"Термизий алломалардан олтин ўгитлар"

"Термизий алломалардан олтин ўгитлар"

Нашрга тайёрловчи: Баҳриддин Парпиев.

Китоб ҳажми: 41 бет.

Китобнинг қисқача мазмуни: Китобда Термиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккир зотлар - Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Бурҳониддин Сирдон Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Хожа Самандар Термизий асарларидан саралаб олинган ҳадислар, ҳикматлар, панд-насиҳатлар ўрин олган.

Ҳар бир аллома ҳикматларига мурожаат қилишдан аввал ўша улуғ зотнинг ҳаёти ва ижодига қисқа таъриф берилган. Ушбу ҳикматлар инсонни ҳалол-пок яшашга, шукроналик кайфиятида, неъматларни қадрлаб ҳаёт кечиришга чақиради.

Жумладан, Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда: "Одамларга шукр қилмаган Аллоҳга ҳам шукр қилмайди", -деган ҳадис келтирилган.

Ҳаким Термизий ҳикматларида нафсни жиловлаш, Ҳаққа ва инсонларга меҳр-муҳаббатни ошириш, маърифат билан Аллоҳни таниш масалаларига эътибор қаратилади. "Маърифат билан Аллоҳни таниш қалбни нурга тўлдиради. Бу нур эса нафснинг оловларини куйдиради", - дейди Ҳаким Термизий.

Бурҳониддин Сирдон Термизий ўгитларида инсонийлик, одоб-ахлоқ, кўнгил поклиги, устоз-шогирд ўртасидаги самимий муносабатлар ёритилган. Аллома: "Муаллим - ойна каби. Сен унга эргаш, унга ўзингни ҳадя эт ва у ҳам сенга ўша қадар илтифот кўрсатади", - дейди.

Хожа Самандар Термизий пандларида эса сабр-қаноат, ватанпарварлик, фидойилик мавзулари очиб берилган. Жумладан:

"Диёрингда ҳеч ким топмас фароғат, Фақат ўзинг учун изласанг роҳат", - дейилади.

Китобда таъкидланганидек, улуғ алломаларимизнинг ҳикматлари билан озиқланган ёшлар одоб-ахлоқли, таълим-тарбияли, она Ватанга муҳаббатли, эл-юртга садоқатли авлод бўлиб вояга етади.