"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Инсон ўзлигини англаш учун бутун умри давомида руҳиятини тарбиялашга муҳтож. Нафс балоси инсонни доимо тубанликка чорлаб келиб, эгасига фойда келтиришдан кўра зарар келтиришга мойилроқ. Қанча инсонлар нафснинг хоҳиши истаки билан тўғри йўлдан адашиб китгани тарих давомида кетобларда қайд этилган. Нафсни тарбиялаш учун илму маърифат ва поклик зарур. Илму маърифатни ёшликдан ишончли устоз орқали ўрганиб, аста-секинлик билан инсон камолот сари илдам қадам ташлайди. Модомеки, нафс инсон ҳаёти учун манфаат ёки зарар келтиришга восита экан, нафснинг манфаат келтирувчи воситаларини ўрганиш лозим. Нафснинг манфаат келтирувчи воситаларни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ишора қилиб ўтган.
قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسَّاهَا
(الشمس/9-10)
Яъни: “Ҳақиқатан, нафсни поклаган киши нажот топур. Ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс сураси 9-10 оятлар).
Нафсни танбеҳ бермасдан, фақатгина унинг хоҳиш истаклари билан иш тутиш инсонни хору зор этади. Мисол учун золим одам нафсига қул бўлгани сабабли, бировларга озор бериши, одамлар ҳаққини поймол этиши оддий бир иш бўлиб қолади. Албатта, нафсни тарбиялашда Аллоҳга соғлом эътиқод билан муножот этиб, нажот сураш керак. Чунки васваса ва шайтоний ҳис-туйғулар инсонни доимо нафснинг ҳою ҳавосига етаклаган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат этади:
وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي ۚ إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي ۚ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ
(يوسوف/53)
Яъни: “Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир” (Юсуф сураси 53-оят).
Нафс тарбиясидан мурод инсон руҳиятини тарбиялаши назарда тутилган. Одоб ахлоқ ва инсоний меъёрларнинг барчаси нафс тарбиясига киради. Соғлом эътиқодли жамият томонидан мақталган барча ахлоқий меъёрлар руҳий тарбия дарси сифатида эътиборга олинади. Чунки, жамият орасида бузғунчилик, турли фитналар нафснинг ҳойу ҳавосидан содир бўлади. Соғлом нафс (руҳий олам) доимо яхшилликка ундаб келган. Ҳавои нафсига эргашган кимсани соғлом жамият соғлом инсон сифатида қабул қилмайди. Уни одобсиз, ахлоқсиз, фитнакаш каби номлар билан тилга олинади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди.
وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنِ اتَّبَعَ هَوَاهُ بِغَيْرِ هُدًى مِنَ اللَّهِ
(القصص/50)
Яъни: “...Ўз ҳавои нафсига эргашган кишидан кўра адашганроқ кимса борми?!” (Қасос сураси 50-оят).
Молу мулк инсон яхши ҳаёт кечириши халққа манфаат етказиши учун муҳим воситадир. Бироқ молу мулки бор бўлиб, нафси ёмон инсонларнинг моли фойдадан кўра зарари кўпроқ. Биров ҳаққини қинғир йўллар билан узлаштирган кишини ижтимоий қонунлар ҳам жазога маҳкум этади. Илоҳий қонунлар эса уни савол-жавоби борлиги, ҳисоб китоб қилиниши ва уқубатга гирифтор бўлиши муқаррарлигини таъкидлайди.
يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ
(الشعراء/88-89)
Яъни: “У Кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси 88-89 оятлар).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз ҳадисларида нафсни доимо ҳисоб китоб қилиб туришга даъват этганлар. Инсон умрини мазмунли ўтказиши, нафсини тергаб туриши, яхши ва ёмон амалларини санаши, хатоларини ҳар куни ислоҳ этиши, гуноҳлардан ўзини узоқ тутиши, одамларга яхшилик улашиши нафсини ҳисоб китоб қилиш сирасига киради. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар:
الكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ وَالْعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَواهَا وَتَمنَّى عَلَى اللهِ
(رواه الامام الترمذي)
Яъни: “Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривояти).
Демак, ким Қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан қўрқиб, нафсини гуноҳ ишлардан тийса, унга жаннат ваъда қилинган экан. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу одамларга хитоб қилиб, шундай деганлар:
حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا، وَزِنُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُوْزَنُوا، فَإِنَّهُ أَهْوَنُ عَلَيْكُمْ فِي الْحِسَابِ غَدًا أَنْ تُحَاسَبُوا أَنْفُسَكُمْ اليَوْمَ وَتَزَيَّنُوا لِلْعَرْضِ الأَكْبَرِ يَوْمَئِذٍ تُعْرَضُونَ لَا تَخْفَى مِنْكُمْ خَافِيَة
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
Яъни: “Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг, амаллар тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйинг! Бугун нафсингизни ҳисоб қилишингиз эрта – Қиёматда ҳисобингизни енгиллаштиради. Ўзингизни катта ҳисоб-китоб Кунига ҳозирланг! Аллоҳга рўпара бўладиган кунда бирор нарсангиз махфий қолмайдиган кунингизга ҳозирлик кўринг!” (Имом Термизий ривояти).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (р.) ўзининг “Руҳий тарбия” асарида шундай баён этади: “Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашнинг мақсадларини уламоларимиз асосан уч йўналишга тақсимлайдилар:
1. Банданинг Робби билан бўлган алоқасини ислоҳ қилиши;
2. Банданинг ўзи билан алоқасини ислоҳ қилиши;
3. Банданинг ўзгалар билан алоқасини ислоҳ қилиши”.
Мавлоно Жалолиддин Румий “Маснавий маънавий” асарида шундай келтиради: “Лочин ғозларга қарата: «Сувдан чиқиб, атрофнинг гўзаллигидан ҳам баҳра олсангиз-чи!», деб таклиф қилди. Ғозлардан бири: «Эй лочин, сен биздан нари тур. Сув бизнинг таҳлика ва хавфлардан ҳимояланадиган қалъамиздир. Сувдан чиқсак, минг бир хатарга учрашимиз тайин. Сен айтаётган ям-яшил қир-адирлар ўзингга буюрсин!», деб жавоб қилди.
Ғозлардан мурод Яратганнинг кўрсатмалари асосида ҳаёт кечираётган иймон аҳлининг тимсолидир. Лочин эса мўминларни тақво қалъасидан чиқариб, маъсиятга, фасодга чақирадиган нафс, шайтон ҳамда шайтон малайларининг васфидир”
Ёмон нафсни Жалолиддин Румий бир чиройли манзарали табиатга ўхшатган. Одамлар бир кўришда кўзи қўвнаб шу жойда яшашни хоҳлаб қолади. Бироқ соғлом назар билан боқса, унинг чиройли манзараси билан бирга ҳар жойда чуқурлик қазилган. Ёмон нафсга гирифтор инсонлар ушбу чуқурликларни кўролмайди, балки зоҳирий кўзга ишониб шунга талпинади. Шундай жойга боргандан сўнг оёғи тойилиб чуқурликка тушиб кетади. Ақлу тафаккур ва илму маърифат билан кўзини тарбиялаган инсон эса бу каби хатарли жойга қадам босмайди. Ушбу ҳикоя бугунги воқеликда эса ижтимоий тармоқлар орқали баъзи ёшлар турли ваъдаларга ўчиб, бегона юртларга ошиқмоқда. Оқибатда ўз юрти, қавму қариндоши, қалб ҳаловатидан жудо бўлмоқда. Энг ёмони ўзи билан бирга бошқаларга ҳам маънаваий зарар бермоқда.
Бизнинг аждодларимиз нафсни тарбиялаш борасида кўплаб асарлари ёзгани кўпчиликка сир эмас. Ҳатто ҳар бир дуоларида нафсни ислоҳ этишни Аллоҳдан сўрашган. Сўфи Оллоёр бобомиз айтадики, нафс билан шайтон доимо инсон душмани, уни мағлуб этиш учун пайт пойлайди. Агар бир нафас сен бепарволик қилсанг, сени ўзига ром этиши муқаррар.
Ҳамиша нафс ила шайтон каминда,
Мани озғурмағил дунёву динда...
Пушаймонман паришон ўткан ишдин,
Баҳору тийрамоҳу ёзу қишдин.
Ёмон ишдин ҳама узвимни пок эт,
Кўнгил мулкин мақоми дарднок эт...
Хулоса шуки, ҳар бир инсон ақлини танигандан сўнг, илму маърифат ва тарбия орқали ўзини ислоҳ этиб бориши керак. Нафсини тўғри йўлда тарбиялаган инсон доимо қалб ҳаловати билан ҳаёт кечиради. Нафсини қинғир йўлларга одатлантирган киши эса ҳузуру ҳаловатдан бебаҳра бўлиб, турли қийинчиликларга дуч келади. Бугун дунёда бўлаётган турли ўришлар, фитналар, ноҳақ қон тўкилишлар, бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлиш каби иллатларнинг барчаси ёмон нафснинг иллатларидандир. Нафсини ислоҳ этган инсон ўзлик вазифасини англаб, яратган Роббисини танийди. Роббисин таниган инсон ўз ҳаққи билан бирга инсонлар ҳаққига ҳам риоя этади. Бугунги кун учун энг долзарб муаммо – аксар инсонлар нафс тарбиясини унутганлигидадир.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари – Жамаҳматов Каромиддин