"Манозилул ибод минал ибода" (Мўминларнинг ибодатлардаги даражалари)

"Манозилул ибод минал ибода" (Мўминларнинг ибодатлардаги даражалари)

Китоб муаллифи: Ҳаким Термизий (820-932 йй).

Нашрга тайёрловчи: исломшунос олим Абдуқаҳҳор Шоший.

Китоб ҳажми: 56 бет.

Китобнинг қисқача мазмуни: Китобда Ҳаққа эришиш, комиллик касб этишнинг йўллари ва сир-синоатлари баён этилган. Ҳаким Термизий ибодат манзилларини 7 босқичда тушунтириб берган. Булар: тавба, дунёда зоҳидлик, нафсга қарши туриш, муҳаббат, ҳавои нафсни кесиш, қўрқув ва қурбат манзилларидир.

Аллома ҳар бир манзилнинг хусусияти, талаби ва аҳамиятини баён қилади. Биринчи бобда манзиллар қисқа изоҳларда берилган бўлса, иккинчи бобда кенгроқ шарҳланган.

Ҳаким Термизий манзиллар ҳақида гапирар экан, оят ва ҳадислардан далиллар келтиради. Ишончли воқеа ва ҳодисаларга ишоралар қилади. Ҳар бир далил илм, амал ва ихлос билан ҳаракат қилишга, тўғри бўлишга, мушоҳада юритишга чорлайди.

Биринчи босқичда ҳақиқий мўминнинг сифати қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўз боради. Бу тўғрида Ҳаким Термизий Қуръони каримдан далил келтириб, чин мўминнинг сифати бўйсунувчанлик, хокисорлик, Яратганнинг буйруқларига итоаткорлик эканини қайд этади. Иккинчи босқичда дунёнинг ўткинчи эканлги ҳақида фикр юритилади. Бу фоний дунёда инсон ҳою ҳавасга берилиб, вақтини ўткинчи мол-дунё тўплашга эмас, балки хайрли амаллар, охиратда ас қотадиган савобли ишлар қилиб қолишга ишоралар келтирилади.

Нафснинг душманлиги деб номланган учинчи босқичда нафсга эргашиш сабабли инсон кўплаб талофатларга дуч келиши баён қилинади. "(нафсу) ҳавога эргашиб кетма. Акс ҳолда, у сени Аллоҳ йўлидан оздиради" (Сод сураси, 26-оят) мазмуни очиб берилади.

Тўртинчи босқичда Аллоҳга муҳаббатли бўлган бандаларни Ҳақ таоло ҳам севиши тўғрисида сўз боради. Бундай инсонлар нафсига қарши қаттиқ курашади, унинг тийиқсиз хоҳиш-истакларига берилмайди, мўминларга нисбатан меҳр-шафқатли, камтар бўлади.

Бешинчи босқич ҳою ҳавасдан покланиш тўғрисида бўлиб, бу машаққатли вазифани уддалаган инсонлар жаннат билан мукофотланиши таъкидланади. "Покланиш – Аллоҳдан йироқлашишга ёки У билан банда ўртасида парда тушишига сабаб бўладиган амаллардан холи бўлишдир", - дейди Ҳаким Термизий.

Қалбнинг Аллоҳ нури билан ўраб олиниши ва Унга яқинлик ҳосил бўлишини ҳис этиш билан боғлиқ олтинчи босқичда Ҳақ таолонинг зикри билан банданинг қалбида таскинлик ва хотиржамлик пайдо бўлиши айтилади.

Еттинчи босқичда банда Аллоҳ таолога яқин бўлади. Аллома бу босқичнинг таърифини келтириб, Пайғамбаримиз (а.с.)нинг: "Банда учун мустаҳкам имондан кўра яхшироқ неъмат йўқ", - деган ҳадиси шарифни далил қилиб келтиради.

Китоб ўз нафси ва Ҳақ маърифати ҳақида тафаккур қилишга, ибодатни ихлос билан бажаришга, хайрли йўлни танлашга тарғиб қилади.

"Манозилул ибод минал ибода" асари китобхонга нафсни ислоҳ қилиш йўлларини ўргатади.