"Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома,
ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий
алломаларнинг беназир меросини илмий асосда
чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир."
Китоб муаллифи: Ҳаким Термизий (820-932 йй.)
Нашрга тайёрловчи: Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Аслиддин Раҳматуллаев.
Китоб ҳажми: 94 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Китобда оқиллар - йўли, ахлоқи ва эътиқоди тўғри кишилар ва алданган - ўткинчи дунё ва нафсининг ҳою ҳавасларига алданиб, охиратни унутган кишилар ўртасидаги фарқлар баён қилинади. Ушбу икки тоифанинг эътиқоди, ибодатлари ва юриш-туришидаги фарқлар кўрсатиб берилади.
"Оқиллар ва алданганлар" китоби 14 бобдан иборат бўлиб, унда мўмин киши учун зарур бўлган ибодат ва ижтимоий муомала масалалари баён этилган. Асарда диний амалларни юзаки бажариб туриб ҳам кишилар турли алдов ва хомхаёлларга тушиб қолишлари мумкинлиги кўрсатиб ўтилади.
Жумладан, таҳорат олишда киши таҳоратни мукаммал қилишни ўйлаб, сувни кўп исроф қилиши мумкин. Аслида эса ҳадисларда дарёнинг ёнида бўлса-да, киши сувни тежаши лозимлиги уқтирилган. Намозда турганида ҳам хаёлини турли фикрлардан сақлай олмайди. Рўзада эса ғийбат ва ёмон гап-сўзлардан тийилмайди. Алданган киши закот бераётганда ўзига кейинчалик манфаати етиши мумкин бўлган одамларга беришга ҳаракат қилади.
Ҳажга ноҳақдан топилган моли билан боради ва ибодатларни фақат бадани билан бажаради. Бу эса унинг хулқи-одобини покламайди. Илм талаб қилишда шуҳрат ва манфаатни ирода қилади. Ҳатто уйланишда ҳам дунёвий манфаатларини кўзлаган ҳолда молу дунёсини зиёда қиладиган тарзда бу ишни амалга оширади. Ҳатто Қуръон ўқиганда ҳам дунёнинг бирон матоҳига эришиш учун ўқийди.
Юқоридагиларга зид тарзда оқиллар ҳар бир ишни ўз ўрнида ва тўғри бажариб, ибодатлардан кўзланган мақсадларни юзагачиқаришга ҳаракат қилишади. Шу тарзда муаллиф юқоридагиикки тоифанинг қилган шларини теран таҳлил этади ҳамдасабаб ва оқибатларини баён қилади.
Ҳаким Термизий оқил инсон тавсифида у нафақат ўзининг қалбан покланиши, балки бошқаларнинг ҳам раҳмат ва мағфиратга эришиши йўлида қайғуришини таъкидлайди. Бу хусусида аллома шундай ёзади: "Тақво соҳиби ҳаммомдан чиққан кишига ўхшайди. У ҳаммомдан тозаланиб, оппоқ кийимларни кийиб олади. Шу тақводор киши агар қалбини, кўнглини покласа, кейин одамларнинг адашганини кўрса, уларга раҳми келади, меҳр кўрсатади. Уларга ачиниб, Аллоҳга тазарру қилади, дуо қилади".
Ушбу сўзларнинг бугунги кундаги аҳамияти шундаки, жамиятдаги маънавий муҳитнинг барқарорлиги биринчи навбатда зиёли, маърифатли инсонларга боғлиқ бўлиб, улар адашган кимсаларни тўғри йўлга бошлаш, уларнинг хато ва камчиликларини тузатишда ибрат ва намуна бўладилар.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёт оқимлар таъсирига тушган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётган ҳозирги шароитда жамоатчилик вакиллари, олимлар, диний ходимларнинг мазкур йўналишда фаоллик ва жонбозлик кўрсатишлари бундан ўн бир аср муқаддам Ҳаким Термизий таъкидлаган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.