ИМОМ МОТУРИДИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

ИМОМ МОТУРИДИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

Ислом тафаккури ва ақидавий таълимот тарихи давомида шаклланган энг нуфузли илмий мактаблардан бири — мотуридийлик таълимотидир. Бу мактабнинг асосчиси Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мотуридий ас-Самарқандий (IX–X асрлар) Ислом оламида сунний ақидавий фикрнинг етук вакилларидан бири сифатида танилган. Унинг ақидавий қарашлари, фалсафий таҳлиллари ва маънавий мероси асрлар давомида Марказий Осиё ва бошқа минтақаларда ақидани шакллантириш, ёш авлодни тарбиялаш ва жамиятда маънавий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутиб келган.

Имом Мотуридий таълимоти, аввало, ақл ва нақл уйғунлигига таянади. У инсон ақлини Аллоҳ томонидан берилган улуғ неъмат сифатида баҳолайди ва уни динни англашда асосий манба сифатида қабул қилади. Мотуридий ақидавий тизимни айнан шу асосда барпо этган ва эътиқод масалаларини илмий-рационал мантиқий асосларда мустаҳкамлашга интилган. Унинг таълимотида ақл ва ваҳий ўртасида зиддият эмас, балки ўзаро уйғунлик мавжудлиги таъкидланади.

Мотуридий асарларида дин фақат ибодатлар тўплами сифатида эмас, балки мураккаб фалсафий ва ижтимоий масалалар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда таҳлил қилинади. Унинг “Китоб ат-тавҳид” асарида ақидавий масалалар фалсафа, мантиқ ва калом услубида асослаб берилган. Мотуридийнинг таъкидлашича, инсон ўз ақли орқали Аллоҳнинг мавжудлигини, у зотнинг сифатларини ва ваҳийга эҳтиёжини англай олиши керак. Бу қарашлар замонавий жамиятда илм ва маърифат асосида динни англаш, эътиқодда мувозанатни сақлаш ҳамда диний муаммоларга ақл ва далилга асосланган ечимлар таклиф этишда муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда глобаллашув, ахборот оқими ва турли мафкуравий таъсирлар инсон, айниқса ёшлар онгига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда диний-маърифий барқарорликни таъминлаш, ёшларни бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш долзарб вазифалардан бирига айланган. Имом Мотуридийнинг илмий мероси бу борада мустаҳкам асос сифатида хизмат қилади. Унинг таълимоти радикализм, экстремизм ва терроризмга қарши курашда ақлга суянган, бағрикенг ва мувозанатли диний дунёқарашни шакллантиришга ёрдам беради. Мотуридий қарашлари асосида тузилган таълимий ва тарбиявий дастурлар ёшларда танқидий фикрлаш, таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиради ва уларни мустаҳкам ақидавий иммунитетга эга шахслар сифатида камол топтиришга хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Имом Мотуридийнинг таълимоти фақат диний соҳада эмас, балки ижтимоий, фалсафий ва маънавий-маърифий ҳаётда ҳам муҳим ўрин тутади. Унинг инсон, адолат, ихтиёр ва тақдир ҳақидаги фикрлари инсон ҳуқуқлари, ахлоқий масъулият ва жамиятдаги тенглик каби умуминсоний қадриятлар билан уйғундир. Мотуридийнинг ушбу қарашлари фақатгина ислом оламида эмас, балки халқаро миқёсда ҳам аҳамиятли деб баҳолашга асос яратади.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Мотуридийнинг маънавий мероси бугунги замонавий жамиятда ҳам ўз долзарблигини йўқотмай келмоқда. Унинг илмий қарашлари ва ижодий мероси ақидавий барқарорлик, маърифий тараққиёт ва бағрикенглик асосида жамиятни ривожлантиришда, айниқса ёш авлод онгини софлаштиришда беқиёс аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Имом Мотуридийнинг асарларини чуқур ўрганиш, замон талаблари асосида таҳлил қилиш ва амалиётга жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

 

АБДУВАХИДОВ АБДУЛЛАЗИЗ АБДУСАТТОР ЎҒЛИ

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими