"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Саъдулла Амонов Холсаитович,
Термиз давлат педагогика институти Математика ва информатика кафедраси ўқитувчиси
Аннотация. Ушбу мақолада Термизий сулолалари асарлари ва ҳадис- ларига бағишланган. Ислом уламолари орасида илк даврдан бошлаб ҳадис- ларнинг тўғрилиги ва ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берилган.Ислом уламолари орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга келтирилган олтита ҳадислар тўплами энг нуфузли ва мўътабар муҳаддислардан бири Имом Термизийдир.
Калит сўзлар: Ҳадислар ва унинг аҳамияти, Ҳадислар тўплами, Имом Термизий муҳаддис асарлари, «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» асари.
Abstract. This article focuses on the works and hadiths of the Thermisian dynasties.There has been a strong emphasis among Islamic scholars from the early period on the correctness of Hadith and the foundation of reliable sources. Among the Islamic rabbis, a set of six hadiths compiled and arranged on the basis of reliable sources, one of the most influential and moderate muhaddis is Imam Termizi.
Keywords: Hadiths and its significance, collection of Hadiths, works of Imam Termiziy muhaddis.
«Ал-жомиъ ас-саҳиҳ». Имом Термизийнинг ижодий фаолиятида яратилган асарлари ичида «ал-жомиъ ас-саҳиҳ» (Ишончли тўплам) энг асосий ўринни эгаллайди. Ушбу асар, юқорида қайд қилганимиздек, «Ал-жомиъул кабир», (Катта тўплам), «Саҳиҳи Имом Термизий», «Сунани Имом Термизий» каби номлар билан ҳам юритилади. Тарихчи Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ёзишича, Имом Термизий ушбу асарини 270-ҳижрий (884- милодий) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган. Ушбу асар қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида, шунингдек, ўзимизда, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. Муҳим манба сифатида «ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» бир неча марта нашр қилинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866)-йили
![]() |
Митоҳда, 1292 (1875)-йили Қоҳирада, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилганлигини кўрсатиш кифоя [1].
Имом Термизийнинг бу муҳим асарига бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, улардан ибн Арабий номи билан машҳур бўлган Имом Ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад Ашбилийнинг «Оридатул Аҳвазий ала китоб Имом Термизий» номли 13 жуз (қисм)дан иборат шарҳларини келтириш мумкин. Ушбу шарҳ дастлаб 1931 йилда Қоҳирада нашр қилинган. Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абдураҳим Муборакфурий қаламига мансуб яна бир шарҳ ҳам «Туҳфатул-Аҳвазий бишарҳи Имом Термизий» деб аталади. Тўрт жуздан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Мисрлик олим ва адиб Жамолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютийнинг (1445-1505) Имом Термизий асарига ёзган шарҳи «Қутул муғтазий ала Жомиъ Имом Термизий» (ундан икки қисми нашр қилинган) деб аталган. Булардан ташқари, Муҳаммад ибн Абдуқодир Абу Тоййиб Маданийнинг «Шарҳу Сунани Имом Термизий», Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг «Таҳқиқ ва шарҳу Жомиъ Имом Термизий» (ўндан икки қисми 1937 йилда Мустафаул Бобиюл Ҳалабий томонидан нашр қилинган), Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг «Маъориф сунани шарҳ сунани Имом Термизий» (унинг биринчи қисми 1963 йилда Покистонда нашр қилинган), Сирож Аҳмад Сарҳандийнинг «Шарҳ Сунани Имом Термизий» номли форсча шарҳи, шунингдек, Рашиб Аҳмадул Кануҳийнинг «Ал-кавкаб ад-дуррий ала Имом Термизий» (Ҳиндистонда чоп этилган), Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирийнинг икки жуздан иборат «Ал-аърф аш-шазий ала Жомиъ Имом Термизий» (бу асар ҳам Ҳиндистонда чоп этилган) ва ниҳоят Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Абдулҳодий Санадийнинг (у 1138 йилда вафот этган)
«Ҳошия ала Сунани Имом Термизий» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.
Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий айтганлар: «Имом Термизий:
«Мен «Сунани Термизий»ни ёзиб, уни Ҳижоз, Ироқ, Хуросон олимларига кўрсатдим. Барчалари бу китобдан мамнун бўлдилар ва: «Кимнинг уйида шу китобдан бўлса, гўё унинг уйида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гапириб тургандек бўладилар», дедилар», деганлар»[2].
«Ал-жомиъ»да манфаатли илм, тўла-тўкис фойда ва улкан масалалар мужассам. У ислом асосларидан биридир.
Абу Наср Абдураҳим ибн Абдул Холиқ айтганлар: «Термизийнинг «Ал- Жомиъ»ларидаги ҳадислар тўрт қисмдан иборат:
![]() |
Термизий: «Мен ушбу китобимда ривоят қилган ҳадисларга фуқаҳолар амал қилганлар. Фақат бир-иккита ҳадис борки, уларга амал қилишмаган. Улар: «Кимки уч мартагача тавба қилиб, ароқ ичса, уринглар. Тўртинчи мартасида ўлдиринглар», ҳамда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва асрни Мадинада жам қилдилар. Хавф ҳам йўқ эди, сафарда ҳам эмасдилар» ҳадисларидир», деганлар.
«Сунани Термизий» у кишининг имом, қуввайи ҳофиза ва фиқҳ соҳиби эканликларининг ёрқин далилидир. Лекин ҳадисларни қабул қилишда кўп ҳам қаттиқ турмаганлар ва ровийларга баҳо беришда ҳам кўнгилчан бўлганлар.
Ибн Тоҳирнинг «Ал-Мансур» китобларида битилган: «Шайхул ислом Абу Исмоилнинг: «Термизийнинг «Ал-жомиъ Имом Термизий» асарлари Бухорий ва Муслимнинг китобларидан кўра манфаатлироқдир. Чунки Бухорий ва Муслимнинг китобларидан олимларгина, Термизийнинг китоб- ларидан эса барча фойдалана биладилар», деганларини эшитдим»[3].
«аш-Шамоил ан-набавия». Абу Исо Имом Термизийнинг бошқа бир йирик асари «Шамоили набавия» (Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари) деб аталади. Бу асар баъзи манбаларда «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий соллаллоҳу алайҳи васаллам», «Аш-шамоилул Муҳаммадия» номлари билан ҳам келтирилган. Асар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид тўрт юзу саккиз ҳадиси шарифни ўзига жамлаган қимматли манбадир.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ушбу мавзу, яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп олимлар, муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин Имом Термизий асарининг бошқалардан афзаллиги ва фарқи шундаки, муаллиф имкони борича Пайғамбар алайҳиссалом фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган. «Шамоили набавия» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади.
Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ва ҳошиялар ҳам ёзилган. Улардан Абдурауфул Муновиюл Мисрийнинг (вафоти 1003-ҳижрий йили) «Шарҳуш-шамоил», Али ибн Султонул Ҳаравий Қорийнинг (вафоти 1192-ҳижрий йили) «Жамъул-васоил фи шарҳи-шамоил», Сулаймон ибн Умар
![]() |
ибн Мансурул Жумалнинг «Ал-мавоҳибул Муҳаммадийя би шарҳи-шамоил Имом Термизийя» кабиларни келтириш мумкин. Бу асарнинг бир қўлёзмаси Қоҳирадаги Азҳар кутубхонасида 144-ҳадис илми рақами остида сақланмоқда, Муҳаммад ибн Жасусул Моликийнинг (вафоти 1182-ҳижрий йили) «Ал-фавоидул жалийлатул баҳийя ала аш-шамоилул Муҳаммадийя (бу асар 1927 йилда нашр қилинган) ва ниҳоят Азҳар университетининг собиқ Шайхи Иброҳим Божурийнинг «Ал-мавоҳибул ладунийя ала шамоил Имом Термизийя» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.
Буюк бобомизнинг яна «Китобут-тарих», «Китобул илал ас-сағир ва илалул кабир», «Китобуз-зуҳд» (Тақво ҳақида китоб), «Китобул асмо вал куна» (Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб), «Ал-илал фил ҳадис» (Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида), «Рисола фил хилоф вал жадал» (Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола), «Асмоус-саҳоба» (Пайғамбар саҳобаларининг исмлари) деган асарлари ҳам мавжуд[4].
У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрисий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида, зарбулмасаллар битилганини айтадилар. Шогирдларидан яна бирлари: «Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо Имом Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди», деб айтади. Имом Термизий кўп йиғлаганларидан ҳаётларининг охирги икки йилида кўзлари ожиз бўлиб қолган.
Ибн Атийя: «Менинг ҳузуримда Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом Термизийнинг китоблари нурлироқ ва тушунарлироқ», деб айтади. «Нима учун?» деб сўралганда, Атийя: «Чунки иккита имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади холос», деб айтган экан. Шайхлардан бири Имом Термизийга 40 та ғариб ҳадисни айтиб, имтиҳон қилишлик учун сўраганда бирорта ҳарфда ҳам хато қилмасдан аввалидан охиригача ўқиб берганларини кўриб: «сенинг мислингдаги кишини кўрмаганман», деб айтди. Имом Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса, «Сунан» китоблари китобларининг чиройлиси, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилгандир.
Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг «Жомиъ ас-саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», деб айтади[5].
Абу Исо Термизий асарлари ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Унинг «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», «Аш-шамоил ан-набавия» каби асарларида
![]() |
2024 йил 17-18 октябрь кунлари Термизда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман мақолалари тўплами
келтирилган ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнат- севар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат- эътиборли бўлишга чорлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шеробод туманидаги Абу Исо Термизий мақбараси обод қилинган бўлса, 2017 йил 14 февралда давлатимиз раҳбарининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор асосида Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази қурилди. Иловаларда 2-расмда кўрсатилган. Унда ислом дини, жумладан, ҳадис илми, Абу Исо Термизий ҳамда Термизий алломалар мероси чуқур ўрганилади. Диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланишга қаратилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланади.
Давлатимиз раҳбари марказга ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш, халқимизга тушунарли тильда китоблар чоп этиш бўйича тавсиялар берди. Бу ерда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муносиб шароитлар яратиш, олимларнинг халқаро илмий конференцияларда иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.