Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий

Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий

Нашрга тайёрловчи: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқулов. 

Китоб ҳажми: 218 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Китобда буюк аллома, ватандошимиз, машҳур олти муҳаддиснинг бири Абу Исо Муҳаммад Термизий яшаган давр, унинг ҳаёти, таълим олиши, шогирдлари, унга замондош олимлар, илмий мероси, унинг ҳадис илмида тутган
йўли борасида атрофлича ёритилган.
Китоб машҳур тарихчи Абдулкарим Самъоний Имом Термизий ҳақида: "Ҳеч шубҳа йўқки, у ўз асрининг тенги йўқ пешвосидир", - деган юксак эътирофи, Абу Яъло Халилийнинг: "Абу Исо барча бир овоздан эътироф этган ишончли муҳаддис бўлиб, омонатдор ва олим сифатида шуҳрат қозонган", - деган мақтовлари билан бошланган.
Имом Термизийга замондош олимлар, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Бухорий каби машҳур муҳаддис олимлар билан ораларидаги ўзаро ҳурмат-эҳтиром, устози Имом Бухорийдан сабоқ олгани, ҳатто Имом Бухорий ўз шогирди Имом Термизийдан ҳадис ривоят қилганлиги келтирилган.
Имом Бухорий шогирди Имом Термизийнинг солиҳ ва тақводор, зеҳн-заковатли ва улуғ хулқ соҳиби эканини кўриб: "Аслида мен сиздан кўпроқ фойда олдим", - ўз самимиятини изҳор этган. Бу эса юртимизда тарихан қарор топган бой илмий-маънавий муҳит, уламолар ўртасидаги самимий биродарлик муносабатларининг ёрқин ифодаси бўла олади.
Китоб муаллифининг қайд этишича, Имом Термизий яшаган давр мураккаб сиёсий бўхронлар ва фитналар авж олган даврга тўғри келган. Шунга қарамай, Имом Бухорий, Имом Термизий сингари фидойи олимларнинг саъй-ҳаракатлари билан илм-фан гуллаб-яшнаган. Кўплаб муҳаддис, фақиҳ, муфассир, калом илми уламолари етишиб чиққан.
Яна китобда Имом Термизийнинг асарлари рўйхати, "Жомеъ ат-Термизий" ва "Жомеъ" асари номини аниқлаш ва унда келган муҳаддислар ҳақида сўз боради. Имом Термизийнинг ёзган асарлари, хусусан, "Жомеъул кабир", "Ал-Илалус сағир", "Ал-Илалул кабир", "Аш-Шамоилул Муҳаммадия", "Тасмияту асҳоби расулиллаҳ" китоблари ҳақида батафсил маълумот берилади.
Асарда ҳадис илмларида Имом Термизийнинг пешволиги ва унинг ишончли ровий эканлиги асослаб берилган. Ровийлар ҳақида гапириш ғийбат эмаслиги, Имом Термизийнинг "Жарҳ ва таъдил" илми борасидаги фикрлари, Термизийнинг ровийларга берган таърифи, нозик услублари ҳам баён қилинган. "Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий" асарининг аҳамияти шундаки, унда буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий меросига оид барча маълумотлар ишончли манбалар асосида илмий-танқидий таҳлил қилинган.