"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Ушбу асар Ҳаким Термизийнинг “Наводирул усул” (Нодир асослар), “Манҳиёт” (Қайтариқлар), “Ал-Амсол минал Китоб вас сунна” (Қуръон ва суннатдаги мисоллар), “Масоил аҳли Сарахс” (Сарахс аҳли саволларига жавоблар), “Ал-Масоилул макнуна” (Яширин масалалар), “Баёнул фарқ” (Фарқ баёни), “Илмул авлиё” (Авлиёлар илми) каби китоблардан саралаб олинган таржима матнларидан иборат.
“Наводирул усул” (Нодир асослар) асари Ҳаким Термизийнинг ҳадисга оид энг йирик асаридир. Унда аллома мингдан ошиқ ҳадисларни келтирган. Энг эътиборга сазовор жиҳати шундаки, Ҳаким Термизий ҳадисларни фақат матни ва санадини келтирибгина қолмай, унинг туб мазмун-моҳиятини, инсоннинг ички дунёси (нафси, қалби, ақли ва руҳи) ва ҳаётига қай даражада алоқадорлигини чуқур таҳлил этган.
“Манҳиёт” (Қайтариқлар) асари эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом кишиларни ундан қайтарган нарсалар ҳақидаги ривоятларга бағишланган. Бунда ҳам аллома ушбу қайтариқларнинг киши тарбияси ва ҳаёти учун аҳамиятини очиб беришга ҳаракат қилган.
"Ал-Амсол минал Китоб вас сунна” (Қуръон ва суннатдаги мисоллар) китобида Қуръон ва ҳадисларда айрим нарсалар мисол келтириш орқали тушунтирилган. Масалан, кишининг иймон-эътиқоди ва тарбияли-тарбиясизлиги ернинг ёмон ёки яхшилиги билан қиёсланган. Шўр ерга нарса экса, чиқмайди, яхши ернинг ҳосили эса мўл-кўл бўлади. Мана шу каби мисолларни Ҳаким Термизий чуқур таҳлил этган.
“Масоил аҳли Сарахс” (Сарахс аҳли саволларига жавоблар) асарида ўша вақтда Ҳаким Термизийга келган турли саволларга жавоб келтирилган. Китоб мавзусида кишининг диний ва дунёвий тарбиясига оид муҳим масалалар бор.
“Ал-Масоилул макнуна” (Яширин масалалар) асарида ҳам Қуръон ва ҳадисдаги оддий кишиларга тушунрсиз бўлган нозик жиҳатлар очиб берилган. Масалан, киши агар нафс таъсирида бўлса, барча эришган ютуқларини фақат ўз ҳаракатидан деб билиши, қалби соф бўлганида эса бу муваффақиятларни Аллоҳдан санаши каби масалалар таҳлил этилади.
“Баёнул фарқ байн ас-садр ва-л-қалб ва-л-фуад ва-л-лубб” (Кўкс, қалб, фуад ва лубб орасидаги фарқ баёни) асари эса кишининг ички дунёсига бағишланган. Кишининг ишлари жамланадиган жой унинг кўксидир, сўнг қалб, сўнг қалб кўзлари бўлган фуад, охирида эса луб, яъни, аслият бор. Буни мисоли ёнғоқ каби: дастлаб пўст, сўнг парда, сўнг мағиз, охирида мағизнинг мойи. Буларнинг бари Қуръон ва ҳадислар билан асосланади.
“Илмул авлиё” (Авлиёлар илми) асари эса авлиё шахс сифатларига бағишланган. Ҳаким Термизий тарихда валийлик назарияси асосчиси сифатида эътироф этилган. Ушбу асар эса бу мавзудаги энг эътиборли асарлардан бири саналади. Авлиёлик орқали Ҳаким Термизий комил инсон ғоясини илгари сурган ва унга эришиш йўлларини ўз асарларида батафсил таҳлил этиб, бунинг асосларини баён этган. Энг асосийси, комил инсоннинг психологик портретини яратишга муваффақ бўлган.