"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Абдулҳамид Турсунов. Китоб ҳажми: 94 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Китоб 9 бобдан иборат бўлиб, унда тасаввуф илмидаги атамалар ва изоҳлар келтирилган. Ҳаким Термизий тасаввуф доирасидаги ибора ва сўзларнинг сирларини очиб, уларнинг қандай маъноларга далолат қилишини чуқур илмий мушоҳада асосида баён қилган. Китоб аввалида Ҳаким Термизийнинг ҳаёти, устоз ва шогирдлари, асарлари, замондош алломаларнинг бу улуғ зотга берган таърифлари келтирилган.
Ҳаким Термизий ният, ихлос, илм ва унинг 8 тури, Аллоҳ розилиги, Аллоҳни ёд этиш, адолат, саховат, шижоат, азму қарор қилиш, тавба, зоҳидлик, ақл, ҳикмат, илҳом, тақво, маърифат, ҳилм, тавозеъ, шукр, сабр, дўстлик, фаросат, шавқ, офият, мурувват, ҳайбат, шодлик, ҳаё, миннатдорлик, тафаккур, тазарру, ибрат, комиллик, муҳаббат, йиғи, ҳавойи нафс, васваса, хиёнат, надомат, ҳирс, кибр, ҳасад ва бошқа кўплаб тушунчаларга изоҳ берган.
Китобда келтирилган таърифлар тасаввуф атамаларини нотўғри тушуниб, хато талқин қилаётган кишиларга ас қотади. Жумладан, зуҳд - дунёни тарк қилиш ва ундан четланиб, узлатга чекиниш эмас, балки киши қалби ва нафсининг соф бўлиши, дунёга ортиқча меҳр қўймаслик, унга етишишни ўзи учун асосий мақсад қилиб олмаслик экани айтилади.
Ҳаким Термизий устоз ва шогирд муносабатларига алоҳида эътибор қаратади. Устознинг биринчи галда ўзи тарбияли, шогирдларининг руҳиймаънавий ҳолатидан яхши хабардор бўлиши кераклигини таъкидлайди. "Шогирд ўзи билганича бир ишни ихтиёр этмаслиги вожибдир. Устозига муҳаббат, иззат, ҳурмат билан муомала қилади", - дейди Ҳаким Термизий.
Аллома ушбу асарда исломда буюрилган ёки тақиқланган амалнинг асосий сабабларини баён қилади. Мисол учун, нима сабабдан зино ҳаром қилингани ҳақида ёзиб: "Насаблар аралашиб кетмаслиги, фарзандлар кимдан бўлгани ҳақида шубҳа бўлмаслиги ва фаҳш ишларнинг олдини олиш учун", - деб тушунтиради.
Ҳаким Термизий билиш назариясига катта эътибор қаратади. Ақлнинг таърифини келтириб, унинг икки турга бўлади: биринчиси, далил ақли бўлиб, унинг жойи миядир. Бунда ақлнинг нури қалбга йўналади. Иккинчиси, каромат ақли бўлиб, ўрни ғойибда эканини қайд этади.
Таркидунё қилиб, ичида уни яхши кўрувчи шахс эмас, балки дунёда керагидан ортиқ нарсадан ўзини тийган одамгина зоҳид саналиши Ҳаким Термизий ғояларининг яшовчанлигини таъминлаган омиллардан ҳисобланади.
Ҳаким Термизийнинг ушбу асари ислом маърифатини, тасаввуфнинг моҳиятини илмий асосда тушуниш учун энг муҳим қўлланмалардан биридир.