Ҳар доим дўст танлашда адашманг!

Ҳар доим дўст танлашда адашманг!

Бу дунёда бирор бир инсонни ёру биродарсиз ва дўсту қариндошсиз тасаввур қилиш қийин. Инсон зоти борки, бир-бирига улфат бўлишга, дарди дилини изҳор қилишга, одамлардан ёрдам сўрашга эҳтиёжи тушади. Чунки илоҳий қонуният инсонларни улфат бўлиб, сулҳу адолат ва ҳамжиҳатликда яшашга чорлаган. Масалан, ишонч, ростгўйлик, омонатдорлик, ҳалоллик, хушмуомалалик, дўстлик, парҳезкорлик ва ҳоказо... Ислом оламида минг йиллардан бери қоида бўлиб келаётган яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, ёмонлик ва гуноҳда бир-бирига ёрдам бермаслик ҳам Исломнинг асосий ғояларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

Яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Инсон доимо ҳалоллик, поклик, яхшилик йўлида бошқа инсонлар билан ҳамкорлик қилса, жамият ҳаёти фаровонликка юз тутиб, инсоний меҳру муҳаббат ортиб, халқ тинч-хотиржам яшайди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар:

 

اُنْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ أَنْصُرُهُ مَظْلُومًا فَكَيْفَ أَنْصُرُهُ ظَالِمًا؟

قَالَ: تَمْنَعُهُ مِنَ الْظُلْمِ فَذَاكَ نَصْرُكَ إِيَّاهُ

متفق عليه عن أنس رضي الله عنه

Яъни: “Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам беринг”. Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мазлум бўлсаку, ёрдам бераман, лекин қандай қилиб золим бўлса ҳам ёрдам бераман?”, – деб сўради. Айтдилар: “Уни зулмдан тўсасиз мана шу унга ёрдам қилишдир(Муттафақун алайҳ).

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:

اَلدَّالُّ عَلَى الْخَيْرِ كَفَاعِلِهِ

(رواه الامام الترميذي عن انس رضي الله عنه)

Яъни: “ “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” (Имом Термизий ривоятлари).

Дарҳақиқат, яхшилик қилувчи инсон доимо жамият манфаатини ўзининг манфаатида устун қўяди. Одамларга имкони етгунга қадар ёрдам беради. Камбағал, етим есирлар, бева-бечораларнинг ҳаққини поймол этмайди.

Дўст танлаш борасида Мавлоно Жалолиддин Румий ўзининг “Маснавий маънавий” асарида бадиий тамсиллларга бой бир ҳикояни мисол келтиради.

Айиққа баҳайбат илон ҳужум қилди. Айиқ жон таҳликасидан ўкираётганида, уни жасур бир йигит кўриб қолиб, илондан қутқарди. Айиқ ўз халоскорига миннатдорчилик билдирди. Унинг ортидан эргашди, ҳеч айрилмас, орқасидан қомасди. Кунларнинг бирида йигит дардга чалинди. Айиқ эса дўстини сира ёлғизлатмай, ёнида ўтириб тузалишини кутарди. Бир йўловчи уларнинг ёнидан ўтаётиб, йигитга: «Биродар, бу нима ҳол. Айиқ билан нима алоқанг бор сени?», деб сўради. Йигит унга бўлган воқеани тушунтириб, шундан буён айиқ уни яхши кўриб қолгани, содиқ дўст бўлиб юрганини айтиб берди. Йўловчи: «Сен айиққа бунчалик ишониб кўнгил берма. Нодоннинг дўстлиги душманнинг ёвлигидан ҳам ёмон. Ақлинг бўлса, уни ўзингдан узоқлаштир», деб маслаҳат берди. Йигит: «Сен бу гапни бизга ҳасад қилганинг учун, дўстлигимизни кўролмаётганинг учун айтаяпсан. Сен айиққа эмас, унинг садоқатига боқ!», деди. Нариги киши: «Менинг ҳасадим ҳам бу айиқнинг дўстлигидан яхшироқ. Ўрнингдан тур, кетдик, ҳайвонни инсондан устун кўрма. Ўзинг каби инсонлардан дўст қидир!», деди. Лекин хаста йигит унинг гапига қулоқ солмасдан: «Эй ҳасадгўй! Кет бу ердан!», деб йўловчини ҳайдади. Мусофир: «Мен билан кетсанг, ўзингга яхшилик қилган бўлардинг!», деб йўлида давом этди. Бироздан сўнг хастанинг уйқуси келиб, ухлаб қолди. Айиқ беморнинг бошида ўтириб, унга озор берадиган пашшаларни ҳайдарди. Бир пашша йигитнинг юзига қўниб, ҳеч кетмай тураверди. Айиқнинг жаҳли чиқиб, ўрмондан катта тош олиб келди. Қараса, ҳалиги пашша дўстининг юзида уёқдан-буёққа визиллаяпти. Айиқ жаҳл билан тошни унга қараб отди ва дўстини ўлдириб қўйди. Аҳмоқнинг муҳаббати айиқникига ўхшайди. «Нодон дўстдан ақлли душман яхшироқ», деб бежиз айтмаганлар.

Жалолиддин Румий келтирилган ушбу воқеа барчамиз учун ибрат бўлиши лозим. Чунки, нодон дўстнинг қилмишлари бир куни бошимизга кулфату алам келтириши мумкин. Инсон имкониятига қараб ақлли инсонлар билан дўстлик риштасини боғлаши керак. Дўстлар оқилу доно бўлса, ишларингга Аллоҳ ривож беради. Ахмоқу нодон билан дўстлик, худди айиқ билан ўрнатган дўстлик кабидир.

Хожа Самандар Термизий “Дастурул мулук” асарида шундай дейди: “Азизим, фосиқ, ахлоқсиз ва нодон одамларнинг суҳбатида бўлишдан ҳазар қил. Ақли расо, билимдон одамларга хизмат қилишни ўзингга мажбурият қилиб ол ва улардан асло тортинма. Чунки ахлоқсиз, ўқимаган жоҳил ва одобсиз кишилар билан муносабатда бўлиш қора илонни озиқлантириш билан баробар бўлиб, у қачондир зарар етказади...”

Нодон ва ақлсиз инсонлар билан дўстлик қилиб бўлмайди, чунки дўстлик ҳақларига риоя этиш учун ақли расо ва зийрак инсон бўлиш керак. Дўст қийналганда унга ёрдам бериш, бемор бўлганда ҳолидан хабар олиш, кексайганда мадад қўлини чузиш, маҳзун бўлганда қалбига хурсандчилик улашиш, мусибатга йўлиққанда тасаллий бериш, сафарга чиққанда моли ва аҳлини муҳофаза этиш ҳамда доимий равишда бамаслаҳат иш тутиш каби фазилатлар дўстликнинг садоқат белгисидир.

Улуғ аждодларимиз ўз асарларида дўстликни улуғлаб, душманликни қоралаганлар. Дўстлик билан олам обод, халқ фаровон яшаса, душманлик билан юртлар вайрон, халқ нотинч яшайди. Шайх Саъдий ўзининг “Гулистон” асарида дўстларни “молу мулк учун дўстлик қилувчилар, тил учида фақатгина ғаразли мақсади учун дўстлик қилувчилар ҳамда бутун жони билан дўстлик қилувчилар тоифасига ажратган”. Аллома келтирилган биринчи ва иккинчи тоифадаги дўстлар қалбида мунофиқлик борлиги учун улар билан ҳолатга қараб муомала қилинади, зинҳор уларга яқинлашиб бўлмайди, жони билан дўст бўлганларга садоқат ва муҳаббат кўрсатилади.

Хулоса шуки, бугунги глобаллашув замонда дўст танлашда адашмайлик, ижтимоий тармоқлар орқали сизга дўстлик аҳдини боғлаганлардан эҳтиёт бўлинг. Сиз унинг кимлигини билмасдан таъсирига тушиб қолсангиз, эътиқодингизга, турмуш тарзингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бугун кўплаб “мен сени дўстингман” дея медиамаконда ваъда берганлар оқибатда “сизга душман” эканлиги аёнлашмоқда. Шунинг учун сиз биладиганлардан маслаҳат сўранг, билмайдиганлар ҳеч қачон сизга садоқат кўрсатолмайди.

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари – Жамаҳматов Каромиддин