурда яшаган даврда Муҳаммад Термизий унинг дарсларида қатнашади. Бу беш йил мобайнида Имом Бухорийдан ҳадис ва унга тааллуқли бошқа илмларни ўрганади. У

«Ҳадис илмида Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий)дан кўра илмлироқ бирор кишини кўрмадим», дея устозига бўлган чексиз ҳурматини намоён қилади.

Имом Бухорий ҳам шогирди Абу Исо Термизийга юқори баҳо бериб:

«Сен мендан фойдаланганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойдаландим» , деб таъкидлаган. Имом Бухорийнинг шогирди Имом Термизийга бундай юксак баҳо бериши Имом Термизийнинг қанчалик даражада илмга эга эканини кўрсатади. Имом Термизий 20 ёшга етганларида Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий ва бошқалардан илм ўргандилар, сўнг 25-26 ёшларида Ироққа (Басрага) бориб, у ердаги алломалардан дарс олдилар. Ундан сўнг Ҳижозга кетдилар. Хуросоннинг бир неча шаҳарлари, Ироқ, Ҳижоз ва бошқа ўлкаларга сафар қилганлар. Имом Заҳабий айтишига қараганда, Имом Термизий Миср ва Шомга бормаганлар, у ерлик муҳаддислардан восита орқали ҳадис ривоят қилганлар. Айрим тадқиқотчилар Имом Термизий Бағдодга бормаган, деган фикрни айтишади. Чунки Хатиб Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» асарида бу ҳақида хабар берилмаган дейишади. Бироқ Имом Термизий 241/855 йилда вафот этган бағдодлик тўрт нафар муҳаддисдан бевосита ривоят қилганлар. Аммо ўша йили вафот қилган буюк муҳаддис ва мужтаҳид Имом Аҳмаддан ҳадис ривоят қилиш бахтига муяссар бўлмаганлар. Демак, Имом Термизий ўша йилнинг ўрталарида Бағдодда бўлганлар. Умуман олганда, Имом Термизий бағдодлик ва Бағдодда яшаётган муҳаддисларнинг ўттиз саккиз нафаридан ҳадис ривоят қилган бўлиб, уларнинг охиргиси 243/858 йилида вафот этган. Демак, аллома бобомиз ўша даврда илм, айниқса, ҳадис илми марказларидан бири бўлган Бағдодга 855-858 йиллар оралиғида борганлари маълум бўлади. Бу саёҳатлари кўп йиллар давом этди, имом Термизий Термизга 250/864 йилдагина қайтиб келдилар, бунга қараганда, тахминан 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, йиғиб юрганлар. Имом Бухорий билан Нишопурда (250 ҳижрий йил) учрашиб, кўп ҳадислар хусусида музокаралар олиб борганлари ҳақида маълумотлар бор. Шундан сўнг «Ал-жомиъ-ас- саҳиҳ» («Сунани Термизий») китобларини ёза бошлаганлар. Термизий олдинги имомларнинг кўплари билан кўришганлар ва улардан баҳраманд бўлганлар.

Термизий даври ҳижрий III аср, ҳадис илмларида буюк юксалиш бўлган давр эди. Кутуби ситта – олти энг машҳур ҳадис китоби муаллифи бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин даврда яшаб камол топдилар.

Имом Абу Исо Термизий илм учун сафарбар қилинган, ҳадис илмини эгаллаш ва ёзиб қолдириш истагида сафарлар билан кечган мазмунли умрдан сўнг ҳижрий 279 йил, ражаб ойида Термизга қарашли, ундан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида Роббилари ҳузурига риҳлат қилдилар.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Ёшлигидан илм-фанга ташна бўлган Абу Исо Термизий ўз билимини ошириш борасида 850 йилдан, яъни 26 ёшидан бошлаб қатор хорижий мамлакат ва шаҳарларга сафар қилган. Илмий сафарлари давомида кўплаб муҳаддислардан ҳадис илмини пухта эгаллаганлигини кўришимиз мумкин. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки илм ал-қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих каби фаннинг бошқа соҳалари ҳамда кўплаб устозлардан сабоқ олганлари маълум бўлди.

 

Имомиддин Бобоқулов Рамазонович,

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. 13-жилд.-Байрут: Муассаса ар-Рисола ,1992.
  2. Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абдуроҳим. Муқаддима Туҳфатул-Аҳвузий. – Байрут, Дорул кутуб илмийя 1990. –B. 242.
  3. Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут, Дорул Муҳаммад Амин, 1401. Ж.2. – Б.361.
  4. Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомиъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40.
  5. Имом Термизий. Сунани Термизий. – Риёз, Байтул-афкор, 1999. –Б.